ЖЧ-2018 учун Европа қитъасига 13та йўлланма ажратилганидан хабарингиз бор. 9та гуруҳ ғолиблари тўғридан-тўғри Россия-2018га йўл олса, 2-ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф орқали Мундиал йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўришади.
Гуруҳларда 2-ўринни эгаллаган 9та терма орасида энг ёмон кўрсаткичга эга бўлган битта жамоа плей-офф босқичига чиқишдан маҳрум бўлади. Европада ҳали 3та гуруҳда сўнгги тур ўйинлари ўтказилмаган бўлса-да, «иккинчилар» орасида омадсиз терма жамоанинг номи аниқ бўлди. Бу — Словакия.
Иккинчи ўринни эгаллаган рейтинги тузилаётганда уларнинг гуруҳда сўнгги ўринни банд этган жамоа билан ўзаро ўйинлари натижаси чиқариб ташланади. Натижада Словакия 8та ўйинда энг кам — 12 очко жамғаргани аниқ бўлди.
Шу тариқа, ЖЧ-2018 йўлланмаси учун плей-офф босқичида ўз иштирокини давом эттирадиган 5та жамоанинг номи ҳозирдан маълум. Улар — Шимолий Ирландия, Дания, Италия, Ирландия ва Хорватия. Плей-оффга чиқадиган яна 2та жамоанинг номи бугун бўладиган ўйинлардан кейин аниқланади. Бу ўринни "А" гуруҳидан Франция, Швеция ёки Голландия ёки "B" гуруҳидан Швейцария ёки Португалия, "Н" гуруҳида Греция ёки Босния ва Герцеговина эгаллаши мумкин.
Плей-офф баҳслари 9-11 ҳамда 12-14 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.