Ўзбекистон Кубоги ярим финал жавоб учрашуви «Динамо» - «Бунёдкор» учрашуви олдидан тошкентликлар ҳимоячиси Рустам Ашурматов Самарқанддаги ўйин борасида фикр билдириб ўтди.
- Рустам, икки тур олдин айнан сизнинг «дубл»ингиз «Бунёдкор»га Самарқандда «Динамо» устидан ғалаба келтирганди. Энди эса ярим финал жавоб ўйини кутиб турибди…
- Тошкентда «Динамо» билан дастлабки баҳс бежизга 0:0 тугамаганди. Бу рақибнинг кучидан далолат. Самарқанддаги ярим финал жавоб ўйини биз учун жуда муҳим. Чунки, олдимиздаги биринчи мақсад бу – Ўзбекистон Кубоги ўйинлари орқали Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олишдир. «Бунёдкор»нинг шунча йиллик анъанасини бузишга хақимиз йўқ – кубок орқали ОЧЛга чиқиш шарт. Тўғриси, Олий Лигадан кўра, кубок орқали ОЧЛга чиқиш яқинроқ бизга. Финалга чиқиб, ғолиб бўлсак кубок билан бирга йўлланмага ҳам эга бўлардик. Лекин бу осон иш эмас. «Динамо» билан дастлабки ўйин 0:0 бўлгани жуда қалтис ҳисоб. Самарқанд жамоаси таркиби анча шаклланган, уларга қарши тўп суриш осон бўлмайди. Қолаверса, жавоб ўйини Самарқандда минглаб мухлислар қаршисида ўтишини инобатга олсак, бу ўйин жуда шиддатли ва муросасиз ўтишини англатади. «Бунёдкор» сингари «Динамо» ҳам финалга чиқишни мақсад қилган, шу боис ҳеч кимга осон бўлмайди.
- «Динамо»нинг сўнгги 10 ўйиндан буён гол ура олмаётгани «Бунёдкор» ҳимоячилари вазифасини осонлаштирадими?
- Бу ўйин финал йўлланмасини бераркан, статистикалар четда қолади. Тўғри, 10 та ўйин узун серия, лекин ҳар бир нарсанинг якуни бўлгани каби, балки «Динамо» айнан кубокка катта эътибор қаратиб, нохуш анъанасини биз билан ўйинда бузар. Шу боис, биз юқоридаги статистикага эътибор қаратмай, эҳтиёткор бўлишимиз керак. «Динамо»нинг ҳимоя чизиғи ҳам кучли. Менимча, ўйинда битта гол финал йўлланмаси тақдирини ҳал этади. Самарқанддан финал йўлланмаси билан қайтишимиз шарт.
Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.