ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 9-туридан ўрин олган Хитой – Ўзбекистон (1:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон термаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Қийин ўйин ўтказдик ва афсуски, мағлубиятга учрадик. Бугун омад биздан юз ўгирди, омад рақиб томонда бўлди. Бугунги ўйин учун барча футболчиларга раҳмат айтаман, улар майдонда бор кучини берди. Афсуски, ўйин якунланиб бораётганда дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Бундан натижага лойиқ эмасдик. Ўйин якунида Марчелло Липпига омад уларга кулиб боққанини айтдим. Қайтариб айтаман, мағлубиятга лойиқ эмасдик.
Рақибни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтишим керакки, Тошкентда бўлгани каби бу ерда ҳам ғалаба қозонишимиз керак эди. Аммо бир қанча имкониятлардан фойдалана олмадик.
Биринчи навбатда Хитой билан ўйинни хотиржамлик билан ўрганиб чиқишимиз керак. Шундан кейин Жанубий Кореяга қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун имконият сақланиб қолди. Барчаси Тошкентда, Жанубий Кореяга қарши ўйинда ҳал бўлади”, – деди Самвел Бабаян.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 5 сентябрь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Жанубий Кореяга қарши баҳс олиб боради.