Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Жозеп Бартомеу: «Келинг, пессимист бўлмайлик!»

Баҳо:
+ | -

Испаниянинг «Барселона» клуби президенти Жозеп Бартомеу Неймарнинг жамоани тарк этиши, ёзги трансферлар, янги лойиҳа ва эртанги режалар ҳақидаги кўпгина саволларга батафсил жавоб қайтарди.

- Ўзингизни Неймар томонидан алдангандек ҳис қилмаяпсизми?

- Узоқ вақт бошимизни айлантиришди. Улар якуний қарорларини эртароқ билдиришларини хоҳлагандим. Бу бизга бозор шароитида муносиб захира яратиш имконини берарди. Ўзини бундай тутиш масъулиятсизликдир.

- Вазият шунчалик ёмонмиди?

- «Барса» азалдан кетишни ихтиёр этган ўйинчиларни (Сеск, Педро, Алексис...) узоқ вақт ушлаб турмайди. Неймар билан ҳам худди шундай бўлди ва оқибатда Дембелени қулай нархда сотиб олдик.

- Неймарнинг қолишини маъқуллармидингиз?

- Албатта, жамоангда юксак истеъдод соҳибининг бўлгани афзал. Аммо бу «Барса»га жамоавий ўйин кўрсатиш учун яратилган имкон ҳамдир. Биз Луис Энрике лойиҳасини якунлаб, Вальверде билан янгисини бошладик. У мураббий бўлибгина қолмай, «Барса» моделига ва Ла Масия ўйинчиларига ишонади.

- Неймарнинг кетиши яна қандай имкониятлар эшигини очади?

- «Учлик» ҳукмронлигидан қутулишга имкон яратади. Ҳаммаси аъло даражада давом этаётганди, аммо негатив ҳолатлар ҳам йўқ эмасди. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу ўзгаришлар жамоавий ўйинга, энг аввало, азалдан «Барса» учун анъанавий бўлган майдон марказидаги уюш-қоқлигимизнинг кучайишига хизмат қилади.

- Яъни, айтмоқчисизки, Неймарнинг борлиги бунга тўсқинлик қилган?

- Йўқ, албатта. Аммо унинг кетиши «учлик»ка таянмаган услубнинг кучайишига хизмат қилади. Шу билан бирга, биз катта маблағ эгасига айландик ва 105 миллионини сарфлашга ҳам улгурдик. Қолган қисмини эса, футболга, унинг инфратузилмасини янада ривожлантиришга йўналтиришимиз мумкин. Ҳозирданоқ ушбу мақсадни қандай амалга оширишни биламиз. Бу янги мураббий ва янги лойиҳага берилган имкондир. Ташқаридан қараганда, Неймарнинг кетиши жамоани кучсизлантирганга ўхшайди. Аслида эса, биз бу ўзгаришдан жамоани кучайтириш йўлида фойдаланишимиз лозим.

- Айрим футболчи (Пикенинг таъкидлашича, Мессининг тўйида) ва журналистлар Неймарда кетиш истаги борлигини клубдан аввалроқ билишгани хусусида нима дея оласиз?

- Миш-мишлар турне бошланишида пайдо бўлганди ва барчага бир пайтда етиб борди.

- Мингельянинг айтишича, у май ойидаёқ Неймарнинг кетиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган экан.

- Менга бу ҳақда чурқ этмаган, бошқаларга айтганидан ҳам бехабарман. Мингельяни жуда ҳурмат қиламан ва у билан сўнгги бор январда ҳамсуҳбат бўлгандим. Клуб Неймарнинг кетиш эҳтимоли тўғрисида турне давомида хабар топди ва дарҳол ҳаракатга тушди. Мураббийлар штаби томонидан танланган захира - Дембеле бўлди. Кейин трансфер чўзилиб кетди. Агар Неймарнинг отаси ўғлининг кетмоқчи эканлигини эртароқ айтганида, унинг баҳоси ҳам бутунлай бошқача бўларди.

- Клуб ва ўйинчилар ўртасида мулоқот ўтказиладими?

- Ҳа, мунтазам равишда суҳбатлар ташкил этилади.

- Неймарнинг кетиши қачон аниқ бўлиб қолди?

- Майамида ҳаммаси ойдинлашганди. Тан оламиз, биз узоқ пайтгача ота ва ўғилнинг шубҳаларига ишонгандик.

- Қачон у билан охирги марта гаплашгандингиз?

- Майамига учаётган самолётдалигимизда.

- Бу Неймарни қолишга ундовчи навбатдаги уринишмиди?

- Унга шундай дедим: «Нима қилмоқчи эканлигингни айт. Ахир биз ҳам қандай чора кўриш лозимлигини билишимиз керак-ку».

- Сизнингча, Неймар нега кетди?

- Билмайман. Буни ундан сўрасангиз тўғри бўларди. Бизга сабабини айтмади. Балки пул учундир? Спорт лойиҳаси етакчисига айланмоқчидир? У дунёнинг энг яхши клубида тўп сурарди, атрофида сайёрамизнинг сара футболчилари жамланишганди ва улар орасида Месси бор эди. Аммо Неймарни бу қадамни қўйишга ундаган сабабларни билмайман.

- «Неймар иши»дан қандай дарс олдингиз?

- Товон пули миқдорини ошириш лозим.

- Дембеледа бу «бор-йўғи» 400 млн. экани шунга исботми?

- Тушунтиришга уринаман. Фаолиятимизга таъсир ўтказаётган бозордаги пуллар футбол эмас, балки бошқа усуллар билан топилган. Бизнинг қароримиз: футбол академияси ва активларини кучайтириш; «фэйр-плэй»га амал қилиниши ва трансферларга лимит қўйилишини таъминлаш учун ФИФА, УЕФА ва ECA (Европа Клублари Ассоциацияси) билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш.

- Трансферларга лимит дейсизми?

- Миллионлар ўйинига футболга мутлақо алоқаси бўлмаган соҳалар орқали топилган пулларнинг кириб келишига йўл қўймаслик керак.

- Қатарни назарда тутяпсизми?

- Бирлашган Араб Амирликларини ҳам. Бу давлатлар икки клуб эгаси ҳамдир. Агар «Барса» ўйинчисини «Бавария», «Манчестер Юнайтед», «Реал Мадрид» ёки «Арсенал» сотиб олаётган бўлса, бу пуллар футбол орқасидан топилганлигини биласиз. Аммо арабларга тегишли клубларда бундай эмас.

- «Барса» либосларидаги рекламалар учун ажратилган пуллар-чи? Аввалроқ ушбу масалада индамасдингиз...

- Бу бозор нархидаги ҳомийлик эди. Масалан, икки йил аввал УЕФА Қатар туризм асссоциациясига тегишли 200 млн. евронинг «ПСЖ» ҳисобига ўтказилишини чеклаб қўйганди. Барчамизнинг имкониятимиз бир хил бўлиши лозим.

- Ўтган йилиёқ «Барса» Дембелега қизиққандай бўлганди, аммо алал-оқибат у «Боруссия»га ўтиб кетди. Ахир Усмон Каталония грандига ёққанди-ку?

- Дембеле келишни хоҳламади, чунки MSN триоси билан рақобат қилишига тўғри келарди.

- Сизнингча, Неймар ва «ПСЖ»га қарши норозилик билдириш ҳамда трансфер ойнаси ниҳоясида французлардан Ди Марияни харид қилиш фикри бир-бирига зид эмасми? Ахир шу тариқа парижликларда сиз тилга олган молиявий «фэйр-плэй»га амал қилиш имконияти туғиларди...

- Ундай эмас, «Барса»нинг таклифи «фэйр-плэй»га амал қилиш учун камлик қиларди.

- Ва сиз бу ҳақда билардингиз?

- Албатта. Биз унинг учун қанча тўлашганини, шартномаси бўйича қанча қолганини билардик, амортизацияни ҳам ҳисобга олгандик. «Барса» шунга кўра таклиф тайёрлаганди.

- «ПСЖ» узоқ йиллардан буён шунчаки «ўйин» қилаётганини кўра-била туриб, яна улардан футболчи сотиб олишга уриниш ғалати эмасми? Ахир Верратти, Ди Мария, Сильва, Маркиньос, Давид Луисга таклиф билаш чиқиш чоғида шундай ҳолат такрорланганди?

- Ҳамма клубнинг ўз сиёсати бор. Бизнинг мураббийлар штабимиз маълум бир ўйинчини сўрайди, биз сўров ўтказамиз, келишиб олишга интиламиз. Харид қилиш имкони бўлмаса, бошқа футболчи учун ҳаракат бошлаймиз.

- Шунча вақт йўқотиш эвазигами?

- Охир-оқибат мақсадимизга эришдик-ку: жисмоний ҳолати кучли бўлган ҳимоячи ва ярим ҳимоячи ўтган йилги ҳолатимизни анча яхшилаши аниқ. Биз сотувдан эмас, хариддан мамнунмиз.

- «Айтишим мумкинки, бизда ишлар унчалик ҳам ёмон эмас» (Жоан Лапортанинг 2008 йилда бўлиб ўтган фан-клублар съездидаги машҳур иборасини келтиряпти. Ўшанда катта қи-йинчиликларга учраган Райкаард жамоасига барҳам берилганди).

- Биз Луис Энрикенинг 3 йиллик муваффақиятли мавсумини якунладик. Энди эса, Вальверде мавсуми бошланмоқда. Улар мутлақо бошқа-бошқа мураббийлардир. Эрнесто ўйинчиларни мунтазам кузатув остига олган.

- Масалан...

- Марлонни ижарага беришни айнан у сўради. Буни ушбу футболчини ёқтирмагани учун эмас, аксинча, иқтидорини сезгани учун амалга оширди. У Марлоннинг ўйин амалиётига эга бўлишини ва келгусида жамоага қайтишини хоҳлади.

Деулофеунинг келиши, қолаверса, Ортолнинг 3-дарвозабон ўрнида ўйнашидан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат. Аленья яқинда шартномасини янгилайди, бу эса жамоа келажаги учун хизмат қилади.

- Паулиньонинг сафга қўшилиши ва Сампернинг қўйиб юборилиши - клубдаги моделга зид эмасми?

- Сампер билан худди Марлондагидек ҳолат кузатилди. Мураббийнинг фикрича, у «Барселона»да кам ўйнайди, бошқа ерда эса кўпроқ. Мураббий футболчи кўпроқ майдонга тушишидан манфаатдор. Боиси, унинг хизматидан келажакда фойдаланиш тарафдори.

Сампер мавсумолди тайёргарлигини яхши ўтказди, аммо унинг асосий ўйинларда майдонга тушиш эҳтимоли жуда паст, ўйнаши эса шарт. У биз танлаган йўлдаги ягона футболчи эмас. Рафинья, Денис Суарес, Деулофеу бу йўлни босиб ўтишга улгуришган.

- Яъни, мақсад шундай: қайтиш учун кет...

- Ҳозир мақсад қуйидагича: яхши мавсумларни ўтказ, биз эса сенга жой ҳозирлаймиз. Авлодлар алмашинуви, футболчиларнинг ёши, шартнома бўйича кимлар билан хайрлашишимиздан келиб чиқиб айримларни ортга қайтарамиз. Бу қуруқ гап эмас, режалаштирилган иш.

- Коутиньо келмаганидан кўнгил тўлмай қолмадими?

- Балки, штатни беркитиш учун яна бир ўйинчи олишимиз лозим бўлгандир ҳам, аммо бундай нарх ва инфляцияни кўриб, музокараларга чек қўйишга қарор қилдик. Қишки трансферлар ойнаси очилишигача вақт бор ва жамоани кучайтириш учун эҳтиёж туғилса, бу ишни, албатта, амалга оширамиз.

- Коутиньо январда келиши мумкинми?

- Номларни айтишни истамайман, ҳаммасини вақт кўрсатади.

- «Ливерпуль» унинг учун чиндан ҳам 200 млн. сўрадими?

- Ҳа.

- Сери нега келмади?

- Мураббийларнинг қарори шундай бўлди. Унга қизиққанимиз рост, аммо майдондаги ўрни ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўргач, бу фикрдан қайтдик.

- «Барса» Мбаппени 120 млн.га сотиб олмоқчи эдими?

- Неймар кетганидан кейин мураббийлар штабининг мақсади Дембеле эди. Мбаппе ҳақида умуман гап бўлмаган.

- Ҳозирги таркиб ўтган йилгисидан кучсизми?

- Кучли! Ҳам ҳужум, ҳам майдон марказида. Рақиб қарши ҳужумини қайтаришда муаммоларимиз бор, Паулиньо билан кучаямиз. Олдинда Деулофеу ва Дембеле ҳужум кенглигини таъминлашлари керак.

- Сиз жамоа кучайганини айтяпсиз, аммо жаҳондаги энг кучли клублардан бири бугун «Реал»дан кучсизроқдай туюлмаяптими?

- Бу пессимистик қараш. Келинг, пессимизга нуқта қўяйлик. Барча сов-ринларни ютишга қодир жамоани йиғдик. Ажойиб ўйинчиларимиз ва ўтган йилгидан кучли жамоамиз бор. Энди Деулофеу, Дембеле каби иқтидорларнинг ривожланишини кузатишимиз керак, жамоамиз эса барибир кучлилигича қолаверади. Мухлислар бизга ишонишсин. Ўйинчиларимиз аввал қандай бўлишса, ҳозир ҳам шундай ва улкан потенциалга эгалар. Бу ҳақда юқорида айтгандим.

- Эслатиб ўтинг...

- Эрнесто Вальверденинг лойиҳаси - бошқача спорт лойиҳаси. Унга ишонч бор, чунки у «Барса» билан таниш, тажриба етарли, кантерага, моделга ишонади...

- Айнан пессимизм «Реал»га қарши кечган суперкубок баҳсида мағлубиятга сабаб бўлганди...

- Худди шундай, мадридликлар Испания суперкубогини қўлга киритишди. Биз бу соврин эгасига айланмоқчи эдик... бироқ мағлуб бўлдик. Аммо қўрқинчли ҳеч нарса рўй бермади - «Реал» «Барса»дан кучли эмас.

- Сизнинг ишончу умидларга тўла бу сўзларингиз Хавиникидан тубдан фарқ қилади. У ўйинчилар Жоан Лапорта давридагидан кўра бахтсизроқ, деганди.

- Улар ҳозир ҳам нисбатан бахтсизроқдай туюлишади. Футболчилар ёқтирадиган нарса бу - ўйнаш ва ғалаба қозониш. Зеро, «Барселона» либосида майдонга тушишнинг ўзи аксарият футболчилар учун улкан бахт.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 10:13, 23.09.2017.
Ўқилди: 5156 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.