Қатар юлдузлар лигаси қитъамиздаги энг кучли миллий биринчиликлардан бири саналади. Ҳамюртимиз Санжар Турсунов айни пайтда ушбу биринчилик вакили — «Харайтият» жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи мазкур клуб етакчиларидан бирига айланиб улгурди. Лекин унинг жамоаси учун чемпионат у қадар муваффақиятли бошланмади.
Яқинда мухбиримиз Турсунов билан суҳбатлашиб, турли мавзудаги саволларга жавоб олди.
— «Харайтият» учун Қатар юлдузлар лигасининг янги мавсуми қандай бошланди?
— Афсуски, у қадар муваффақиятли старт олмадик. Сабаби, дастлабки 2та беллашувда кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйдик. 3-турда эса ўйиннинг сўнгги дақиқасида гол ўтказиб, дуранг қайд этдик.
— Лекин жамоангиз қайд этаётган натижалар тобора яхшиланиб бормоқда...
— Ҳа, шундай. Стартни унчалик муваффақиятли олмаган бўлсак-да, кейинчалик ўйинимиз ва натижаларимиз нисбатан яхшилана бошлади.
Машғулотларда камчиликлар устида ишлаяпмиз. Олдинги ўйинларда йўл қўйилган хатоларни кейингиларида қайтармасликка интиляпмиз. Секин-аста мусобақа жадвалида ҳам юқорилай бошладик. Лекин кўплаб ўйинларда кутилмаганда гол ўтказиб юбориб, якунда дуранг қайд этаётганимиз ачинарли бўляпти.
— Чемпионатда иштирок этаётган жамоалар ўртасидаги тафовут каттами?
— Йўқ. Қатар юлдузлар лигаси иштирокчилари ўртасидаги фарқ у қадар сезиларли эмас. Тўғри, мусобақа жадвалидаги етакчилар очко йиғиш борасида аутсайдерлардан анча ўзиб кетишди.
Бунинг асосий омили эса ушбу клублар сафида Қатар фуқаролигини олган хорижлик футболчилар сони кўп эканидадир. Бошқа жиҳатлар бўйича жамоалар савияси бир-бирига яқин, дея оламан.
Буни етакчилар ва қуйи поғонада бораётган клубларнинг ўзаро ўйинларида кутилмаган натижалар тез-тез қайд этилишидан ҳам билиш мумкин.
Кўпинча фаворит деб қаралган жамоалар ҳам пастки ўриндагиларга имкониятни бой бериб қўйишади. Бу Қатар чемпионатида нормал ҳолат саналади.
— Ушбу мавсум олдидан «Ал-Жаиш» ҳамда «Лахвия» негизида янги «Дуҳайл» клуби тузилди. Айнан шу жамоа ҳозир юлдузлар лигасида пешқадамлик қилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, «Дуҳайл»нинг ташкил этилгани Қатар чемпионатини кучайтирдими? Бу клуб бошқа иштирокчилардан анча кучайиб кетмадимикан?
— Ҳа, мавсум олдидан «Лахвия» ва «Ал-Жаиш» бирлаштирилиб, эндиликда «Дуҳайл» номи остида чемпионатда иштирок этмоқда. Янги тузилган жамоа ҳар иккала клубдан ҳам энг маҳоратли футболчиларни саралаб олди.
Ҳозир уларда жуда кучли таркиб мавжуд, мусобақа жадвалини бошқариб боришаётгани ҳам бежиз эмас. Лекин агар «Лахвия» ва «Ал-Жаиш» бўлганида ҳам чемпионат бундан зерикарли ўтмасди.
Шу боис «Дуҳайл»нинг тузилгани чемпионатни кучайтирдими?», деган саволга ҳозирча аниқ жавоб беришга шошмаслик керак, фикримча.
— Айни пайт ўзингиз намойиш этаётган ўйиндан кўнглингиз тўляптими?
— Агар футболчи ўз ўйинимдан қониқяпман, деса ўсишдан тўхтаб қолади. Мен ҳам ҳозирги ҳолатим билан чекланмай, машғулотларда астойдил ишлаяпман. Буни мураббийлар штаби кўряпти ва мунтазам ўйнаш имконини тақдим этяпти.
Мен ҳам улар билдираётган ишончни оқлашга уриняпман. Ҳар бир учрашувда жамоамиз ғалабасига ўз ҳиссамни қўшишга интиляпман. Насиб этса, жорий мавсум «Харайтият» билан яхши натижаларга эришмоқчиман.
— «Харайтият» олдига мавсумда қандай вазифа белгиланган?
— Жамоамиз секин-аста ўз инфратузилмасини яхшилаб бормоқда, рақобатбардош жамоа шакллантирилмоқда.
Бунинг учун мураббийлар штабига қулай шароит ва етарлича вақт тақдим этиляпти. Шу сабабли ҳам клуб раҳбарияти олдимизга ўтган йилгидан кўра юқорироқ ўринни эгаллаш вазифасини қўйди.
— Темурхўжа Абдухолиқов ҳам Қатарда фаолият олиб бормоқда. Унинг тез-тез гол ураётгани сизни ҳам қувонтираётгандир?!
— Албатта! Темурхўжа — яқин дўстим. Унинг юлдузлар лигасида тўпурарлар орасида бораётганидан жуда хурсандман. Абдухолиқов ўйнаётган жамоа ўйинларига ҳам бефарқ эмасман.
«Ас-Сайлия» қайд этаётган натижалар билан қизиқиб тураман. Айниқса, ҳамюрт бўлганимиз учун ҳам Темурхўжанинг тўпурарлар пойгасида етакчилардан бири экани қувонч бағишлаяпти.
— Қатар чемпионатида 12та жамоа қатнашади. Келаси мавсумдан бошлаб Ўзбекистон элитасида ҳам шунча иштирокчи қолади. Ушбу формат остидаги биринчилик қизиқарлироқ ўтади, деган фикрга қўшиласизми?
— Ҳа, юлдузлар лигасидаги жамоалар 12тани ташкил этиши рост. Бироқ Ўзбекистон ҳудуд жиҳатидан ва аҳоли сони бўйича Қатардан анча катта. Шу сабабли ҳам аввалдан бизда иштирокчилар кўпроқ бўлиб келган.
Лекин эндиликда қатнашчилар рўйхати қисқартирилади. Шу тариқа рақобатбардошликни ошириш мақсад қилингани тайин. 12та жамоанинг барчаси куч жиҳатидан бир-бирига яқин бўлса, чемпионат қизиқарли ва томошабоп кечиши аниқ. Шунда ҳар бир учрашув шиддатли тарзда ўтади.
Зокир Шоҳ суҳбатлашди.