Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Аъзам Алиев: "Навбаҳор" дарвозасига пенальти йўқ эди"

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг иккинчи давра баҳсларини кўтаринки кайфиятда бошлаган Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси 20-турга келиб мағлубият аламини тотиб кўрди.

Муборакда «Машъал» жамоаси меҳмони бўлган «лочинлар» 1:2 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Биз эса ўйиндан кейин «Навбаҳор»нинг иқтидорли футболчиси Аъзам Алиев билан боғланиб мағлубият сабаблари ва бошқа масалалар хусусида суҳбатлашдик.
- Аъзамжон суҳбатимизни «Машъал»га қарши кечган ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.
- Ўйин яхши ўтди. Ҳар иккала жамоада ҳам гол уриш учун бир қанча қулай вазиятлар юзага келди. Лекин рақибларимиз ҳам, биз ҳам улардан фойдалана олмадик. Ўтказиб юборган голларимизга келадиган бўлсак, биринчи гол пенальтидан урилди. Лекин шуни айтишим керакки ўша вазиятда пенальти йўқ эди. Иккинчи гол эса ҳимоядаги хатоларимиз эвазига киритилди. Хуллас ўйиннинг қандай кечганига қараб баҳо берадиган бўлсам, бу ўйин кўпроқ дуранг натижага мос тарзда ўтди. Биз ўз хатоларимиз эвазига мағлубиятга учрадик.
- Белгиланган пенальти ҳақида батафсилроқ тўхтала оласизми?
- Албатта, ўша вазиятда тўп қўлимга эмас юзимга келиб тегди. Бунинг оқибатида эса кичик жароҳат ҳам олдим. Лекин ҳакам тўп қўлга тегди деб баҳолади ва пенальти белгилади. Кейинчалик ҳакамга нотўғри қарор чиқарганини айтганимда, у ўйинчилар орасида яққол кўринмаганини, тўп эса қўлга теккандай туюлгани учун пенальти белгилаганини таъкидлади. Ваҳоланки ўша вазиятда қўлларим тўпга нисбатан пастда эди.
- Ўзи умуман олганда бу йил «Навбаҳор» пенальтилардан энг кўп азият чекаётган жамоа бўлиб турибди. Бу масалага бош мураббий жиддийроқ ёндошмаса бўлмайдиганга ўхшайди.
- Тўғри бу йил дарвозамизга жуда кўп пенальти белгиланди, лекин уларнинг ҳаммасини ҳам ҳаққоний деб бўлмайди. Биз иложи борича жарима майдони ичида ҳушёр ўйнашга интиляпмиз, бироқ айрим вазиятларда ҳакамларнинг хатоси биз учун қимматга тушиб қоляпти.
- «Машъал»нинг бугунги кучига қандай баҳо берасиз?
- «Машъал», маҳоратли ва тезкор футболчилардан ташкил топган кучли жамоа. Айниқса улар қарши ҳужумга жуда тез ўта олишади. Масалан улар тезкор қарши ҳужум самараси ўлароқ бизни икки бор жазолашди.
- «Навбаҳор» жамоаси ўйинга оз соатлар қолгандагина Муборакка етиб борди. Эҳтимол футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилиб қолгандир?
- Йўқ ундай деб ўйламайман. Тўғри ўйин аввалида ҳудуддаги иссиқ ҳаво футболчиларга эркин ҳаракатланишлари учун қийинчилик туғдирди лекин кейинчалик ҳавога мослашиб ўз ўйинимизни кўрсата бошладик. Шахсан менда чарчоқ аломатлари сезилмади.
- Сизнинг жисмоний ҳолатингиз билан кўпчилик қизиқади. Айтайлик 90 дақиқа давомида бир маромда ҳаракат қила оласиз. Бундай жисмоний барқарорликка қандай эришасиз?
- Очиғи бундай эътирофни Сиздан эшитяпман. Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ. Доим барча жамоадошларим билан бир хил машғулот олиб бораман. Тановвул қиладиган овқатларимиз ҳам бир хил.
- Кўряпмизки «Навбаҳор» рақиб жарима майдони атрофида стандарт вазиятга эга бўлса, ҳужумчиларга ёрдамга бормаяпсиз. Бу мураббийнинг кўрсатмасими ёки Сизнинг бўйингиз унчалик узун эмаслиги билан боғлиқми?
- Бу мураббийимизнинг кўрсатмаси. Чунки жамоа ҳужум қилаётган пайтда ҳимояни ҳам унутмаслик керак. Агар Аббос Махсталиев майдонда бўлса унинг жойига қараб кўрсатмалар ўзгариб туради.
- «Лочинлар» 21-турда Бекободнинг «Металлург» жамоасини қабул қилишади. Ушбу баҳсдан нималарни кутяпсиз?
- Ушбу ўйинга ҳам доимгидек жиддий тайёргарлик кўриб, ғалаба қозониб мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Қолаверса биз жорий мавсумда ўз майдонимизда мағлубиятга учрамасликни мақсад қилганмиз. Насиб қилса «Металлург» жамоасига қарши ўйинда ҳам мавсум бошидан бери қайд этиб келаётган мағлубиятсиз серияни давом эттирамиз деб ўйлайман.
- Раҳбарият келгусидаги режалар ҳақида футболчилар билан мулоқот қиляптими?
- Албатта, кўряпсизки бу йилги таркибимиз аввалги йилларга нисбатан анча кучли. Шунингдек жамоа яхши шаклланиб боряпти. Шундан келиб чиққан ҳолда раҳбарлар биринчи навбатда ушбу таркибни сақлаб қолишни мақсад қилишган. Келгуси йили «Навбаҳор» жамоаси совринли ўринлар учун курашадиган жамоа бўлиб шаклланишини исташмоқда.
- Миллий терма жамоамиз ҳақида бироз суҳбатлашсак. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан яна маҳрум бўлдик. Терма жамоамизнинг омадсиз иштироки ҳақида нима дейсиз?  
- Албатта, бундан барча юртдошларимиз қатори биз ҳам афсусдамиз. Чунки футболчиларимизнинг ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишларини жуда ҳам хоҳлагандик. Афсус бу ўхшамади. Лекин Қатардаги навбатдаги мундиалда албатта Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этади деб ўйлайман.
- «Навбаҳор» сафида айни пайтда терма жамоа сафида ўйнай оладиган ёш футболчилар борми?
- Бўлмасамчи. Масалан жамоадошим Азиз Турғунбоев шу йўсинда меҳнат қилишда давом этса, албатта терма жамоа мураббийлари томонидан таклиф олади. Умуман олганда жамоамизда иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни ҳам вақти келиб терма сафида синаб кўриш фойдадан ҳоли бўлмайди.
- Мухлисларга айтар гапларингиз бўлса марҳамат.
- Маълумки «Навбаҳор» мухлислари мамлакатимизда тенгсизлар. Мен ва жамоадошларим ўзига хос анъаналар ҳамда шонли тарихи, қолаверса, фидоий мухлисларига эга бундай жамоада тўп тепаётганимиздан фахрланамиз! Ҳозирда «Навбаҳор» жамоасининг барча футболчилари бир мақсад йўлида якдиллик билан Наманган аҳли ва мухлисларини ўзига хос ғалабалар билан хушнуд этишга бел боғлаганмиз. Ўз навбатида мухлисларимизнинг стадионга ташриф буюриб, бизни бўлажак ўйинларда қўллаб қувватлашларини сўраган бўлардим. Зеро биз учун мухлислар меҳри ва ишончи жуда муҳим.   

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 10:18, 13.09.2017.
Ўқилди: 3081 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.