Европа лигасининг 4-турида Португалиянинг "Витория Гимараэш" клуби ўз майдонида Франциянинг "Марсель" жамоасини қабул қилди. Меҳмонлар ҳимоячиси Патриса Эвра ўйин бошланмасидан олдин қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
Футболчилар ўйинолди машғулотини ўтказишаётган пайтда "Марсель" клуби мухлислари трибунадан туриб ҳақоратловчи сўзлар билан Эврага бақира бошлашди. Орадан бироз ўтиб ишқибозлар майдон четига тушишди. Шу пайтда Патрис уларнинг олдига борди ва оёғини баланд кўтариб, карате услубида мухлиснинг бошига зарба берди.
Ўйинчилар ва "Марсель" мухлислари ўртасида юзага келган тўполонни стадион қўриқчилари бартараф этишди. Патрис Эвра ушбу ҳаракати учун қизил карточка билан жазоланди. 36 ёшли футболчи Европа лигаси доирасида ўйин бошланмасдан олдин майдондан четлатилган дастлабки футболчи бўлди.
Эвра захира таркибига киритилгани боис унинг четлатилиши майдондаги ўйинчилар сонига таъсир кўрсатмади. Бу учрашувда "Гимараэш" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эвра 2017 йилнинг январь ойидан бошлаб «Марсель»да ўйнаб келмоқда. У «Ювентус»да 2,5 йил фаолият юритиб, эркин агент сифатида француз жамоасига келиб қўшилганди. Унинг марселликлар билан шартномаси ушбу мавсум охирига қадар тузилган.
Эвра «Юве»га келгунга қадар 8 мавсум давомида «Манчестер Юнайтед»да ўйнаган. Манкунианликлар сафида ўйнаган яна бир француз футболчиси – Эрик Кантона шунга ўхшаш ҳолатда мухлисга ҳужум қилганди. Ўшанда «МЮ» афсонаси 8 ойга дисквалификация қилинганди.