Голландия терма жамоаси бу сафар ҳам йирик мусобақанинг финал босқичида иштирок эта олмайдиган кўринади. ЖЧ-2018 саралаш босқичининг "А" гуруҳида ўтказилган 9-тур ўйинларидан кейин нидерландияликларнинг аҳволи анча оғир бўлиб турибди.
Ушбу гуруҳда Франция 20 очкога эга бўлиб турган бўлса, Швеция ҳисобида 19, Голландияда эса 16 очко бор. Голландлар сўнгги турда ўз уйларида Швецияни қабул қилишади. Бу баҳсда шунчаки ғалаба мезбонлар учун камлик қилади. Дик Адвокат шогирдлари Швецияни йирик ҳисобда мағлуб этишлари керак, анча йирик...
№ | Жамоа | Ўйин | Ғалаба | Дуранг | Мағлубият | Т-Н | Очко |
---|---|---|---|---|---|---|---|
1 | Франция | 9 | 6 | 2 | 1 | 16-5 | 20 |
2 | Швеция | 9 | 6 | 1 | 2 | 26-7 | 19 |
3 | Голландия | 9 | 5 | 1 | 3 | 19-12 | 16 |
4 | Болгария | 9 | 4 | 0 | 5 | 13-18 | 12 |
5 | Беларусь | 9 | 1 | 2 | 6 | 5-19 | 5 |
6 | Люксембург | 9 | 1 | 2 | 6 | 7-25 | 5 |
Швеция 9-турда Люксембургни 8:0 ҳисобида мағлуб этганидан кейин тўплар фарқини 26-7 кўринишга келтириб олди (+19). Голландияда эса бу кўрсаткич 19-12ни ташкил этади (+7). Кўриб турганингиздек, нидерландияликлар тўплар фарқига кўра шведлардан 12та тўпга ортда қолишмоқда. Сўнгги турда Голландияни 6та тўп фарқи билан ғалаба ҳам қаноатлантирмайди. Боиси, тўплар фарқи тенглашгани билан, урилган голлар сони бўйича Швеция олдинда бўлади (эслатиб ўтамиз, очколар тенг бўлиб қолган ҳолатда биринчи навбатда тўплар нисбати инобатга олинади).
Шу боис, Голландия 10 октябрь куни ўз уйида Швецияни 7та тўп фарқи билан мағлуб этиши шарт. Шунда жамоа ЖЧ-2018 саралашининг плей-офф босқичига чиқади. Акс ҳолда Голландия Россия-2018га бора олмайди, худди Евро-2016дан қуруқ қолгандек!