Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Тарих

Баҳо:
+ | -

“2006 йил бошқача бўлган ўзи. Италия терма жамоаси жаҳон чемпиони бўлган эса-да, Аппенин ярим ороли ичкарисида келишилган ўйинлар можароси даҳшатли кўринишга келиб улгурганди. Можаро бошида “Ювентус” турарди. Туринликларга берилган жазо шу қадар оғир бўлдики, бу муносабатни кўрганлар беихтиёр Габриэль Маркеснинг “Улуғ Она жанозаси” ҳикоясидаги Онани кўмиш маросимини эслаб юборишди. Эслатиб ўтаман қиссани:

Маконда халқи Онани катта дабдаба остида кўмарди. Ёлғондан йиғларди ҳамма. Чунки Онанинг мероси уларга қолаётган эди. “У энди қайтиб келмайди, - дерди одамлар. – Қайтмайдиган одамни кўпроқ эъзозлаш керак, илло бу амал билан унинг обрўси ошса ҳам, бу бизга зарарсиздир. Аксига олиб, Онанинг бор мероси бизга насиб этгач, унга умрбод ода айтиб ўтсак ҳам бўлаверади!”

2006 йилги “Ювентус”ни Италия аҳли шундай кузатиб қўйди. Турин суперклубига ўта қаттиқ жазо тайинланишидан бошқалар хурсанд эдилар. У элита сафига жуда узоқ даврлар қайта олмаса керак, дерди ҳамма. Буёғига “Интер” ва “Рома”ларнинг куни туғди, деб ўйларди ҳамма. Аммо... Буюк Она жуда тез қайтди. Кунларнинг бирида “Макондо аҳли” ўрнидан уйғонадию, бор меросини халққа ташлаб кетган Она тўрвахалтасини кўтарганча уларга қараб кулиб тургандек бўлади. Тамом, ҳамманг тарқал, жаноза бекор қилинади!

Тарихан буюк жамоаларнинг фақат ўзигагина хос бўлган қандайдир сифати бўлади, ҳеч сезганмисиз? Кимгадир асрлар давомидаги барқарорлик, кимгадир ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳужумкорлик позицияси, кимгадир иродали футбол, кимгадир эса ҳеч қачон таслим бўлмаслик сифати... Айнан шу сифат билангина эсга олинадиган бўлиб қолади ўша жамоалар. Ҳозирги мавзу бошқа клубларга алоқаси бўлмагани учун “Ювентус”нинг ўзи ҳақида гапира қолай, а?!

“Эски синьора”даги буюклик жиҳатларини мен СИНМАСЛИК сифатида кўраман. Тарихан салоҳиятли бўлган Турин клуби шу сифат билан намоён бўлаверади кўз ўнгимда. Сувга ташласа, титилиб кетган парлардан бирлашиб пайдо бўладиган махлуққа, ўтга ташласа, тутунлардан яна зебрага айланиб оладиган жонзотга ўхшатавераман “Юве”ни. Чоҳга улоқтирса ҳам, йиллаб ярасини даволайдиган ва муҳим жанг олдидан ўрмонга қайтадиган рембосифат клуб тимсолида кўраман уни. Ҳар доим. Таниганимдан буён. Қизиғи, бу сафар ҳам шундай бўлди. Фильмнинг нечанчидир қисмида такрорланаётгандек, давоми яна ўша услубда ишлангандек туюлди менга.

Икки йил олдинги мавсумни эсланг. Даҳшатли чемпионликдан барчанинг хабари бор, албатта?! Бу чемпионлик олдингиларидан шу қадар жиддий фарқ қиладики, бунисидаги жозиба ва кулминацион нуқта бутун Европани шошириб қўйди. Жамоа мавсумни шармандаларча бошлаган, биринчи давра ўрталарида турнир жадвалининг охирларида борган, пешқадамлардан 15 очколаб ортда кетаётган ҳолидан бошланган юришнинг интихоси бўлди бу финиш!!!

Ўзига келиб олиш билан тезлик олган “Юве” шу кунгача тўхташ нималигини билмади. Ёввойи шиддат ила ўзидан тепада турганларга қараб ҳам ўтирмади. Тепага қараб учаверди, учаверди...

... Пастдан “эски синьора” келаётганини кўриб, қайтанга “наполи”ю, “рома”лар довдирашга тушди.

... Шундоқ пастга қараганда “Юве”ни кўрган “интер”лар дудуқланишга ўтдилар.

... Аллегри жамоаси эса, ердан оловли шарчада кўтарилган ва узоқ сайёралардан бирига байроқ тикишга учиб кетаётган мультфильм қаҳрамонини ёдга солардики, бу учишни охиригача кўриш ҳаммага завқли эди. Ўтган ҳафта ўша байроқча “скудетто” деган сайёрачага михлаб, болтлари билан бураб ташлаб, ўрнатилди!

Ҳар бир мамлакатнинг икки хил “халқ жамоаси” бўлади. Бири, чет элликлар учун юртнинг юзи вазифасини бажарса, иккинчиси, миллий футбол менталитетининг шаклланишига асос бўлади. “Ювентус” Италия футболининг фитратини белгилаб берувчи клуб ҳисобланади. А серия жамоаларига қараганда кўпроқ мамлакат терма жамоасига ўхшайдиган клуб! Аниқроғи, “скуадро адзурра”нинг ядроси. Европа майдонларидаги натижаларидан кўра, мамлакат ичкарисидаги кўрсаткичлари яхшироқ. Асосий эътибор қайси томонга қараб кетганини кўрсатади энг муҳим жиҳат бу...

Ва қизиқ томони шуки, “Юве”нинг натижалари ҳам, ўйинлари ҳам, кўрсатадиган хунарлари ҳам мовий гвардиячиларнинг ўзгинаси. Чемпионликни ҳам бошқаларга имкониятлар бериб нишонлашию, исталган турнирни қандайдир ғайритабиий ҳолатлар билан тарк этишларигача ўхшайди. Мамлакат терма жамоаси катта натижаларни қўлга киритган даврларида ҳам айнан шу клуб вакиллари терманинг асосини ташкил этганини айтмай қўя қолай.

“Ювентус” ўтган йили ҳам ёмон ўйнамади, айнан яқинда тугаган мавсумдагисини нима учун кўп таъкидлаяпсан, десангиз, айтаманки, ўтган йили ҳали буткул пишиб етилмаган ТИРИЛИШ эди. ЕЧЛ финали ва бу йилги ишончли ўйинлар асосидаги чемпионлик “Юве”ни росмана эски ҳолига қайтара олди, дейишимизга ёрдам беради. Биз билган “Ювентус” мана шу! У ростан қайтди! Бутунлай!

Аслини олганда, ҳозирги “Ювентус”нинг қайта тирилиши Турин аҳлинигина эмас, итальян халқини ҳам шодлантириши керак. Римлик болакайлар ҳам ичида хурсанд бўлишлари лозимки, Италия терма жамоасига бўладиган таъсир айнан Европа чемпионатидан олдин бу мамлакатга жуда ҳам даркор эди. Қаранг, қанча жамоалар тирилиб келишяпти унинг ортидан. Қаранг, қанча курашлар ваъда бермоқда А серия. Қаранг “Милан”га, ўша биз соғинган “Милан”га, бошқача бўлиб қолмадими у ҳам?!”

Бу фикрлар менинг миямда ғужғон ўйнаётган санани айтаман сизга: 2017 йилнинг 19 август куни, соат 21:02га тўғри келади. Бу пайтда мен Италия А серияси янги мавсумини бошлаб берган “Ювентус” – “Кальяри” жамоалари ўртасидаги ўйинни шарҳлашга киришган эдим. 11 йиллик танаффусдан сўнг, аниқроғи 2006 йилдан буён илк бора “Спорт” телеканали орқали шарҳлаётган эдим. Эҳ, “Ювентус”, ҳаёт ҳам эгнингдаги рангларга ўхшайди – алмашиб-алмашиб келаверади.

Хайрулла Ҳамидов,
«Эрудит спорт» газетасининг 24 август сонидан олинди.

Манба: erudit-sport.uz
Киритилди: 11:36, 26.08.2017.
Ўқилди: 9368 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.