31 август куни терма жамоамиз учун ўта муҳим учрашув бўлиб ўтади. Самвел Бабаян бошчилигидаги футболчиларимиз шу куни 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш доирасида Хитой терма жамоасига қарши ўйнашади. Бу ўйиннинг муҳимлиги шундаки, айни пайтда терма жамоамизнинг тақдири қил устида турибди, аммо қувонарлиси, бу сафар ҳаммаси ўз қўлимизда.
ТАНҚИДДАН ЧЕКИНИШ ВАҚТИ КЕЛДИ
Ҳа, қанчалик ўринли бўлмасин, танқидлардан воз кечиш вақти келди. Айни пайтда терма жамоамизни қўллаб-қувватлашимиз керак. Тўғри, айни дамда Самвел Бабаяннинг фаолиятидан кўнглимиз тўлаётгани йўқ, футболчиларимиз ҳам ҳеч нарсани қойиллатишмаяпти, аммо шундай бўлса-да, ҳозир бизнинг қўллаб-қувватлашимиз футболчиларга далда бўлса, не ажаб. Шу боис бугун фақат танланажак таркибу тактика борасида сўз юритамиз.
ТАРКИБ ҲАҚИДА
Негадир бу сафар ҳам Самвел Бабаян таркиб танлашда терма жамоанинг асосий муаммоларини инобатга олмаган кўринади. Келинг, таркибни дарвоза чизиғидан бошласак. Нестеров, Лобанов, Рибкин — мана, биз фойдаланишимиз мумкин бўлган дарвозабонлар варианти. Мураббийларга Лобанов маъқул, бизга эса Нестеров, бу ўз-ўзидан тушунарли ва эски сценарий. Хўш, Рибкин нега таркибга жалб қилинди? Зуҳуров нега чақирилмади? У жиддий хатога йўл қўймагани аниқ, чунки хатога йўл қўйиш учун аввал майдонга тушиш керак. Ёки жароҳати бормикин? Билмадик. Бу ёғи бизга қоронғи. Хуллас, бу борада мураббийларнинг меҳнат қилгани, аниқроғи, керакли хулоса чиқаргани сезилмабди. Ўша-ўша вариантлар.
Ҳимоячилар рўйхати бу сафар тузукроқ. Ҳар ҳолда Даврон Ҳошимовнинг ўрнида ўйнай оладиган футболчи бор. Бизнингча, Самвел Бабаян ҳимояда