Франция терма жамоаси устози Диде Дешамнинг саралаш ўйинларига таклиф қилган футболчилар рўйхати баъзиларни хурсанд қилган бўлса, баъзиларини хафа қилгани аниқ. France Football нашри ушбу рўйхатга таяниб, омадли ва омадсиз футболчиларни тузиб чиқди.
Омадлилар:
Набил Фекир (“Лион”)
Терма жамоа либосида охирги марта тўққиз ой олдин майдонга тушган футболчининг қайтиши кутилган эди. Ёз бошида клуб сардорига айланган, “Лион”нинг етакчи ўйинчиси мавсум дебютини кўтаринки кайфиятда бошлади. Уч гол ва бир голли узатмага эга Набил Фекир қайтадан “Лион” ҳужум чизиғининг етакчисига айланди. Миллий терма жамоада эса у ҳозирча афзалликларга эга: Диде Дешам ҳужум чизиғида айни пайтда ундай иқтидорли бошқа ҳужумчига эга эмас.
Кингсли Коман (”Бавария”)
Коман анча пайтдан буён унутилиб келинаётган эди. Охирги марта терма жамоа сафига ўтган йилнинг октябрьида чақирилган эди. Терма жамоа либосида эса охирги марта ўтган йилнинг 10 июльида “Евро-2016” финалида майдонга тушган эди. Сўнгра жароҳатлар гирдобига тушиб қолган 21 ёшли футболчи ўтган мавсумни бир текисда ўтказа олмади. Бироқ “Бавария”нинг қанот ҳужумчиси секинлик билан бўлсада, ўз ўйинини қайта топиб олди. Ёзги мавсумолди машғулотларда яхши тайёргарликдан ўтган Коман Бундеслиганинг очилиш ўйинида иштирок этди. Унинг позициясидаги юқори рақобатни ҳисобга олганда, Коман термада жокер вазифасини бажариши мумкин.
Стив Манданда (”Марсел”)
Ёзги мавсум оралиғида Францияга, аниқроғи қадрдон жамоаси “Марсел”га қайтган 32 ёшли дарвозабон “Кристал Пелас”даги бир йиллик омадсиз иаҳтирокидан сўнг яна терма жамоага қайтди. Манданда охирги марта ўтган йилнинг ноябрь ойида терма жамоага чақирилган эди. Уго Лёриснинг кучли рақобатига чидаб ўрганган Манданда терма жамоада яна 2- рақамли дарвозабон вазифасини ўташи ҳаммага бирдай маълум. Бироқ, «ПСЖ»нинг кучайиб бораётган дарвозабони Алфонс Ареола билан рақобатда ютиб чиқиши керак бўлади.
Преснел Кимпембе (”ПСЖ”)
Унинг қайта таркибда бўлишидан ҳайратланиш шарт эмас. 22 ёшли ҳимоячи аллақачон терма жамоада ўз ўрнини топиб олган. Ўтган йилнинг октябрь ойида терма жамоа сафида дебютини ўтказган марказий ҳимоячи ўшандан буён фақат бир марта терма жамоа йиғинини ўтказиб юборди. У ҳам бўлса Франция ўсмирлар терма жамоасидаги иштироки сабабли. «ПСЖ»нинг ёш ва иқтидорли аъзоси ҳали бери асосий таркиб ўйинчиси бўла олмайди. Боиси Варан – Коселни ҳимоя жуфтлиги анча мустаҳкам кўриниш олган. Бироқ, яқин келажакда унинг ҳам даври келиши кутилмоқда.
Омадсизлар:
Антони Марсял (”Манчестер Юнайтед”)
Мавсум дебютидаги ишончли ўйинларига қарамай, Марсял бу сафар четда қолиб кетди. Ҳужумчи охирги марта 2016 йил 10 октябрьида Голландия термасига қарши терма жамоа сафида майдонга тушган эди. Бу сафар бош мураббий Марсялнинг ўрнига Команни афзал кўрди.
Бенуа Костил (”Бордо”)
У ёки Ареола! Бош мураббий олдида 3 рақамли дарвозабон масаласида юқоридаги танлов бор эди. Стив Манданданинг Францияга қайтиши Костил ва Ареоланинг ишини қийинлаштириб юборди. Ҳозирча ДД (Диде Дешам) «ПСЖ» вакилини танлади. Агарда Ареола ўтган мавсумдаги каби нотекис мавсумни ўтказадиган бўлса, Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида Костилнинг ўйнаши эҳтимоли юқорироқ.
Мусса Сиссоко (”Тоттенхем”)
Мусса Сиссоко Дешам жамоасидаги ўрни мустаҳкам эмасди. «Тақачилар» аъзоси Премер Лиганинг дастлабки икки турида майдонга тушганига қарамай, ўтган йилги мавсумни деярли ўтказиб юборди. Унга ўз ўйинини қайта топиб олиши талаб этилади. Фақат “Тоттенхем”да эмас.
Усмон Дембеле (”Боруссия Дортмунд”)
Машғулотлар, мусобақаларда иштирок этмаяпсанми, демак терма жамоа эшиклари ҳам ёпиқ. Бу таъриф айнан Дембелега тегишли. Мантиқан, Дешам Усмонни танламасликка қарор қилди. “Боруссия Дортмунд” аъзоси “Барселона”га кўчиб ўтиши чўзилаётганлиги боис, жамоадошлари билан биргаликда машғулотлар ўташдан бош тортиб юрибди. Бу сафарги терма жамоа ўйинларида иштирок этмайдиган Дембеле яшил майдонга қайтгач барчаси изига тушиб кетиши аниқ.