«Милан» бош мураббийи Женнаро Гаттузо Италия А сериясининг 15-тури доирасида «Беневенто»га қарши бўлиб ўтган ўйин (2:2) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Йигитлар бор кучларини беришди. Биз ғалати гол ўтказиб юбордик — шунчаки омадимиз келмади. Иштиёқ ва интилиш учун ўйинчиларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бугун олган руҳий жароҳатимизни даволаб, жисмоний ҳолатимизни ва руҳий ҳолатимизни яхшилаш устида ишлаймиз. Лекин бугунги ўйин учун футболчиларга эътирозим йўқ.
Биз янада яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди, боиси, тўпни кўп марта йўқотдик. Янги нарсани синаб кўриш — бу яхши. Аммо мағлубиятларга қарамай, «Беневенто» сўнгги пайтларда яхши ўйнаётганини билардик. Олдин узун йўл кутиб турибди. Ўйинимизни такомиллаштириш учун вақтимиз бўлади», — деди Гаттузо.