Профессионал боксда фаолиятини бошлаган Фазлиддин Ғоибназаров бугун ўзининг навбатдаги жангини ўтказди. У АҚШнинг Аризона штати Тусон шаҳрида фаолиятидаги учинчи жангида рингга чиқди.
Рақиби мексикалик Виктор Росас бўлиб, саккиз раундга белгиланган жанг очколар ҳисобига кўра аниқланди. Тони Зайно ҳакамлик қилган жангда боксчимиз очколар ҳисоби бўйича рақибини мағлубиятга учратди. Крис Уилсон, Деннис О`Коннел ва Рубин Рокки Тэйлор бир хил 80:72, 80:72, 80:72 ҳисобида ғалабани Ғоибназаровга тақдим этишди.
Маълумот учун, 10 октябрь куни 30 ёшга тўладиган Росас профи рингда бугунгиси билан ҳисоблаганда 16 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 9 тасида ғалабага эришган. Учта жангини нокаут билан якунлаган. Мағлубиятлари сони 7 та бўлди.
Эслатиб ўтиш керак, Фазлиддин Ғоибназаров машҳур промоутер Боб Арумга тегишли Top Rank промоутерлик компанияси байроғи остида ўз жангларини ўтказиб келяпти. Бугун Фазлиддин учинчи ғалабасини нишонлади.