ЎФФ қарори билан Фарғонанинг «Нефтчи» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов номуайян муддатга футболдан четлатилганди. «Газета.uz» шу масала юзасидан ЎФФ позициясини билишга ҳаракат қилди.
Номи эълон қилинмаган ЎФФ ходимининг нашрга баён қилишича, Вадим Абрамов ўзининг ҳар қандай эътирозини айнан ЎФФ раҳбариятига билдириши керак эди. Бу ишни мутахассис ОАВ орқали амалга ошириб, хатога йўл қўйган. Аввалроқ Вадим Абрамов «Championat.asia» нашри орқали ПФЛнинг янги — 12 клублик тизимга тезлик билан ўтилишини танқид остига олган бўлса, футболдан четлатилгач, ПФЛ футболчилардан талаб қилаётган норматив ҳақида кескин фикр билдирганди.
Федерациядаги манбанинг айтишича, номуайян муддатга футболдан четлатилган Вадим Абрамов ўз хатосини тан олиб, ташкилот раҳбариятидан узр сўраса, ЎФФ уни кечириши ва футболга қайтариши мумкин.
Абрамов янги формат ҳақидаги фикрини баён қилганига 1,5 ой бўлди. Мана шу орада ЎФФ нега қарор чиқармагани борасида аниқ фикрлар йўқ. Қолаверса, Абрамовдан кейин «Сўғдиёна» бош мураббийи Игорь Шквирин, «Динамо» устози Олег Тюлкин ҳам кескин қарор борасида танқидий фикр билдирганди.
«Нефтчи» устози ЎФФда бўлиб ўтган клуб мураббийлари иштирокидаги мажлисдан сўнг футболдан четлатилди. Ўша мажлис ва четлатиш ҳақидаги қарор орасидаги вақт ичида Вадим Абрамов ОАВ билан суҳбатда бўлмаган. Мураббийнинг ўзи ҳам нима сабабдан четлатилгани масаласидаги саволга ЎФФдаги йиғилиш масаласи билан жавоб қайтарган.