Тажрибали ҳимоячи Асрор Алиқулов ўтган йили профессионал футболчилик фаолиятига якун ясаганди. Унинг сўнгги жамоаси «Шўртан» бўлиб қолди.
Алиқулов айнан ғузорликлар сафида ўйновчи-мураббий сифатида бутсаларини михга илди. Ҳозирда у мазкур клуб мураббийлар штабида фаолият олиб боряпти.
Ундан аввал эса «Шўртан» ёшларига устозлик қилиб, жамоани турнир жадвалининг юқори поғоналарига олиб чиққанди. Лекин кутилмаганда уни асосий таркиб мураббийлар штабига ўтказишди.
Шуниси аниқки, кўз ўнгимизда яна бир истеъдодли мураббий пайдо бўляпти. Ўзига хос услубга эга бу мутахассисни олий лига 21-тури доирасидаги «Пахтакор» - «Шўртан» учрашувида учратиб қолдик ва табиийки, ундан нашримиз учун интервью олдик.
- Асрор ака, мураббийлик фаолиятингиз бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Айтинг-чи, илк қадамлардан кўнглингиз тўляптими?
- Ўтган йили футболчи сифатидаги сўнгги мавсумимни ўтказдим. Бу йилдан эса мураббийликдаги фаолиятим бошланди.
Дастлаб «Шўртан» клуби раҳбарларидан ёшлар жамоасини беришларини сўрагандим, бунга қарши бўлишмади. Шу тариқа февраль ойида иш бошладим.
Тўғриси, унчалик қийналмадим. Боиси, фаолиятимнинг сўнгги икки йилида асосан ўйновчи-мураббий сифатида фаолият юритгандим. Қайсидир маънода мураббийликдаги фаолиятим эртароқ бошланганди, дейиш мумкин.
Шунга қарамай, мураббийликнинг масъулияти, унинг юки иш жараёнида барибир сезилаверди. Ўзига яраша муаммолар ҳам бор эди.
Биринчи навбатда, ўтган йиллар давомида асосий таркибга истеъдодли ёшларни етказиб бериш масаласида сусткашликка йўл қўйилганди. Асосий жамоага деярли номзодлар тайёрлаб берилмаётганди.
Ваҳоланки, ўринбосарлар таркиби тузилганига бир неча йиллар бўлганди. Ўз олдимга айнан мана шу ҳолатни ўзгартириш, ёшлар лигасидаги жамоада ишни тўғри йўлга қўйишни мақсад қилиб қўйгандим. Озми-кўпми бу ниятларимга эришдим.
- Футболчилик фаолиятингиз мобайнида анчагина таниқли мураббийлар қўл остида ўйнадингиз. Ўша пайтлардаёқ мураббийлик сир-асрорларини ён дафтарчангизга ёзиб юрармидингиз? Умуман, олган билим ва кўникмаларингиз ҳозир асқотяптими?
- Албатта, ёзиб юрардим. Лекин барибир, назарий билимлар билан амалиёт ўртасида катта фарқ бор. Бу нарсаларни мураббийлик фаолиятимнинг илк кунларидаёқ сездим.
Кечалари уйқу бўлмади. Ҳар куни имтиҳондан қандай ўтарканман, деган саволлар қийнарди. Секин-аста ўрганиб, кўникиб кетдим.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби футбол ҳам бир жойда тўхтаб қолаётгани йўқ. Кундан-кунга ўзгаришлар рўй беряпти. Ўша пайт ён дафтарчамга қоралаб қўйганларим ҳозирги замонавий футбол талабларига унчалик ҳам тўғри келмаяпти.
Мана, ҳозир ҳам ўйинни кузатиб ўтирибман. «Пахтакор» намойиш этаётган футболдан ўзига яраша нималарнидир ўрган-япман.
- Футболчиликдаги олтин даврларингиз айнан «Пахтакор»да ўтган. Ҳозирги жамоанинг ўйин услубида ўзгаришлар кўзга ташланяптими?
- Бўлмасам-чи. Клубга грузиялик мутахассис келганидан кейин «Пахтакор»нинг ўйинида европача услуб кўзга ташланяпти. Ўзбек клубларида ҳимоячиларнинг ҳужумга қўшилишини деярли кўрмаймиз.
Ҳозирги «Пахтакор»да мен шу нарсага гувоҳ бўлдим. Ҳужумда кўпчилик қатнашяпти. Бу эса рақиб ҳимоячиларини саросимага солиб қўяди. Натижада рақиб жамоа мудофаасида парокандалик юзага келади.
- Ҳимоячиларнинг ҳужумга фаол қўшилмаслиги футболимиздаги энг катта камчилик эмасмикан?
- Шундай деса ҳам бўлади. Ёшларни тарбия қилишимиз керак. Уларга замонавий футбол талабларини ўргатишимиз лозим.
- Европа клубларида ишлаётган қайси мураббийларнинг иш услубини кузатиб, керак бўлса ўрганиб борасиз?
- Кўпроқ «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Челси» жамоалари иштирокидаги ўйинларни кўраман. Конте ва Моуриньонинг иш услубларини ҳурмат қиламан.
Шунингдек, ҳимоядан ҳужумга ўтишни хуш кўрувчи ҳамда шу тактика асосида ўйнайдиган «Ливерпуль» ва «Тоттенхэм» клублари ўйинини ҳам ўтказиб юбормасликка интиламан.
- Мураббий футболчилик даврида қайси амплуада ўйнаган бўлса, кейинги фаолиятида шунга мойиллик сезилар экан.
Яъни, ўзи бошқараётган жамоаларда ҳимоячи бўлса, ҳимоявий, ҳужумчи бўлса, ҳужумкор услубни илгари суради. Сизда бу ҳолат қандай кечмоқда? Ҳимоявий услубга тортиб кетмаяптими?
- Мураббий сифатида иш бошлаган илк давримда ҳимоявий футбол тарафдори бўлганман. Чунки мудофаани мустаҳкамламай туриб, ҳужумга ўтиш - бу муқаррар мағлубиятга тенг.
«Шўртан» ўринбосарлари билан ишлашда қийналганман. Аммо кейин менга ҳам, ҳимоячиларнинг ўзига ҳам яхши бўлган. «Пахтакор», «Бунёдкор», «Насаф» каби кучли жамоаларга қарши баҳсларда ёшларимиз анча яхши ўйин кўрсатишди.
Биринчи навбатда, тартиб ва интизом бўлиши керак. Бу икки нарсани жамоангизда мужассам этмай туриб, ижобий натижага эришиш мушкул.
- Ўзингизни қаттиққўл мураббий ҳисоблайсизми?
- Ҳаётда юмшоқ табиатли инсон бўлиб кўринсамда, майдон ва унинг атрофида анчайин қаттиққўлман. Ёшлар билан бошқачасига ишлаб бўлмайди. Керак жойда мулойимроқ гапираман. Юқорида айтганимдек, майдонда интизом ва тартиб бўлиши шарт.
- Ўзбек футболида кўпроқ тўп билан ишлаш, техникага эътибор қаратилади. Сиз машғулотларда асосий урғуни нимага беряпсиз?
- Асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратяпман. Чунки жисмоний куч маромида бўлмаса, футболчилар иккинчи бўлим ўрталарига етиб бормай чарчаб қолишади. Замонавий футболнинг катта қисми яккакурашлардан иборат.
- Ёшлар жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдамчингиз бормиди?
- Йўқ, машғулотларни ўзим олиб борардим.
- «Шўртан» ёшлар жамоасидан кетиш осон бўлмагандир?
- Албатта. Ўзимга қолса, кетмасдим. Боиси, бу йигитларнинг потенциалини яхши билардим. Вазият шуни тақозо қилди ва кетишга мажбур бўлдим. Ҳозир «Шўртан»нинг асосий жамоаси мураббийлар штабида ишлаяпман.
- Бу жамоада асосий вазифангиз нимада иборат?