Тажрибали ҳужумчи Камолиддин Мурзоев учун бу йилги мавсум бироз омадсиз ўтмоқда.
Сурункали жароҳатлар футболчининг ўзи истагандек ўйин намойиш этишига тўсқинлик қиляпти. Боз устига, унинг жамоаси «Олмалиқ» ҳам иккинчи даврани мухлислар, мураббийлар ва клуб раҳбарияти кутганчалик ўтказмаяпти.
Оралиқ танаффусга 4-ўринда чиқиб кетган олмалиқликлар чемпионат якунланишига бешта тур қолган бир пайтда ўртамиёналар сафига қўшилиб қолишган.
Виктор Кумиков бошчилигидаги мураббийлар штаби якун чиройли бўлиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳозирча вазият деярли ўзгаришсиз қоляпти.
Биз омадсизлик исканжасидан батамом чиқиб кета олмаётган Камолиддин Мурзоев билан боғланиб, унинг мавзу доирасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Камолиддин, мухлислар сизни бироз йўқотиб қўйгандек бўлишди. Бу жароҳатлар таъсириданми ёки бошқа сабаблар борми?
- Биринчи тахминингиз тўғри. Афсуски, жароҳат туфайли кўп вақтимни майдондан ташқарида ўтказдим. Иккинчи даврада ҳам асосан жароҳатни даволаш билан банд бўляпман.
- Ҳозир ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?
- Ҳали ҳам жароҳат асоратлари бор. Лекин шундай бўлишига қарамай, охирги икки учрашувда майдонга тушдим. Оғриқ қолдирувчи уколлар ёрдамида ўйнашимга тўғри келди.
- Бу эски жароҳатми ёки шу йил орттириб олдингизми?
- Ўтган йили олгандим. Ҳали тўлалигича битиб кетмади. Тўлақонли куч билан ҳаракат қилганимда, югурганимда оғриқ беряпти.
- Жароҳат оёғингизнинг қайси қисмида? Шифокорлар қандай ташхис қўйишяпти?
- Чап тиззамда. Шу йил қишда Германияда жарроҳлик столига ётгандим, ўша ерда муолажа олганман.
- Сурункалимасми?
- Йўқ. Кучли юкламалардан сўнг шамоллатиб қўйганман. Шу безовта қилади.
- «Олмалиқ» иккинчи даврани кўнгилдагидек ўтказа олмаяпти. Шахсан ўзингиз бунинг сабабларини таҳлил қилиб кўрдингизми?
- Хабарингиз бор, бу йил жамоамиз таркиби 70 фоизга янгиланди. Клуб олдига катта вазифалар қўйилганди. Биринчи даврани ижобий кўринишда якунладик. Кучли тўртликдан жой эгаллаб тургандик. Ҳамма нарса ўз қўлимизда эди.
Иккинчи даврага тайёргарлик ҳам юқори савияда ташкил этилди. Беларусь давлатида хориж йиғинини ўтказиб қайтдик. Йиғин доирасида бир нечта ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказилди. Шунингдек, сафимизга тажрибали футболчилар келиб қўшилишди.
Аммо иккинчи даврада биз ўйлаган, мухлислар кутган натижа кузатилмаяпти. Шахсий фикрим, омад биздан очиқчасига юз ўгирди.
Футболда юқори натижага эришиш учун бир йил камлик қилади. Янги келганларнинг бир-бирини тўлиқ тушуниб ўйнаб кетиши учун вақт керак.
- Жамоада ечимини кутаётган қандай муаммолар бор? Ёки сизларга фақат омад етишмаяптими? Маошларни вақтида оляпсизларми?