Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Баҳодир Насимов: «Ўзбекистон ЖЧ-2018га чиқишига ишонгандим»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 финал босқичига чиқа олмади. Самвел Бабаян ва унинг шогирдлари мундиалга чиқиш учун берилган сўнгги имкониятдан ҳам фойдалана билишмади.

«Бунёдкор» стадионида кечган ўйиндаги биргина ғалаба бизга жаҳон чемпионати эшикларини очар эди. Минг афсуски, армонларимиз рўёби ҳақида қайғуриш яна тўрт йил кейинга сурилди.

Биз ҳал қилувчи босқич ўйинларида мураббийга ёлчимадик. Ишончимиз комил, тажрибали мураббий бўлганида, терма жамоамиз албатта Россияга бориш масаласини ижобий ҳал қиларди. Бабаянга нисбатан мураббий жумласини ишлата олмаймиз.

Буни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз. Бу борада кўплаб мисолларни келтириш мумкин, лекин энди бундан не наф? Поезд Россия томон кетиб бўлди. Гуруҳимиздан Эрон ва Жанубий Корея терма жамоалари мундиал чиптасини қўлга киритишди.

Сурия эса ўз омадини «плей-офф» босқичларида синаб кўради. Бир неча йилдан бери уруш исканжасида бўлган Сурия асосий вазифани бажариб бўлди. Энди ҳар бир эришилинадиган муваффақият мамлакат футболи учун тарихнинг янгиланишига айланаверади.

Биз эса тез орада ЎФФда бўладиган кескин ўзгаришларнинг амалга ошишини кутиб қоламиз. Жанубий Кореяга қарши кечган учрашувдан сўнг айнан Корея чемпионатида тўп сураётган терма жамоамизнинг кенгайтирилган таркибига номзод ҳужумчи Баҳодир Насимовдан интервью олдик.

- Баҳодир, аввало Уханда кечган Хитой - Ўзбекистон ўйини ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Мағлубиятимиз билан якунланган учрашув ҳақида хулосаларингиз қандай бўлганди?

- Афсуски, ўша ўйинни кўра олмадим. Боиси, бу учрашувни Корея ҳудудида намойиш этишмади. Фақат ўйиндан кейин учрашувнинг энг қизиқарли вазиятлари жам бўлган видео роликни томоша қилдим. Футболчиларимиз ўзлари юзага келтирган кўплаб голли вазиятларни кўкка совуришди ва буни кўриб, очиғи жуда ҳафсалам пир бўлди. Одатда вазиятлардан фойдалана олмаслик - бу рақиб жамоанинг якунда жазолаши билан якунланарди. Бизнинг ўйинимизда ҳам худди шундай ҳолат рўй берди. Аслида бу биз учун сабоқ бўлиши шарт эди. Агар Игорь Сергеевнинг ўзи ўша вазиятда дарвозани ишғол қилганида ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйган бўларди. Ҳатто йирик ҳисобда ҳам ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Мабодо, худди шундай вазиятлар Эрон ёки Сурияга қарши кечган ўйинларда юзага келганида, биз меҳмондан ғалаба билан қайтган бўлардик. Лекин Эрон ва Малайзияда кечган ўйинларда деярли вазиятларга эга бўлмагандик. Сўнгги дақиқаларда дарвозамизга белгиланган пенальти ҳам жуда шубҳали эди. Ҳакам худди футболчи йиқилишини кутиб тургандек ҳуштагини чалиб, 11 метрли нуқтани кўрсатди. Бошқа томондан, бу биз учун баҳона бўла олмайди. Футболчиларимиз пенальти белгилангунига қадар ўйин тақдирини ҳал қилиб қў­йишлари керак эди. Шунда ҳакамларга иш қолмасди. Мағлубиятга ўзимиз айбдормиз. Айнан ўша ўйинда йўқотилган қимматли очколар ҳозир бизга жуда ҳам асқотарди.

- Аввалги суҳбатларимизнинг бирида кореялик футболчилар билан гаров боғладим, деб айтгандингиз. Афсуски, терма жамоамиз қатори сиз ҳам бу гаровда ютқаздингиз...

- Ҳа, афсус шундай бўлиб қолди. Мен Жанубий Корея терма жамоасининг ЖЧ-2018 финал босқичига чиқишига ишонмагандим. Аксинча, миллий терма жамоамиз бир неча йиллик нохуш анъанага чек қўйиб, мундиал чиптасини қўлга киритишига астойдил ишонгандим. Начора, шунақаси ҳам бўлиб турар экан.

- Терма жамоага номзод ҳужумчи сифатида ҳужумчиларимизнинг Хитой ва Жанубий Корея билан бўлиб ўтган ўйинлардаги хатти-ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?

- Хитой билан ўйинда Игорь Сергеевда битта юз фоизли имконият юзага келганди. Афсуски, у бу совғадан фойдана олмади. Агар ўша вазиятда совуққонлик билан дарвозани ишғол қилганида, ҳозиргидек таъна-дашномлар исканжасида қолиб кетмасди. Мухлислар у ҳақида умуман бошқача фикр билдиришаётган бўларди. Аммо бу футбол, унда ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин. Жанубий Корея билан кечган учрашувда у рақиб дарвозаси томон умуман хавф солмади. Александр Гейнрих ҳақида тайинли фикр билдира олмайман. Хитой билан ўйинда ўзини кўрсатиш учун унда вақт кам бўлди. Кореяга қарши баҳсда эса у кўринмади ҳисоб.

- Таркиб борасида шахсий фикрингиз қандай? У тўғри танланганми?

- Таркибга ҳам, ўйиннинг натижасига ҳам бош мураббий жавоб беради. Шундай экан, мураббий қандай таркибни туширишни ўзи ҳал қилди. У футболчиларнинг ҳолатини яхшироқ билади. Шахсий фикрим, бугунги кунда терма жамоада ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчилар ўйнаши шарт эди. Хитой билан ўйинда таркиб масаласида баҳс юритса бўладиган ҳолатлар кузатилди. Ўйин амалиёти жуда кам бўлган футболчиларга ишонч билдирилди. Аксинча, кучли чемпионатда тўлиқ 90 дақиқа ўйнаётганлар захирада қолиб кетди. Мураббийлар Игорь Сергеевга 5-6та ўйиндан бери имконият беришяпти ва унга ишонишяпти. Лекин у бунга муносиб жавоб қайтара олдими? Нима учун, бундай вазиятда Темурхўжа Абдухолиқовга имконият тақдим этилмади? Иккала ўйинда ҳам Темурхўжа захирада олиб қолинди. Начора, энди терма жамоанинг аксарият футболчилари фаолиятларига якун ясашади. Янги ЎФФ раҳбарияти кейинчалик тайинлайдиган мураббийлар штаби ёшартирилган таркибни шакллантириб, асосий эътиборни БААда ўтадиган Осиё кубоги-2019 мусобақасига қаратади. Энг муҳими, мураббий танловида адашилмаса бўлгани.

- Энди бу ҳақда гапиришнинг мавриди бўлмаса керак. Шундай бўлсада сўраймиз, ҳозирги Жанубий Корея аввалги саралашлардаги терма жамоадан заифроқ кўрин­япти. Бу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа, Ж.Корея аввалгидек кучли жамоа эмас. Лекин ана шу ўйини билан ҳам мундиал чиптасини нақд қилди. Янги тайинланган бош мураббийи иккита ўйинда нурсиз дурангга эришиб, жамоасини мундиалга олиб чиқди. Мураббий омадли ҳам бўлиши керак. Мен Жанубий Корея терма жамоасининг ўз майдонида ўтказган 3та ўйинини ҳамда Дохада Қатарга қарши кечган учрашувини кўргандим. Ишонинг, ҳозирги Ж.Корея аввалгидек кучли эмас эди.

 

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:52, 09.09.2017.
Ўқилди: 6231 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.