“Насаф” бугун ўз майдонида жуда муҳим учрашувни ўтказди. Йил ўйини мақомига эга бўлган учрашувда қаршиликлар “Пахтакор”ни йирик ҳисобда доғда қолдиришди.
Бу ғалаба, “аждарлар”нинг олий лигадаги 350-ғалабаси бўлди. Шунингдек “Насаф”, ўз тарихидаги иккинчи кумуш медални ва ОЧЛ-2018 йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Учрашувни меҳмонлар катта ташаббус билан бошлашди. Учрашувдаги илк хавфли вазият ҳам “Пахтакор” жамоаси томонидан ташкил этилди. Бу ҳолат стадионга ташриф буюрган футбол ишқибозларининг хавотирини икки ҳисса ортирган бўлса, ажаб эмас.
Аммо футболчиларимиз ўйин тизгинини секин аста қўлга кирита бошлашди. Энди жамоамиз рақибини кўпроқ тўпсиз қолдира бошлади. Бу албатта “Пахтакор” ўйинчиларининг асабийлашишига сабаб бўлди. Бу эса жамоамиз учун жуда қўлай эди. Аммо биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларигача таблодаги ҳисоб 0:0лигича ўзгармасдан қолаверди.
44-дақиқада ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумда Баҳром Абдураҳимов икки ҳимоячи орасидан тўпни Бобир Абдухолиқовга ошириб берди. Абдухолиқовни ҳимоячилар беэътибор қолдиришди. У тўпни бир зарба билан Лобанов қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди – 1:0.
Биринчи бўлим ана шу ҳисобда якунланди.
Иккинчи бўлимни меҳмонлар негадир сустроқ бошлашди. Футболчиларимизнинг эса ғалабага бўлган катта иштиёқи туфайли яна ҳужумларга зўр берилди.
Иккинчи бўлимнинг 15-дақиқаси ўтиб бораётганда ташкил этилган ҳужум, самара берди. Бу вазиятда ўнг қанотдан жарима майдонига оширилиб берган тўпни ҳимоячи Ҳожиакбар Алижонов қўли билан ўйнади. Учрашув ҳаками “Пахтакор” дарвозасига пенальти белгилади. Пенальтини Драган Черан жуда хотиржам тарзда голга айлантирди – 2:0.
Бу ҳисоб футболчиларимизни ҳам, стадионга ташриф буюрган мухлисларни ҳам кайфиятини анча кўтариб юборди. Энди ўйинчиларимизни тўхтатишга “Пахтакор” ўйинчиларининг кучи етмай қолган эди. Ўйин шундай тарзда давом этаётган бир пайтда, Александр Лобанов қўпол хатога йўл қўйди. У жамоадошидан тўпни қабул қилиб олди ва хотиржам тарзда тўпни оёғига ўнглаб олмоқчи бўлди, вазиятга яқин турган Абдураҳимов тўпга зарба берди, тўп эса дарвоза тўрига бориб тушди – 3:0.
Бу ҳисоб ўйин тақдирини ҳал қилган эди. Аммо футболчиларимиз бу ҳисоб билан ҳам қаноатланишмади. Иккинчи бўлимда майдонга тушган тезкор ўйинчимиз Ислом Кенжабоевда гол уришга айниқса иштиёқ кучли бўлди. У бир неча марта Лобановни саросимага солишга ҳам улгурди.
Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқада бу тезкор ва тиришқоқ ўйинчимиз жамоамизнинг 4-голига ҳаммуаллифлик қилди. У чап қанотдан катта тезлик билан дарвозага яқинлашиб борди ва зарба берди, аммо тўпни Лобанов қайтарди, қайтган тўпни Черан дарвозага жойлаб қўйди – 4:0.
Учрашув ана шу ҳисобда якунланди.
Шундай қилиб, муҳим учрашувда “Насаф” “Пахтакор”ни йирик, 4:0 ҳисобида доғда қолдирди. Офарин!
Бугунги учрашувда стадионга ташриф буюрган жамоамиз мухлисларининг ҳам ҳиссалари катта бўлди. Улар бугун ҳақиқий 12-ўйинчи ролини адо этишди.
“Насаф”га шундай мухлислик қилинг, “Насаф” эса фақат СИЗ учун ўйнайди! Клубимиз шундай мухлислари билан доимо фахрланади!
Чемпионатнинг сўнгги учрашувини жамоамиз сафарда “Навбаҳор” жамоасига қарши ўтказади. Учрашув 25 ноябр куни бўлиб ўтади.
ЎзПФЛ 29-тур
“Насаф” (Қарши) - “Пахтакор” (Тошкент) 4:0 (1:0). 18574 томошабин
19.11.2017. “Марказий” стадион. 14:00да
Бош ҳакам: Зокир Қодиров (Навоий)
Қанот ҳакамлари: Обид Жумаев, Руслан Самандаров (Навоий)
Захира ҳаками: Шуҳрат Ражабов (Бухоро).
Назоратчи: Алишер Абдуллаев (Тошкент).
ПФЛ вакили: Бобур Хайдаров.
Голлар: Бобир Абдухолиқов, 44’-1:0, Драган Черан (пен.), 60’-2:0, 90+1’-4:0, Баҳром Абдураҳимов, 77’-3:0.
“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 2.Акмал Шораҳмедов (с), 6.Азизжон Ғаниев (10.Дилшод Раҳматуллаев 88), 7.Одил Ҳамробеков, 18.Баҳром Абдураҳимов, 22.Игорь Голбан, 34.Фарруҳ Сайфиев, 45.Бобир Абдухолиқов (20.Ислом Кенжабоев 64), 69.Драган Черан, 77.Жасур Ҳасанов (4.Мақсуд Каримов 80), 92.Умарбек Эшмуродов.
Захира: 1.Умиджон Эргашев, 15.Шахбоз Эркинов, 27.Ислом Рашидхонов, 31.Сайдулло Раҳматов.
“Пахтакор”:12.Александр Лобанов, 3.Ҳожиакбар Алижонов, 8.Шерзодбек Каримов (22.Жасур Яхшибоев 60), 10.Жамшид Искандаров, 11.Игорь Сергеев, 21.Камолиддин Тожиев (с), 29.Владимир Козак, 52.Гиди Конюк (17.Суҳроб Нуриллаев 60), 55.Марко Симич (70.Шерзод Аъзамов 77), 77. Тиаго Безерре, 80.Ростин Гриффитс.
Захира: 25.Элдорбек Суююнов, 7.Азимжон Ахмедов, 24.Даврон Ҳошимов, 71.Забиҳилло Уринбоев.
Огоҳлантириш: Акмал Шораҳмедов (27) – Марко Симич (27), Шерзодбек Каримов (31).