«Ахмат»нинг бразилиялик футболчиси Леонардо Лима мавсум бошидан буён барча ўйинларда иштирок этаётганди. Аммо ЦСКАга қарши учрашувда футболчи ҳаттоки, «заявка»га ҳам киритилмади.
Учрашувдан сўнг «Советский спорт» нашри футболчи билан суҳбат уюштирди. Эслатиб ўтамиз, москваликлар билан бўлган ўйинда Грозний клуби кичик ҳисобда ғалаба қозонди.
- Лео, нима учун ўйнамадингиз?
- Олдинги ўйинда жароҳат олгандим. Энди «Локомотив»га қарши учрашувда майдонга тушаман.
- «Арсенал» билан учрашувда пенальтини аниқ амалга ошира олмадингиз, бирга-бир вазиятдан фойдаланмадингиз. Сиз учун даҳшатли ўйинми бу?
- Жуда қайғурдим. Мендан умуман бошқача ўйин кутишларини биламан. Жамоадошларим менга ишонишади. Шунингдек, жамоамизнинг яхши натижалар қайд эта олишига ҳам. Шундай экан, хотиржамман. Терма жамоалар ўйинлари туфайли юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, ҳордиқ чиқариб олмоқчиман. Беш кун бўшмиз. Кейин «Локомотив»га қарши оғир ўйин ўтказамиз.
- Беш кунни қаерда ўтказасиз? Грознийда бўлмаса керак?
- Йўқ. «Ахмат»нинг барча бразилияликлари оилаларимиз билан Дубайга борамиз.
- ЦСКАга қарши ўйинни захира ўриндиғидан кузатиш қанчалик қийин бўлди?
- Ҳа. Рақиб бутун ўйин давомида нафас олишга қўймади. ЦСКА яхши жамоа. Бизни биринчидан сўнгги дақиқагача прессинг қилишди. Шунга қарамай, «Ахмат» гол уриб, ғалабани илиб кетди.
- ЦСКА устози ҳакамларни танқид қилди. Жамоангиз ўйин охирида вақтни чўзди, Исмаэл майдонда кўп ётди. Бунга нима дейсиз?
- Ҳакам ҳам оддий инсон. У хато қилиши мумкин. Ҳаммасини ҳакамларга ағдаравериш ярамайди. Ўйин анча тезкор бўлди. Мураббийимиз барча учта алмаштиришдан фойдаланди. Жароҳатидан энди фориғ бўлиб майдонга қайтган Исмаэл баҳс охирида чарчаб қолди. Оёғида оғриқ сезгани учун ётиб олди.
- Учрашувдан сўнг ЦСКАнинг бразилияликлари билан гаплашмадингизми? Витиньо мағлубиятдан жуда қайғуда эди.
- Йўқ. Гарчи таниш бўлсакда, гаплашишнинг иложи бўлмади. Лекин майдонда барчамиз ўз жамоамиз учун курашамиз.
- «Ахмат» қаторасига тўртта ўйинда мағлубиятга учради. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Биз ҳам ҳайрон қолдик. Бундай мазмунсиз ўйинлар туфайли ўз-ўзимизни танқид қилдик. Ваҳоланки, чемпионатни ажойиб тарзда бошлагандик. Хайриятки, танаффус олдидан уч очкога эга бўлдик. Энди шу каби ғалабали серияни давом эттиришимиз керак.
- Тезлигингиз туфайли Россияда сизни Гарет Бэйлга тенглаштира бошлашди. Бу борадаги фикрингиз қандай?
- Тезлик менинг энг кучли тарафларимдан бири. Лекин ҳали ёшман. Ўйиндаги жиҳатларимни янада кучайтиришим керак. «Ахмат»да эндигина икки ой ўйнадим. Олдин Бразилиядан ташқарига чиқмагандим. Россияда футбол умуман бошқача. Ҳали кўп нарсани ўрганишим керак.