Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Забиҳилло Ўринбоев: «Ғолибона юришни Осиё чемпионатида давом эттирамиз»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-23) Таиланднинг Бурирам шаҳридан халқаро турнир ғолиби сифатида қайтди.

Равшан Ҳайдаров шогирдлари М-150 Cup мусобақаси финал учрашувида япониялик тенгқурларини мағлуб этишди. Асосий вақтда кучлар тенг келгач (2:2), пенальтилар сериясида омад ёшларимизга кулиб боқди.

Ушбу ғалаба терма жамоамизга бош соврин билан бирга 20 минг доллар миқдорида мукофот пули келтирди. Терма жамоа сардори Забиҳилло Ўринбоев эса финалнинг энг яхши футболчиси, деб топилди.

Қолаверса, у 4та гол билан М-15 Cupнинг энг яхши тўпурарига аталган совринга ҳам эга чиқди. Терма жамоамиз делегацияси Тошкентга қайтгач, айнан Забиҳиллони тортиб турнир таасуротлари билан қизиқдик.

- Забиҳилло, чемпионлик йўли оғирлиги тайин. Боз устига, илк ўйинда Мьянма термаси билан дуранг қайд этилгач, жамоамизга нисбатан ишончсизлик туғилганди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Ҳа, турнир дарҳақиқат, биз учун омадсиз бошланди. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Баҳона эмас, айнан сабаблар. Биринчидан, таркибдаги йигитлар анчадан буён бирга ўйнашмаганди. И

ккинчидан, асосий эътибор Осиё чемпионатига қаратилгани боис, ўқув-машғулот йиғинлари ва ўртоқлик учрашувларида турли тактик схемалар амалда синаб кўрилди.

Шу ҳолат мьянмаликлар билан баҳсда ўз таъсирини ўтказди, чамамда. Муҳими, ўйиндан-ўйинга жамоа ҳаракатида ёрқинлик кўзга ташланди. Яъни ўйинимиз кучайиб борди ва якунда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилдик.

- Демакки, илк турдаги дуранг соф тасодиф, шундайми?

- Менимча, бунда айнан тасодифнинг ўрни катта, албатта.

- Бурирам томон узоқ парвоз ва об-ҳаво ҳам таъсир қилгандир...

- Ҳа, баҳона эмасу, кўп жиҳатлар таъсири сезилди. Лекин ҳаммаси ўз қўлимизда эди. Ўша биринчи ўйиндан кейин йигитлар ўзаро жиддий гаплашиб олдик. Ҳамманинг фикри бир жойдан чиқди - айб ўзимизда, барчасини тўғрилаш ҳам қўлимизда!

- Балки рақиб кучига тўғри баҳо берилмагандир...

- Йўқ, асло. Ҳеч бир футболчида рақибни менсимаслик ҳолати кузатилмади. Мақсадимиз Осиё чемпионатида зафар қучиш экан, қитъанинг ҳар қандай жамоасига жиддий ёндашишимиз шарт.

- Гуруҳ доирасидаги иккинчи ўйинда Вьетнам термаси мағлуб этилди. Чунончи, бошқа натижа финалга олиб чиқмасди. Бу учрашув қандай ўтди?

- Аввалига Вьетнам жамоаси ўйинини обдон таҳлил қилдик. Айтиш керак, Вьетнам футболида ижобий томонга яхшигина силжиш бор. Хусусан, ёшлар термаси ҳам анча кучайган. Айтганингиздек, ўйиннинг аҳамияти юқори эди.

Боз устига, вьетнамликлар биздан очко тортиб олган Мьянма термасини йирик ҳисобда енггандилар. Хуллас, мухлислар ва яқинларимиз ишончини қайтариш учун ғалаба қозонишимиз талаб этиларди.

Майдонга биринчи ўйиндан тегишли хулосалар чиқарган ҳолда тушдик. Менимча, айнан кучли иштиёқ эвазига керакли натижа қайд этдик.

- Финалда эса Япония термаси билан тўқнаш келдинглар. Рақиб жиддий, Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бир. Равшан Ҳайдаров ўйиндан олдин қандай кўрсатмалар берди? Ҳужумкор футбол намойиш этишни тайинладими ёки иккинчи рақам остида ҳаракатланишни?

- Режага кўра, вазият ва ўйиннинг боришига қараб, ҳужумга ўтишимиз керак эди. Хусусан, қарши ҳужумларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилди. Қайсидир ҳолатда иккинчи рақам остида ўйнашимизга ҳам тўғри келди.

Биринчи голни айнан қарши ҳужум натижасида урдик. Иккинчиси ҳам ўнг қанот бўйлаб юришдан сўнг юзага келди. Албатта, финалда «дубл»га эришганим қувончимни икки ҳисса оширди. 

- Японлар эса стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишди. Рақибни ўрганиш чоғи шу жиҳатга ҳам эътибор қаратганмидинглар?

- Ҳа, японлар «стантарт»да хавфли ўйнашларини билардик. Рақиб урган биринчи голни олсак - бу жамоа сардорининг индивидуал маҳорати маҳсули. У жарима зарбасидан фойдаланиб, дарвозамизни чиройли услубда ишғол қилди.

Иккинчи голда эса хатога йўл қўйдик. Яъни сўнгги дақиқаларда бироз хотиржамликка берилдик ва эътиборни йўқотиб қўйдик. Яхшиямки, пенальтилар сериясида ғалаба қозондик. Акс ҳолда, жуда аламли бўларди. 

- Бу соврин шахсан сиз учун нечоғли муҳим?

- Очиғи, шундай ғалабага эҳтиёж сезаётгандик. Тўғри, фаолиятим давомида 3 марта жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этганман. Лекин терма жамоа билан бирор турнирда ғалаба нашидасини сурмагандим.

- Бурирамда терма жамоага сардорлик қилдингиз. Бу қўшимча масъулият юкладими?

- Албатта. Ҳар сонияда боғич кучини сезиб турдим.

- Ташкилотчилик хусусида нима дейсиз?

- Мусобақани юқори савияда ўтказиш учун катта ҳажмда иш бажаришибди. Буни аэропортда кутиб олишгандаёқ сезгандим. Хуллас, ташкилотчилик юзасидан ҳеч қандай эътироз йўқ.

- Осиё чемпионати финал босқичига қуръа ташланди: гуруҳда мезбон - Хитой, шунингдек, Қатар ва Уммон термаларига қарши майдонга тушасизлар. Қуръа натижаси ёқдими?

- Олдиндан баралла гапириш қийин. Гуруҳдаги 4та жамоада бирдек имконият бор. Фақат ҳамма гап шу имкониятдан қай даражада фойдаланишда. Таиланд турниридаги муваффақият футболчиларга қўшимча куч бағишлаши аниқ.

Ҳар ҳолда, Япония термаси мағлуб этилгач, футболчилар руҳияти янада кўтарилди, ўзимизга ишонч ҳисси ортди. Ўйлайманки, Осиё чемпионатида ҳам муносиб иштирок этамиз.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:09, 25.12.2017.
Ўқилди: 2975 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.