Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Диёрбек Мирзабоев: «Машъал»да професионаллар ишлашади»

Баҳо:
+ | -

“Миллионлар ўйини”да ном қозонган мураббийларнинг аксарияти ўз фаолиятини болалар футболи орқали бошлашган. Лекин ҳамма мутахассислар ҳам ёш футболчилар билан ишлашни хоҳлашмайди. Шундай мураббийлар борки, клубда фаолятини бошлаши билан дарҳол унга керакли бўлган юлдуз футболчиларнинг рўйхатини тақдим этади. Чунки, уларга ёш футболчилардан кўра, тажрибали ўйинчилар билан ишлаш осонроқ-да.

Аммо шундай мураббийлар борки, улар юлдузларсиз яхши жамоани шакллантира олишади. Диёрбек Мирзабоев ҳам шундай мутахассислар сарасига киради. Фарғоналик мураббий фаолияти давомида ёшлар билан ишлаб яхши натижаларга эришган. Айни дамда “Машъал-2” жамоасини бошқараётган 32 ёшли мутахассис биринчи лиганинг энг ёш мураббийи бўлиб турибди. Муборакликлар ҳам мавсумни ёмон ўтказишаётгани йўқ.
Диёрбек Мирзабоевнинг Фарғонага келганидан унумли фойдаланиб у билан қисқача суҳбатлашдик.

—  Диёрбек, Фарғонада яхши бир жамоани шакллантириб, уни вилоят чемпиони қилганингиз ва бир қатор совринларни қўлга киритганингизни биламиз. Жорий мавсумда эса “Машъал-2”да иш бошладингиз. Муборакка бориш тарихи билан ўртоқлашсангиз?
—  Мавсум бошида “Машъал-2”дан таклиф тушди. Улар маълум вақт менинг фаолиятимни ўрганишган экан. Клуб раҳбарияти, хусусан, жамоа бошлиғи Илҳом Қурбоновнинг ўзи мени жамоага таклиф этди. Шу тариқа, “Машъал-2”да иш бошладим. Кези келганда шуни айтишим жоизки, клуб раҳбарияти менга катта ишонч билдиргани учун улардан миннатдорман. Биринчи лиганинг энг ёш мураббийи бўлишимга қарамай, клуб раҳбарияти менга ишонч билдириб, мени қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

—  “Машъал-2”да қисқа фаолиятингиз ҳақида гапириб ўтсангиз?
—  Аввало шу таъкидлашни истардимки, мен профессионал мураббий сифатида бор кучимни “Машъал”га беришга тайёрман. Мен жамоанинг ҳақиқий мухлисман. Унинг ғалабаларидан хурсанд бўламан.

“Машъал-2” ҳақида гапирадиган бўлсам, бу ерда аҳил бир жамоа шаклланган. Жамоанинг асл мақсади – “Машъал”нинг Олий лига ва ўринбосарлари, шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаларига футболчи етказиб беришдир.

“Машъал” клубининг академияси мамлакатимизда ўз номига эга десам муболаға бўлмайди. Лутфулла Тўраев, Фозил Мусаев, Санжар Қувватов, Сардор Раҳмонов, Шаҳзод Шайманов каби Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган футболчилари айнан мана шу даргоҳда таҳсил олишган. Бундан кейин ҳам бу ердан юлдуз футболчилар етишиб чиқишига ишонаман.

Тўғри футболда натижа ҳам керак. Айниқса ёш футболчиларда айнан шу ғалабалар орқали ўзига бўлган ишонч ортиб боради.

—  Сиз биринчи лиганинг энг ёш мураббийи бўлиб турибсиз. Биринчи лига борасида қандай фикрларни билдира оласиз.
—  Биринчи лига ўйинлари шиддатли тарзда кечиши ҳаммага аён. Айниқса, жорий мавсумда Олий лига йўлланмаси учун кураш жуда қизғин кечмоқда. Жамоамиз ҳам мусобақада имкон қадар яхши натижа қайд этишга ҳаракат қилмоқда.
Менга академиянинг тажрибали мутахассислари Дилшод Андаев ва Зоир Тўрақуловлар ёрдам бериш келишмоқда. Биз барчамиз бир жамоа сифатида ўзбек футболида янги юлдузларни кашф этиш борасида енг шимариб ишга киришганмиз. Бу борада бизда барча шароитлар етарли.

—  “Машъал” бош мураббийи Александр Хомяков сизларнинг машғулотларингизни кўзатиб борадими?
—  Юқорида айтиб ўтганимдек, бизнинг асосий мақсадимиз – “Машъал”га футболчи етказиб боришдир. Шундай экан,  Александр Хомяков жамоамизга бефарқ эмас. Ўз навбатида биз ҳам  “Машъал” бош мураббийи билан маслаҳатлашган ҳолда фаолият олиб борамиз. Ўйинчиларимизни ушбу мураббий фалсафасига мос равишда тарбиялаб борамиз.
Яна бир гап “Машъал”да ҳамма ўз ишининг профессионалидир. Шофёрдан тортиб клуб раҳбарларига қадар. Барча— барча ўз ишининг ўстаси.  

—  Тан олиш лозим, сиз ёш футболчилар билан ишлаб яхши натижаларга эришгансиз. Лекин ҳамма мураббий ҳам ёшлар билан шуғулланишни хоҳламайди.
—  Ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек менга ёшлар билан ишлаш ёқади. Айримлар юлдуз футболчилар билан ишлаш осонроқ дейишади. Менда эса бунинг акси. “Машъал-2”нинг фалсафаси менга жуда мос келади. “Машъал-2”дан бўлажак юлдузларининг порлаб чиқишини истайман ва бу борда тинимсиз меҳнат қилишга тайёрман.

Муаллифдан
Айни дамга келиб, Диёрбек Мирзабоевнинг кўплаб шогирдлари Олий ва ёшлар лигасида тўп сураётганини айтиш ўринли. Масалан, “Нефтчи” сафида тўп сураётган Хуршид Асқаралиев, Ислом Тошпўлатов, Иброҳим Нўъмонов, Эломон Каримов,  Миржамол Неъматов, Шодиёр Хожиматов шулар жумласидандир.
Бундан бир неча йил олдин Диёрбек Мирзабоев “ФарДУ— Футбол инфо” жамоаси билан юқори натижаларга эришган.

Маълумот учун:
Диёрбек Мирзабоев 1985 йил 16 май куни Фарғона шаҳрида таваллуд топган. Фарғона футбол интернатида тарбияланувчиси.

Футболчилик фаолияти давомида
2002 йил “Цементчи” футбол клубида ўзининг дебют  ўйинини ўтказган
2004— 2005 йилларда “Пахтакор” ўринбосарлари сафида тўп сурган.
2006— 2007 йиллар “НБУ— Осиё” сафида фаолиятини давом эттирган ва 2008 йил “Шаҳрихон”клубида ўйнаган.

Мураббийлик фаолияти:
2009— 2014 йилларда Фарғона футбол мактибида мураббий бўлиб ишлаган.
2013— 2015 йиллар давомида “ФарДУ— Футбол инфо” жамоасида бош мураббий бўлган. Шунингдек, “Нефтчи” ўринбосарларида ҳам ишлаган.
2016 йилда “Рошидон ФК” клубини бошқарган.

Эришган ютуқлари
2015 йил – “ФарДУ—  Футбол инфо” жамоаси билан Фарғона вилояти чемпиони, вилоят кубоги соҳибига айланган.

Аброр Деҳқонов суҳбатлашди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 10:31, 25.08.2017.
Ўқилди: 2799 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.