Бугун, 23 декабрь куни Испания чемпионатининг 17-туридан ўрин олган “Реал” ҳамда “Барселона” клублари ўртасидаги “эл-класико” баҳси бўлиб ўтди.
Қизиқарли ва шиддатли кечган баҳсда, меҳмонлар 3:0 ҳисобида зафар қучишди.
Дастлаб, ўйиннинг 2-дақиқасида Криштиану Роналду ҳисобни очганди, бироқ ҳакам бу ҳолатда унинг оффсайдда қолиб кетганини кўрсатди. Натижада гол инобатга олинмади.
Жамоалар биринчи бўлимда турли ҳил хавфли вазиятларни голга айлантира олишмади ва илк 45-дақиқа мана шундай ҳисобда якунланди.
Бироқ иккинчи бўлимда “қироллик клуби”ни кутилмаган совғалар кутиб турарди.
Жумладан, 54-дақиқада Луис Суарес “Реал” ҳимоячилари йўл қўйган хато эвазига ҳисобни очди. 64-дақиқага келиб, меҳмонлар яна навбатдаги хавфли ҳужумларини уюштиришди.
Оқибатда, мадридлик футболчилар ўз жарима майдончаларида хатога йўл қўйишди, Мессининг йўллаган зарбаси голга айланганди.
Бироқ бу вазиятда Дани Карвахаль тўпни қўли билан ўйнагани учун унга тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилди. Ҳакам дастлаб, голни инобатга олмади, аммо “Реал” дарвозасига пенальти белгилади.
11-метрлик жарима зарбасини эса Лионель Месси аниқ амалга ошириб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Мадридликлар эса майдонда бир киши кам, яъни 10 та бўлиб ўйинни давом эттиришга мажбур бўлишди.
Шундан сўнг, ҳар икки жамоа ҳам ҳужумкор ўйин кўрсата бошлади. Мухлислар футболчилар томонидан амалга оширилган бир неча ҳужумларни томоша қилишга муваффақ бўлишди.
Ўйиннинг якуний лаҳзаларида захирадан майдонга туширилган, Алейш Видаль “Барселона”нинг учинчи голини уриб, ҳисобни йириклаштирди ва жамоасининг чемпионлик учун бўлган навбатдаги муҳим ғалабасини таминлади.
Ла-Лига, 17-тур.
“Реал Мадрид” – “Барселона” 0:3.
Голлар: 0:1 – 54 Суарес, 0:2 – 64, пенальти Месси, 0:3 – 90 Алеиш Видаль.
“Реал Мадрид”: Навас, Варан, Марсело, Карвахаль, Рамос, Ковачич (Бэйл, 72), Каземиро (Асенсио, 72), Модрич, Кроос, Бензема (Начо, 66), Роналду.
“Барселона”: тер Стеген, Вермален, Пике, Альба, Паулиньо (Андре Гомеш, 84), Серджи Роберто (Алеиш Видаль, 90), Бускетс, Ракитич, Иньеста (Нелсон Семеду, 77), Месси, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Вермален (18), Рамос (59), Марсело (83), Бускетс (88).
Четлатиш: Карвахаль (63).