Англия профессионал футболчилар Ассоциацияси раҳбари Гордон Тэйлор мамлакатдаги болалар футболи тизимида тўпни бош билан ўйнашни тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда ВВС хабар тарқатди.
АҚШда ҳозирги кунга қадар 11 ёшгача бўлган болаларнинг бош билан ўйнаши тақиқланган. 11 ёшдан 13 ёшгача бўлган болаларда эса бош билан ўйнаш учун маълум чекловлар билангина рухсат берилган.
«Бу фикрга қўшиламан. Футболда тўпни бош билан ўйнаш бўйича турли амалиётлар бўлиб келган. 1950-60 йилларда эски тўплар жуда оғир бўлган.
Ҳозирги замонавий тўплар анча енгил ҳисобланади. Аммо АҚШда 11 ёшгача бўлган болалар бош билан ўйнаши мумкин эмас. Ҳозирча ёшлик даврида тўпни бош билан ўйнаш соғлиқ учун қанчалик зарар экани бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар аниқ хулоса бермагунча бу ўзгаришсиз қолади», – деган Тэйлор.
Олдинроқ, Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Алан Ширер BBC томонидан тайёрланган махсус ҳужжатли фильмда чиқиш қилган ва мунтазам равишда бош билан ўйнаш бола организмининг ўсиши учун қанчалик зарар келтириши мумкинлиги борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашганди.
2012 «Вест Бромвич» ва Англия терма жамоаси собиқ футболчиси Жефф Астл бош миясидаги хасталик туфайли вафот этган.