Футбол бўйича Ўзбекистон Супер Лигасининг 2018 йилги мавсумини трансляция қилишни истовчи телеканаллар ЎФФ шартларига амал қилиши керак бўлади. Ташкилот расмий сайти у нималардан иборат эканига ойдинлик киритди.
Биринчи навбатда, трансляция ҳуқуқини қўлга киритган телеканаллар мавсум давомида биргаликда Супер Лиганинг камида 60 фоиз учрашувини трансляция қилишга мажбур. Бунгача асосан Тошкент клублари иштирокидаги беллашувлар жонли кўрсатилган бўлса, энди вилоятлардаги беллашувларга ҳам эътибор қаратилади.
Супер Лиганинг янги форматига кўра, унинг бир мавсумида жами 192 та учрашув ўтказилади. Бунинг 60 фоизи эса 115 тани ташкил қилади. Шунингдек, ЎФФ йўриқномасида телеканаллар сўзи ишлатилган. Кўринишидан, Супер Лига ўйинлари фақатгина Спорт-ТВ телеканалидагина кўрсатилмайди. Катта эҳтимол билан унга UzReport канали ҳам рақобатчи бўлади.
Ўзбекистон чемпионати ўйинларини трансляция қилувчилар ҳар бир учрашувда энг камида 6 та камера ишлашини таъминлаши шарт. Ўша камералар секинлаштирилган кадрларни ҳам кўрсата олиши талаб этилади.
ЎФФ ва ПФЛ ўз юрисдиксияси остида ўтказиладиган футбол мусобақалари ва тадбирлардаги барча ҳуқуқлар эгаси ҳисобланади. Бу ҳуқуқларга молиявий, тижорий, маркетинг, реклама, барча шаклдаги аудиовизуал ва радио ёзувларга тегишли ҳуқуқлар, шунингдек, интеллектуал мулк ҳисобланган эмблема ва рамзлардаги муаллифлик ҳуқуқлари киради, деб ёзиб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, Супер Лига ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритган телеканаллар, мусобақанинг титул/расмий ҳомийлари ва ҳамкорларининг реклама роликларини намойиш қилиб бориши шарт. Унинг тартиби тижорий регламент асосида белгилаб олинади. Супер Лиганинг барча иштирокчи клублари тижорий регламентга амал қилишга мажбур.