Англия FA симуляциларга барҳам бериш мақсадида айёр футбочиларни жазолашга қарор қилди. Бир қарашда ўринли қарор - ғирромлик ёрдамида мақсадга эришмоқчи бўлган футболчи жазога лойиқ.
Иккинчи томондан, жабрдийда жамоа учун бу чорадан ҳеч қандай манфаат йўқ. Яъни, симуляция эвазига ишланган пенальтидан урилган гол бекор қилинмайди. Бу эса тўйдан кейин чалинган ноғорадек гап.
Тўғри, ҳар бир симуляция соҳибининг бу қилмиши учун иккита ўйиндан четлатилиши масаласи ҳозирча махсус комиссия тасдиғидан ўтганича йўқ. Агар у кучга кирса, дастлаб чемпионшип беллашувларида татбиқ этилади. Масаланинг нозик жиҳати шундаки, жазо муайян ҳолатларда, қайсидир футболчининг ноҳақ майдондан четлатилиши ёки асоссиз пенальти белгилангани маълум бўлганидан кейин қўлланилади. Мана шу жиҳат баҳсли вазиятларни юзага келтиради. Хатоликлардан мутлақо фориғ бўлишнинг иложи йўқлиги янада қизғинроқ баҳсларга сабаб бўлди. Албатта, симуляция ижрочилари ҳеч кимга ёқмайдилар, ўзимизникилар уялтириб қўйишади, рақибларимизни эса ҳақоратларга кўмиб ташлаймиз. Шунингдек, ўйин қоидаси бузилганлигини аниқлашда хатога йўл қўйиб, асоссиз пенальти белгилаган ёки қизил карточка билан «сийлаган» ҳакамга раҳмат айтадиган мухлисга ҳозиргача дуч келганимизча йўқ. Футбол эса икки томоннинг қарама-қаршилигига асослангани боис, баҳсли вазиятлардан иборат. Деярли ҳар бир вазиятни икки хил баҳолаш мумкин. Боз устига, мухлислар босими ўз таъсирини ўтказаётган паллада. Албатта, жарима майдончаси ичида рақиб ўйинчиси йиқилса, бу шубҳасиз симуляция оқибати. Бордию, ўзимизникилар шу манзарани такрорлашса, ҳакам эътиборсиз қолдирса, дарҳол шовқин кўтарилади. Дарҳақиқат, симуляциячиларни жазолашга қарор қилишгани адолатли амал. Аммо у кескин зиддиятларга олиб келиши ҳеч кимга керак бўлмаган ортиқча бош оғриғи. Видеотакрорлар ҳам айрим ҳолларда ҳақиқатни юзага чиқаришга ожизлик қилади. Балки пенальтининг асоссиз эканлиги исботланган тақдирда голни бекор қилиш ёки ўйинни қайта ўтказиш керакдир? Голни урган жамоага эмас, балки мағлубиятга учраган жамоа ҳисобига ёзиш тўғрироқ бўлар? Йўқ, бунинг иложи йўқ. Ҳатто бу чемпионлик тақдирини ҳал қиладиган беллашувда юз берган бўлса ҳам. Тўғри-да, пенальтидан ғалаба тўпини дарвозага йўллаган муғомбирнинг янги мавсумнинг дастлабки иккита учрашувида майдонга тушолмаслиги мағлуб жамоага қандай манфаат бериши мумкин? Жазо қилмишга яраша эмас.
Шубҳа, йўқки, симуляция - муттаҳамлар қуроли. Футболда бу қуролдан фойдаланадиган ўйинчилар етарли. Масалан, рақиб ҳужумчисини астагина қулатиб жазосиз қоладиган ҳимоячилар, артистларга хос йиқилишлар эвазига пенальти ишлайдиган «актёрлар». Афсуски, кейинчалик видеотакрорлар ёрдамида аниқланган айбдорларни ФАдагилар кам ҳолатларда жазолашади. Ваҳоланки, ўша муғомбирлик, кўпчилик ҳолларда ғолиблик тақдирини ўзгартириб юборади. Ҳа, адолат тантанасини ҳаммамиз истаймиз. Аммо яратилган қонун-қоидаларда камчиликлар кўп - айёрликни амалга оширган футболчини жазолаш мумкин. Лекин жабрдийдага етказилган зарарни қоплаш ҳеч кимнинг эсига келмайди. Адолатпарварлик борасидаги изланишлар охир-оқибат футболни «соф вақт» тизимига олиб келиши мумкин: «Ҳар бир баҳсли вазиятда ўйин тўхтатилиб, қоидабузар жазосини олади. Лекин бу усул ҳам ғирромлик, айёрлик ва муттаҳамликдан тўла-тўкис халос бўлиш имконини бермайди. Қолаверса, футбол - кескин қарама-қаршиликлар остида ўтадиган, қувончли, аламли, ҳайратланарли ҳодисаларга бой ўйин. Шунингдек, айрим адолатсизликларга ҳам. Уни оташин учқуни, турли симуляциялар, қўполликлар, фантастик голлар, қабиҳ «подкатлар», мағлубиятлардаги аламли ва зафар онларидаги қувончли кўз ёшлари учун севамиз». Дисквалификация хусусидаги хабарни эса бир кундан кейин газета саҳифаларида ўқиймиз. Борди-ю, янгилик татбиқ этилган тақдирда нафақат Серхио Бускетс, Давид Луиз ва Эшли Янг, балки барча қоидабузарлар жазоланишлари аниқ, жазо ҳеч қачон барчани бирдек қониқтирадиган мукаммалликка кўтарилмаган. Яна баҳс, мунозара... Насиб этса, сизу биз ҳам бироз ўзгачароқ манзаранинг гувоҳига айланишимиз мумкин. Яъни, симуляция ихлосмандлари энди ўз маҳоратларини жарима майдончаси ичида эмас, балки узоқроқда намойиш эта бошлайдилар. Майдонча ташқарисидаги қоидабузарлик нари борса сариқ карточка билан жазоланади. Эвазига жамоа стандарт вазиятдан гол уриш имкониятига эга бўлади. Қисқаси, муғомбир симуляциячи ўйин қоидаларининг нозик жиҳатларидан самарали фойдаланиш йўлларини қидиради.
ФА эса адолат тантанаси йўлидаги изланишларида давом этади: «Симуляция ортидан онгли равишда ўйин вақтини чўзганлиги учун жазо белгиланса, ажабланмаймиз». Айниқса, қайсидир жамоа кичик ҳисобда ғалаба қозонаётган учрашувларда.