Кириш Регистрация

Шаҳрам Ғиёсов: «Нафақат рақибимни, ҳакамларни ҳам ютишим керак эди»

Баҳо:
+1 | -

Германиянинг Ҳамбург шаҳрида ўтказилган бокс бўйича 2017 йилги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Шаҳрам Ғиёсов билан суҳбатлашиб, ундаги кўтаринки кайфият бизга ҳам ижобий таъсир қилди. Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA)нинг сўровнома натижасига кўра, жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси, деб топилган ҳамюртимиз билан кечган суҳбатимиз сизга маъқул келади, деган умиддамиз.

— Шаҳрам, жаҳон чемпионатидаги ғалабангизни нима таъминлади, деб ўйлайсиз?

— Бу — жаҳон чемпионатидаги илк иштироким. Аввал, талабалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлганман, жаҳон кубогини олганман. Уч ой давомида бош мураббийимиз Марат Қурбонов бошчилигида ҳам жисмонан, ҳам маънан пухта тайёргарлик кўрганим ғалабамни таъминлади. Биласизми, инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, тинимсиз меҳнат қилиши лозим. Қолаверса, ақлни чархлаш муҳим. Чунки рақибнинг ҳаракатларини тезкор усулда таҳлил қилиш, зарба бериш ва зарбаларни қайтариш теран фикрлашлашни талаб этади. Шу туфайли, эрталаб ва кечки машғулотлар орасида тоза ҳавода сайр қиламан, телефонда кишини фикрлашга ундовчи ўйинларни ўйнайман, қизиқарли китоблар ўқийман.

— Рақибларингиз қандай таассурот қолдирди?

— Уларнинг кўпи билан олдин ҳам жанг қилганман: Осиё ўйинларида, олимпиадада, халқаро турнирларда... Қозоғистонлик рақибимда ўзгариш катта. Кўп меҳнат қилгани рингда билинди. Тан оламан, озгина қийналдим. Чунки рақибларим бир жойда турмайдиган, ҳаракатчан ва изланувчи йигитлар. Умуман, ўз устида ишлашни тўхтатган ва рақибини ўрганмаган боксчи ғолибликни қўлга киритиши амримаҳол. Шунинг учун доим захирамизда рақибимизга ошкор бўлмаган усулимиз бўлиши керак.

— Кубалик рақибингиз Рониэл Иглесиасни 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратсангиз ҳам, у қувончингизга самимий шерик бўлди. Одатда, рақибларингиз билан дўст бўлиб қоласизларми?

— Албатта! Чунки мусобақа аввалида бир-биримизга омад тилаб, ким кучли бўлса, ўша ғолибликка муносиб, дея айтамиз. Ўтган йилги олимпиададан сўнг Кубада ярим профессионаллар ўртасида ўтказилган учрашувда, Рониэл мени мағлубиятга учратганди. Ўшанда мен ҳам унинг жанг олиб бориш техникасига қойил қолиб, муваффақият билан табриклагандим.

— Олтин медаль олганингизда нималарни ҳис қилдингиз?

— Жангга жуда катта масъулият билан чиққандим. Чунки 10 нафар боксчимиз орасида мен охирги бўлиб рингга тушдим. Бор кучимни бериб, нафақат рақибимни, ҳакамларни ҳам ютишим кераклигини билардим. Жанг муваффақиятли тугагач эса, албатта, меҳнатларим самара берганидан, мени қўллаб турган мураббийларимиз, ота-онам, юртдошларим ва боксчи дўстларимиз ишончини оқлаганимдан мамнун бўлдим.

— Ва Роналду каби сакрадингиз...

— Қувончимни ўзим севган спортчим услубида нишонлашга одатланганман. Криштиану Роналду мен учун биринчи рақамли футболчи. Унинг ҳамиша одамларга ёрдамга шайлиги мени тўлқинлантиради.

— Болаликда дипломат бўлишни орзу қилган экансиз...

—Тўғриси, бу қандай соҳалигини билмасдим. Онам «Дипломат бўласан», дерди доим. Дипломат сўзи қулоғимга чиройли эшитилганидан шу касбни орзу қилганман.

— Дадангиз ҳам бокс билан шуғулланган экан. У киши биринчи мураббийингиз бўлса керак?

— Ўн ёшимда отам ва амаким сабаб боксга кириб келганман. Аввалига отам кўп йўл-йўриқ кўрсатарди. Талаба бўлганимдан кейин менга ишончлари ортди ва шундан буён фақат мураббийларим билан шуғулланаман.

— Хонанда Шаҳзоданинг «Billionaire» қўшиғига ишланган клипда суратга тушганингиздан сўнг Шаҳрамдан туппа-тузук актёр чиқаркан, деб ўйлаб қолдик.

— (кулади) Санъатга қизиқишим бор, бироқ вақтим йўқ. Чунки 4–5 дақиқалик клип икки кун вақтимни олади. Реклама роликлари ҳам худди шундай. Яқинда режиссёрларимиздан бири спортчи ҳаёти билан боғлиқ фильм суратга олишни режалаштираётганини айтиб, бош ролга таклиф этди. Рад этдим. Сабаби, мен ўзимни шоу-бизнесда эмас, боксда кўраман. Чарм қўлқопларим орқали дунёга танилишни истайман.

Манба: darakchi.uz
Киритилди: 10:27, 20.09.2017.
Ўқилди: 7951 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.