Аввалроқ маст ҳолатда автомобиль бошқариб, «қўлга тушган» Уэйн Руни энди нақ 2 йил давомида қимматбаҳо «тойчоқ»лари рулини ушламаслиги керак.
Ҳар ҳолда, суд «Эвертон» ҳужумчисини шунча муддат ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. «Шрек» шунинг баробарида 100 соатлик жамоат ишларига маҳкум этилди.
Уэйн бундай кўринишдаги тарбиявий жазога мубтало бўлган ягона футболчи эмас. Хусусан, Зайниддин Зидан, Карлос Тевес ва Жейми Варди каби номдорлар ҳам вақтида жамоат ишларига ҳисса қўшишган - мажбурий ҳолатда.
Демак, қуйида қайсидир хатти-ҳаракатлари ўлароқ, суд, масъул ташкилот ёки ўз клублари раҳбариятининг шундай марҳаматидан бенасиб қолмаган футболчиларга эътибор қаратамиз.
Зайниддин Зидан - 3 кунлик жамоат ишлари
Ҳа-ҳа, нотўғри ёзилмади - доимо ижобий хулқи билан ажралиб турган ва мегаюлдуз мақомида юрган Зиданга нисбатан ҳам вақтида ўз кирдикори учун тарбиявий чора қўлланилган. Энг қизиғи, 3 кунлик жамоат ишлари ФИФА томонидан белгиланганди. Тахмин қилингчи, нима учун? Албатта, ўша машҳур «калла қўйиш» саҳнаси туфайли-да. Хуллас, Зизу ЖЧ-2006 финал ўйинида италиялик Марко Матераццининг нақ кўксини «нишонга олгани» учун 3 кун давомида ёш футболчилар билан ишлаган. Ўша жазо чораси ҳам «Реал»нинг амалдаги бош мураббийига қўл келган кўринади. Ҳарқалай, Зидан янги соҳага енгилгина қадам ташлади.
Натан Дайер - 60 соатлик жамоат ишлари
Ҳар ҳафта бинойидек маош оладиган футболчининг тунги клубда ўғрилик қилиши ақлга сиғмаслиги турган гап. Аммо Натан Дайер «Тўқликка - шўхлик» мақолига асосан иш тутиб, барчани ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этганди. Эътибор қаратинг, тўлиқ таъминланган футболчи «Саутгемптон» сафида ўйнаган вақти дўстлари билан тунги клубга боради ва қандай жин урадики, муаасса ходимининг қўл соати ва мобиль телефонини ўғирлайди. Бунинг оқибатида 4000 минг фунт жарима тўлашдан ташқари, 60 соат вақтини қариялар уйида ўтказади. Тўғри, Дайернинг айнан қандай юмушларни бажаргани маълум эмас, аммо аниғи шуки, у айнан қариялар уйига мажбурий сафардан сўнг лиганинг энг интизомли футболчиларидан бирига айланганди.
Лукас Эрнандес - 80 соатлик жамоат ишлари
Бу футболчи ўз маҳбубасини калтаклаганида, «Атлетико»да раҳмсизлик ва тажовузкорлик фақат майдон ичида олқишланишини унутиб қўйган бўлса керак. Хуллас, суд қаллиғига шафқатсиз муносабатда бўлган Лукас олдига 6 ой давомида маҳбубаси билан учрашмаслик ва қурол олиб юрмаслик тақиқини қўйди. «Реал»нинг янги ҳимоячиси Тео Эрнандеснинг туғишган акаси шунингдек, 180 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлади. Қолаверса, бечора Лукас асосий жамоа машғулотларидан сўнг майдонда қолиб, «Атлетико» ўсмирлар жамоаси билан ишлади - жами 80 соат.
Уэйн Руни - 100 соатлик жамоат ишлари