The Best FIFA Football Awards 2017 лауреатларини тақдирлаш маросими якунлангач, йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган Криштиану Роналду ФИФА расмий сайтига интервью берди.
Эслатиб ўтамиз, португалиялик ҳужумчи жорий йилнинг 24 август куни Европанинг энг яхши футболчиси номига ҳам сазовор бўлганди.
- Мазкур совринни кетма-кет иккинчи марта қўлга киритдингиз. Кўнглингиздан қандай ҳиссиётлар кечмоқда?
- Ажойиб кун, эсдан чиқмайдиган лаҳзаларга бой оқшом. Жамоадаги дўстларим, мени қўллаб-қувватлаган барча яқинларимга миннатдорчилик билдираман. Ҳозир жуда бахтлиман, ўйлайманки, фаолиятимдаги энг ёрқин кунларни бошдан кечиряпман. Ақлга сиғмас даражада хурсандман.
- Сизни бешинчи марта дунёнинг энг кучли футболчиси сифатида тан олишди...
- Фаолиятимни бошлаганимда, олдимга катта мақсадлар қўйгандим. Ўйлашимча, ниятларим амалга ошишда давом этмоқда. Шахсий совринларни қўлга киритиш мени янада кучли бўлишга ундайди, юқори даражада тўп суришимга ёрдам беради.
- ЕЧЛда яна ғолиб чиқишни истайсизми?
- Албатта, хоҳлайман. «Реал» билан УЕФА суперкубогида «Манчестер Юнайтед»ни, Испания суперкубогида «Барселона»ни мағлуб этдик. «Реал»да ўйнайдиган ҳар бир футболчида барча совринларни ютиш учун катта имконият пайдо бўлади. Фақат ундан унумли фойдалана олсангиз, марра сизники.
- Португалия терма жамоасида ҳам буюк ишларни амалга оширдингиз...
- Ҳа, Евро-2016 мусобақасида қозонилган ғалаба жуда муҳим эди. Ўша финалга қадар халқаро майдонда бирор-бир совринга эга чиқмагандик. Яратганнинг ёрдами билан узоқ кутилган ниятимга эришдим. Бу йил ҳам термамиз Россия мундиали йўлланмасини нақд қилди. Саралаш ўйинлари кутилганидан қийин ўтди, аммо якунда ҳаммаси яхшилик билан тугади. Жамоанинг барча аъзолари ЖЧга чиқишимизга ишонишганди, барчамиз шунга кўра ҳаракат қилдик. Швейцария термасига қарши кечган баҳсда сўнггги имкониятдан фойдаланиб, вазифани бажардик.
- Португалия миллий жамоаси Конфедерациялар кубогида муваффақиятсиз қатнашди. Келаси йили эса термангиз сафида яна руслар юртига борасиз. Бу ҳолат такрорланиши мумкинми?
- Россия майдонларида бир неча маротаба ўйнаганман. Москвада ЕЧЛ финалини ўтказиб, ғалаба қозонганман. Ушбу мамлакат менга кўп маротаба омад келтирган. Фақат бу йил Португалия термаси Конфедерациялар кубогида ўйлаган мақсадига етолмади. Чилига пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, турнир билан эрта хайрлашишга мажбур бўлдик. «Нуқта»дан тўп тепиш лотереяга ўхшайди - бир ютасан, бир ютқазасан. Нима ҳам дердим, КК терма жамоа учун янги марралар сари кўприк вазифасини бажарди.
- Айрим футбол мутахассислари ҳозирданоқ Португалия термасини мундиал фаворитлари орасига қўшишмоқда...
- Тўғри, биз Европанинг амалдаги чемпионларимиз. Бу эса, табиийки, ўзимизга бўлган ишончни янада орттиради. Лекин мен Евро-2016дан олдин айтган фикримни яна қайтармоқчиман: Португалия - катта мусобақаларда ҳеч қачон фаворит ҳисобланмаган. Биздан кучли жамоалар бор, лекин термамиз истаса, барчани ҳайрон қолдира олади.
- Шахсий совринлар борасида ҳар гал рақибларни ортда қолдиргансиз. Бу сафар ҳам Неймар ва Месси каби кучли футболчилар сизга рақобат туғдиришди... ДАВОМИ