Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Рўзиқул Бердиев: «Терма жамоадан таклиф бўлишини кутмагандим»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон Футбол Федерацияси миллий терма жамоа бош мураббийи вазифасини бажарувчи этиб, Қаршининг «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев тайинланганлигини расман эълон қилгач, «Эрудит Спорт» газетаси мухбири Қаршида бўлиб, терма жамоамиз устози билан суҳбатлашди.

— Рўзиқул ака, авваламбор, сизни мамлакатимизнинг бош жамоаси устози этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз. Ватанимизнинг бош жамоасидан бўлган таклифни қандай қабул қилдингиз?

— Табрик учун раҳмат. Тўғрисини айтаман, миллий терма жамоадан таклиф бўлишини умуман кутмагандим. Шу боис, буни хурсандчилик ва масъулиятни сезган ҳолда қабул қилдим дейишим мумкин. Билишимча, Федерация хорижлик мураббий борасида ҳали бир қарорга келмагани боис, терма жамоани вақтинчалик бошқариб тураман.

— Миржалол Қосимов 2010 йилда иккинчи бор термадан таклиф олганида, «Ватанга йўқ дейилмайди» дея жавоб берганди. Сиз таклифни қай ҳолатда қабул қилдингиз?

— Чинданам, шундай – Ватанимиз учун қанча хизмат қилсак шунча оз бўлганидек, унинг бош жамоаси учун ҳам қўлдан келган барча ёрдамимизни аямаймиз. Бу жуда катта ишонч эканлигини сезиб турибман. Терма жамоани бошқариш катта шараф ҳамдир.

— Термадан таклиф қачон бўлганди ва сизга ким таклиф билан чиқди?

— Фарғонада «Нефтчи»ни мағлуб этиб қайтганимиздан кейин ЎФФга чақиришганди. У ерда Сардор Раҳматуллаев ҳамда вице-президент Шоакрам Исроилов билан учрашдим. Улар терма жамоани вақтинчалик бошқарши масаласини айтишди. Президент Умид Аҳмаджонов Қатар сафаридан келганидан кейин расмий қарор қабул қилишини маълум қилишди. БАА билан ўртоқлик учрашуви режалаштирилгани туфайли терма жамоани бошқаришимни сўрашди. Демак, бизга ишонишаётган эканлар, барчанинг ишончини оқлашга интиламиз.

— Терма жамоа мураббийлар штаби тарқатилганди. Янги мураббийлар штабида кимлар сизга ёрдам беради?

— Очиғи, бу ҳақда энди бош қотираман. Асосан, клубдаги ёрдамчиларим бўлишади. Қолаверса, штабимизда бошқа мураббийларни ҳам қўшиб олишимиз мумкин. Йиғингача маълум бўлади.

— Илк йиғинда БААга қарши майдонга тушилади. Ўша йиғин учун таркибда ўзгаришлар катта бўладими? Яъни доимий номзодлар эмас, ўзингиз Олий Лигада кузатиб юрган футболчилар таклиф этиладими?

— Тўғриси, ҳали бу саволингизга жавоб беришим қийин. Чунки, шу пайтгача асосан ўз клубимдаги фаолиятим билан банд эдим ва номзод футболчиларни кузата олмагандим. Ўйлайманки, Олий Лигада бундай футболчилар кўп ва эртадан бошлаб уларни кузатиб бораман. Футболчилар фақат «Локомотив», «Бунёдкор», «Насаф» ёки «Пахтакор» эмас, балки Олий Лиганинг бошқа клубларидан ҳам таклиф этилади.

— ЎФФ президенти «БАА билан ўйин миллий терма жамоа таркибига номзод бўлган янги ёшларни саралаб олиш ва уларни синовдан ўтказиш имконини беради» деб айтди. Ҳозирдан кўз остингизга олиб қўйган шундай ёшлар борми?

— Терма жамоаларимизга номзод бўлган, миллий терма жамоанинг келажаги бўлмиш 50 дан ортиқ ёшлар бор. Улар орасидан терма жамоа учун керакли футболчи бўлиши мумкин бўлган муносиб ёшларни  йиғинга жалб этмоқчимиз. Аммо айтганимдек, ҳали бу борада ишларни энди бошлайман. Ҳозирда Олий Лигада иқтидорли ёшлар жуда кўп. Уларни кузатиш учун озгина вақтимиз бор. Улар орасидан терманинг эртаси бўладиган муносибларини йиғинга чақирамиз. БААдаги йиғинда легионерлар иштирок этмаслиги боис, бор эътиборни Олий Лигадаги футболчиларимизга қаратамиз.

— Термада вақтинчалик ишласангизда бу «Насаф»даги фаолиятингизга таъсир қилмайдими?

— Албатта, мен «Насаф» билан бирга бўлишим керак. Аммо, олдимизда ҳозирда муҳим ўйинлар йўқлиги боис, терма жамоа учун ҳам асосий ишларни бошлаб юборамиз. Ўйлайманки, клуб учун ҳам, терма жамоа учун ҳам вақт топамиз. Бу клубдаги ишимга салбий таъсир қилмайди.

— Рўзиқул ака, ўз вақтида Миржалол Қосимов терма жамоадан кетаётганида ЎФФга айнан сизнинг номзодингизни айтган ва бу ҳақда сизга ҳам қўнғироқ қилган экан. Шу ростми?

— Йўқ, бўлмаган гап. Мени олдин термага таклиф қилишмаган, қўнғироқ ҳам бўлмаган. ЎФФдан илк бор таклиф олдим.

— Терма жамоа улкан маъсулият эканлиги маълум. ЎФФ таклифини эшитгач, термани бошқариш сизни чўчитмадими?

— Йўқ, чўчитди демаган бўлардим. Бу иш жуда маъсулиятли эканлигини сезиб турсамда, раҳбарлар ишонишган экан, рад этмай, ишончни оқлашим керак, дея қарор қилдим.

— Айнан қачондан бошлаб, бор эътиборни терма жамоага қаратасиз?

— Олий Лиганинг келаётган 27-тур учрашувларидан сўнг, миллий терма жамоамиз билан ишни бошлаймиз. Режаларимиз ўзгармаса, 6 ноябрь кунидан бошлаб йиғинга киришиб, БАА билан бўладиган учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди, «Эрудит Спорт» газетаси.

Манба: www.erudit-sport.uz
Киритилди: 14:08, 02.11.2017.
Ўқилди: 6202 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.