Ўзбекистоннинг 14 та футбол клуби ОФК лицензия талабларини бажара олган. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев Twitter саҳифаси орқали маълумот берди.
"ОФК семинарида Ўзбекистоннинг 14 та клуби лицензиядан ўтгани айтилди. Энди Олий Лиганинг қайси клуби лицензия ололмаганини аниқлаш қолди", - Алишер Никимбаев, мутахассис.
Аввалроқ ЎФФ лицензиялашдан ўта олмаган клубларга Олий Лигада жой йўқлиги ҳақида айтиб ўтганди. Қолаверса, ташкилот келаси йилдан бошлаб Ўзбекистон Олий Лигасида 12 та клуб тўп суриши борасида қарор ҳам чиқариб қўйган.
Олий Лигада мавсум якунига етмай туриб, Тошкентнинг «Обод» клуби мусобақадан четлаштирилганди. Аввалроқ ФИФА Ғузорнинг «Шўртан» клубини элитадан четлаштиришни сўраб, ЎФФга мактуб ёзганди. Бунда «Обод»нинг Олий Лигада ўйнамаслиги 100 фоиз аниқ бўлиб улгурган. Қолган 15 та клубдан қай бири лицензиялашни муваффақиятли якунлай олмагани маълум эмас.
Биринчи Лига якунларига кўра, «Цементчи» футбол клуби Олий Лигага қадам қўйганди. Мазкур жамоа вакиллари ҳам лицензиялашда иштирок этганми ёки йўқ — аниқ эмас.
Энди футбол жамоатчилиги бу борада ЎФФ ва ПФЛ баёнотини кутади.