Ўзбекистон кубоги финал учрашуви билан юртимизда жорий йилги футбол мавсумига расман якун ясалди.
Энди жамоалар тахминан 20 декабрдан янги мавсумга қаратилган тайёргарлик жараёнига киришади.
Финал иштирокчилари - «Бунёдкор» ва «Локомотив»дан фарқли равишда, қолган клублар олдинроқ таътилга чиққанди.
Маълум бўлишича, муддатидан аввал олий лига йўлланмасини қўлга киритган «Цементчи» биринчилар қатори, яъни келаси ҳафтадан Суперлига номи остида ўтказиладиган янги чемпионатга тайёргарлик ишларини бошлайди.
Абдумалик Ҳакимов шогирдлари якунланган мавсум 85 очко билан кичик олтин медалга эга чиқиб, элитага йўл олишганини айтиш ўринли.
Хуллас, яқинда «Цементчи» сардори Даврон Маматовдан айнан мавсум тадориги юзасидан интервью олдик.
- Даврон, «Цементчи» келаси мавсум Суперлигада ўйнайди. Клуб раҳбарияти тайёргарлик режасини маълум қилдими? Машғулотлар қачон бошланади?
- Ҳозирча аниқ эмас. Лекин билишимча, 11 декабрдан мавсум тадориги бошланади. Янги йил байрамига қадар илк ўқув-машғулотлар йиғини клуб қароргоҳида олиб борилади.
- Жамоанинг кучлилар қаторида ўйнашига жиддий эътибор қаратиляптими? Қандай ўзгаришлар бор?
- Таътилда бўлганимиз боис, ҳеч нарсадан хабаримиз йўқ. Лекин жиддий ёндашилиши аниқ, ҳар ҳолда, олий лига бошқа мусобақа.
- Хўш, сизнингча, «Цементчи» Суперлига босимига тайёрми?
- Ўйлайманки, ҳа. Муҳими, ўз меҳнатимиз эвазига кучлилар сафига қўшилдик. Энди келаси йили шунчаки, бир мавсум ўйнаш учун чиқмаганимизни исботлашимиз керак. Менимча, «Цементчи» олий лигада йўқолиб қолмайди. Жамоада ўз ўрнини топиш учун салоҳият ва имконият етарли.
- Лекин биринчи ва олий лига ўртасида катта тафовут бор ва сизларга осон бўлмаслиги тайин. Буни ҳис қиляпсизларми?
- Фикрингизга 100 фоиз қўшиламан. Асосийси, жамоамизда кўзлари ёниб турадиган иқтидорли йигитлар кўп. Қолаверса, бош мураббийимиз Абдумалик Ҳакимов ҳали таркибни элитада ўйнаш тажрибасига эга футболчилар билан тўлдирса керак.
- Келаси йили Суперлигада 12та жамоа иштирок этади. Бу нисбатан кучсизроқ жамоаларга қўшимча қийинчиликларни юзага келтириши хусусидаги фикрларга қўшиласизми?
- Нима бўлишидан қатъий назар, иштирокчилар шунга яраша тайёргарлик кўришади. Таркиб ҳам мос равишда кучайтирилади. Асосийси, ўткинчи ўйинлар кузатилмайди.
Демак, ҳар бир жамоа имкон қадар юқорига интилади. Ўйлайманки, жамоамиз мутасаддилари шунга мувофиқ, шароитлар яратиб беришади, таркиб элита талабига мослаштирилади.
- Умуман, 12та жамоали турнирга муносабатингиз қандай?
- Шахсан менга қолса, 16та жамоа ўйнагани яхши эди. Фақат клублар олдига қўйиладиган талабларни кучайтиришса бўларди.
- Масалан, қандай талабларни?
- ПФЛ жамоалар сонини қисқартириш эвазига футбол сифатини оширишни кўзламоқда. Аммо 16та иштирокчи билан ҳам бу мақсадга эришиш мумкин эди, яъни талабларни кескинлаштириш йўли орқали.
- Клуб билан шартномангиз муддатини узайтирдингизми?
- Бу иш яқин кунларда амалга ошади. Ҳар ҳолда, элитада ҳам «Цементчи»га ёрдам бермоқчиман.
- Мавсум якунлари ҳақида қандай фикрдасиз? Биринчи лигада кураш кузатилдими? ДАВОМИ