Мадриднинг “Реал” клуби сардори Серхио Рамос Испания чемпионатида ҳакамларнинг ишларини танқид остига олди.
Эслатиб ўтамиз, “Реал” Ла-Лиганинг сўнгги тур доирасидан ўрин олган “Бетис” жамоасига қарши учрашувда 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди.
“...Қанча ҳакамлар ҳақида гапирсак аҳвол тобора ёмонлашиб бораверади. Ҳакамлар ишларини ҳурмат қилишимиз даркор. Лекин улар доим баҳсли вазиятларда “Реал” эмас, “Барселона” фойдасига ишлашмоқда.
Нега “Барселона” футболчилари доим пенальти тепаверишади? “Реал”да эса аксинча. Рости, мавсумнинг бошланиши мени безовта бўлишимга сабаб бўлмоқда”, дейди Рамос.
Ўйиндан сўнг “қироллик клуби” ярим ҳимоячиси Иско “Бетис” ноҳақлик эвазига ғалаба қозонгани ҳақида айтиб ўтди.
“...Агар “Реал” ўз майдонида тезкор гол кирита олмаса, унда безовта бўлишни бошлайди. Лекин биз сўнгги дақиқаларда кутилмаган голни ўтказиб юбордик. Бу — ноҳақлик!
“Барса”дан 7 очко ортда боряпмиз... Мавсум энди бошланди, уларга ҳали етиб олиш учун имконият бўлади”, дейди Иско.
Шунингдек, “Бетис”га қарши учрашувда майдонда жавлон урган бразилиялик яримҳимоячи Каземиро футболчиларга осон эмаслигини таъкидлади.
“Мағлубиятдан кўра дуранг яхшироқ эди, бироқ совуққонликни сақлаб қолишимиз керак. Бизга ҳам осон эмас. Яратган вазиятларимизни голга айлантира олмадик. “Бетис” жамоасини табриклашимиз керак, улар ғалаба учун курашди ва мақсадларига етишди. Энди “Барселона”га етиб олиш ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди Каземиро.
Маълумот учун, “Реал” жамоаси бугун сафарда “Алавес”га қарши майдонга тушса, “Барселона” ҳам сафарда “Жирона”га қарши баҳс олиб боради.
Акмалхон Эшонхонов