Ўзбекистон 26-миллий чемпионати биринчи лигасида «Цементчи» кичик олтин медалларни қўлга киритди. Қувасойликлар лига чемпиони бўлиш баробарида олий лига йўлланмасига ҳам эга чиқишди.
Абдумалик Ҳакимов шогирдлари бутун мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишганини жамоа қайд этган натижалар ҳам тасдиқлаб турибди. «Цементчи» 34та учрашувнинг 27тасида ғалаба қозонди.
4 марта дуранг ўйнаб, 3та баҳсда мағлубият аламини тотиб кўрди. Тўплар нисбати 97-22. Жамоа 85 очко жамғарган ҳолда, энг яқин таъқибчиси «Истиқлол»ни 12 очко ортда қолдирди.
Ўтган ҳафта «Цементчи»нинг ўрнига олий лигада «Нефтчи» иштирок этиши мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар урчиди. Чунончи, ЎФФнинг олий лигада 12та жамоа қолиши ҳақидаги қароридан сўнг «Нефтчи»нинг биринчи лигага тушиб кетиши ойдинлашиб қолганди.
Биз ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида «Цементчи» бош мураббийи Абдумалик Ҳакимов билан боғландик.
- Абдумалик ака, биринчи галда, «Цементчи» жамоасини биринчи лига чемпиони бўлгани билан табриклаймиз. Назаримизда,бу натижага ортиқча қийинчиликсиз эришилди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Табрик учун раҳмат. Биласизми, мен бундай демаган бўлардим. Ҳар бир жамоа рақиблари қандай имконият беришига қараб ўйнайди.
Демоқчиманки, мавсум давомида ўзига яраша қийинчиликлар туғилди. Хуллас, олий лига йўлланмасини осонлик билан қўлга киритмадик.
- Лекин иккинчи ўриндаги жамоа билан очколар фарқи 12тани ташкил этди. Бу нимадан дарак беради?
- Гап шундаки, асосий рақибларга қарши кечган ўзаро ўйинларда ғалаба қозона олдик. Аввалдан асосий кураш шу жамоаларга қарши кечишини билардик.
- «Цементчи» муваффақиятининг сири нимада?
- Аҳиллик, ҳалоллик ва шаффофликда. Бундан ташқари, ҳар бир чизиқ бўйича жиддий ишладик. Меҳнатдан қочмадик. Футболчилар молиявий масалани биринчи ўринга қўйишмади. Ана шу омиллар бир бўлиб, жамоамизнинг умумий муваффақиятини таъминланди.
- Тақдирлаш маросими ўтказилдими?
- Асосий тадбир ҳали бўлгани йўқ. Лекин мухлислар билан ғалабани нишонладик.
- Мавсум аввалида жамоа олдига олий лигага чиқиш вазифаси қўйилганмиди ёки бу истак кейинчалик вазият тақозоси билан пайдо бўлдими?
- Йил бошида вилоят ҳокими жамоа олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган эди. Шу сабабли ҳам, чемпионатнинг 1-туриданоқ пешқадамликни ўз қўлимизга олишга ҳаракат қилдик ва буни амалда уддаладик.
- Олий лигага чиқиш учун асосий даъвогар сифатида қаралган «Андижон» кутилмаган натижа қайд этди. «Истиқлол» эса аксинча, кўпчиликни ўз ўйини билан ҳайратлантирди. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?
- Менимча, бу ички муҳит билан боғлиқ ҳолат.
- Иккала жамоа ҳақида ҳам шу фикрдамисиз?
- Ҳа, худди шундай. Иккисида ҳам ички муҳит ва руҳият билан боғлиқ ҳолат кўп нарсани ҳал қилган бўлиши мумкин.
- Эндиги режалар қандай? Жамоа қачон йиғилади? Футболчиларга неча кунлик таътил берилди?
- Янги мавсумга тайёргарликни декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида бошлашни мўлжаллаяпмиз. Лекин ҳозирча бу тахмин. Тез кунда тайёргарлик режасини ишлаб чиқиб, уни эълон қиламиз.
- Биринчи ва олий лига ўртасида катта тафовут бор. Элита жамоалари тайёргарликни эртароқ бошлайди. Шу маънода режа тузишда бу ҳолат эътиборга олинадими?
- Албатта. Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Олий лига умуман бошқа дунё. Тайёргарлик ҳам шунга монанд тарзда бўлади. Бу масалага жиддий қараяпмиз.
- Абдумалик ака, келаси йили олий лигада «Цементчи»нинг ўрнига Фарғона вилоятининг бош жамоаси - «Нефтчи» қатнашиши хусусидаги турли гап-сўзлар урчиди. Бу ҳақда шахсан ўзингиз ҳам эшитдингизми? ДАВОМИ