Газетани тўлдириш ҳам осон бўлиб қолди. Илгари нима ҳақда ёзишни билмай, роса бош қотирардик. Энди эса мавзу ўз-ўзидан ёғилиб келди.
ЎФФ кунда-кунора янгиликка қўл уриб турибди ва ёзишни хоҳлаган қаламкаш ҳаммасига бирма-бир муносабат билдириши мумкин.
Муболаға учун узр, аммо авваллари 10 йилда ҳам кузатилмаган ишларни энди 10 кундаёқ кўряпмиз. Мана, Ўзбекистон чемпионати бош турнирида 12та жамоа қолиши ҳақидаги қарорни ҳазм қилмасимиздан олий лига атамаси билан хайрлашдик.
Хуллас, кейинги мавсумдан кучлилар дивизиони жарангдор ном билан йўлга чиқади - Суперлига. Про-лига номи берилган қуйи дивизионда эса фақат 24 ёшгача бўлган футболчилар ўйнашлари мумкин.
Хўш, бу янгиликлар футболимизга нима беради? Келинг, ҳаммасига батафсил тўхталиб, янгиликларнинг ижобий ва салбий жиҳатларига бирров назар соламиз...
12та ЖАМОА
Олий лига, кечирасиз, Суперлигада 12та жамоада иштирок этиши яхшими? Яхши. Ишонинг, бунинг ижобий жиҳатлари жуда кўп. Регламент ва унга амал қилинмагани ҳақидаги гап-сўзларнинг барчасини четга суриб айтсак, аслида бу тизимга аллақачон ўтиш керак эди.
Элитада 16та жамоа иштирок этиши учун қуйидан юқорига чиқишни истайдиган камида 5-6та клуб бўлиши шарт. Аммо аввалги тизимда шундай рақобат бормиди? Аксинча, чемпионат тарихида олий лига йўлланмасини қўлга киритган ҳолда, кучлилар қаторида ўйнашдан бош тортган жамоалар етарлича учраган.
Дейлик, охирги йилларда элитадан қуйига фақат битта жамоа тушиб кетишию, иккинчиси «плей-офф» орқали ўз жойини сақлаб қолишига кўникиб улгургандик. Ўзингиз бир эслаб кўринг, биринчи лигада 2-ўринни олган бирор клуб «олий»нинг 15-жамоасини енгиб, элитага чиққанми? Йўқ. Чунки клубларда бунга алоҳида хоҳиш ҳам сезилмаган. Хулоса шуки, бош лигада 16та жамоа сақлаб қолиб, нимага эришардик?
Айтиш мумкинки, шу вақтга қадар ўзимизни алдаб келдик. Олий лигада ўйнаш учун камида 20-22та жамоа даъвогар саналмас экан, 16талик тизимда қолиш мантиқсиздан бошқа нарса эмасди. Энди ҳаммаси жойига тушади.
Суперлигада 12та жамоа ўйнайди ва Про-лиганинг камида 5та вакили элитага чиқиш учун чинакамига даъвогарлик қилиши кутилмоқда. Бу эса рақобат, спорт тамойиллари равнақ топишига хизмат қилмайдими? Буларнинг барчаси ижобий жиҳат, албатта.
ЭЪТИРОЗ, ДАВОМИ