Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Иззатбек Ғаниев: «Хориждаги фаолиятимни давом эттирмоқчиман»

Баҳо:
+ | -

«Нефтчи», «Қўқон-1912» ва «Сўғдиёна» каби клублардаги ўйинлари орқали танилган Иззатбек Ғаниев ортда қолган мавсумни Баҳрайн чемпионатида ўтказди.

Фарғоналик футболчи «Ал-Ҳала» жамоаси сафида фаолият олиб борди. Яқинда мухбиримиз айни пайт оиласи даврасида ҳордиқ чиқараётган ярим ҳимоячини суҳбатга тортиб, унинг келгусидаги режалари билан қизиқди.

Мазкур интервью давомида Ғаниев Баҳрайн футболи ҳақидаги фикрлари ва фаолиятини қаерда давом эттириши хусусида гапирди.

- Иззатбек, футболга илк қадамларни қачон ва қаерда ташлагансиз?

- Асли фарғоналикман. Мактабнинг бошланғич синфида ўқиётган кезларим ота-онам Фарғонадаги футбол мактаби тўгарагига олиб боришган. Ўша ерда миллионлар ўйинидаги илк кўникмаларни олганман.

Биринчи мураббийим - Муродил Абдураззоқов. Илк бор айнан шу мутахассис қўл остида шуғулланганман. Кейинчалик эса тақдирим «Нефтчи» жамоаси билан боғланган.

- Бироқ бу клуб таркибида узоқ вақт ушланиб қолмадингиз...

- Ҳа, шундай. 2010 йилда «Нефт-чи» менга профессионал шартнома таклиф қилди. Ўша пайт эндигина 17 ёшга тўлгандим. Фарғона жамоаси сафида бир қатор тажрибали футболчилардан кўп нарса ўргандим.

Лекин Юрий Саркисян «Нефтчи»ни тарк этгач, аксарият ўйинчилар қатори мен ҳам бошқа клубга йўл олдим. Дастлаб «Қўқон-1912», сўнгра «Сўғдиёна» таркибида фаолият юритдим.

- Кейин Баҳрайн чемпионатига бориб, «Ал-Ҳала» аъзосига айландингиз. Ушбу клуб сафида тез-тез майдонга туша бошлагандингиз...

- Ҳа, кейинчалик Баҳрайн чемпионатига ўтиш имкони туғилди ва «Ал-Ҳала» билан шартнома имзоладим. Бу жамоага кўникишда қийналмадим. Мураббий ҳам мунтазам ўйнаш имконини тақдим этди.

Чемпионат доирасидаги кўплаб учрашувларда тўп суриб, ҳаттоки, «Муҳаррақ» клуби билан бўлган баҳсда рақиб дарвозасини ишғол этишга ҳам эришдим.

- Лекин жамоангиз мавсум якунида олий дивизионни тарк этди. Бунга нима сабаб бўлди?

- «Ал-Ҳала»нинг ўша муваффақиятсизлигига сабаб бисёр. Аслида у ерда яхши жамоа шаклланаётганди. Бироқ кўплаб ўйинларда омад ва тажриба ўз сўзини айтди ва якунда иккинчи дивизионга тушиб кетдик.

Сўнгра раҳбарият клуб олдига яна элитага қайтиш вазифасини қўйди. Асосий ўйинчиларни олиб қолишга ҳаракат қилишди. Менга ҳам янги шартнома таклиф этишди. Бироқ қуйи лигада ўйнашни истамадим.

- Баҳрайн чемпионатида маълум муддат тўп сурдингиз. У ердаги шарт-шароит, ташкилотчилик ва умуман, футбол атмосфераси билан яқиндан танишдингиз. Мазкур биринчиликдан қандай таассуротлар қолди?

- Менга ушбу мамлакат ва унинг футболи жуда маъқул келди. Аксарият жамоаларда жуда яхши шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Футболчидан фақат майдонга чиқиш ва ўзининг нималарга қодир эканини кўрсатиш талаб этилади, холос.

Ташкилотчилик бўйича ҳеч қандай муаммони пайқамадим, чемпионат савияси ҳам ёмон эмас.

- Тил борасида муаммога дуч келмадингизми?

- Баҳрайнда ўйнаган пайтим бу масалада айтарли қийналмадим. Сабаби, инглизчадан оз бўлсада хабарим бор. Баъзида бирор нимани тушунмай қолсам, таржимон хизматига мурожаат қилган вақтларим ҳам бўлди. Лекин жамоадошларим ва мураббийлар билан тил топишишда умуман қийналмадим.

- Илк марта легионер сифатида ўйнадингиз. Хорижда тўп суриш футболчига қандай масъулият юклашини ҳис этгандирсиз?

- Албатта. Легионер сифатида ўйнаш қийин. Зеро у биринчи галда маҳаллий футболчилардан ажралиб туриши, улардан бир бош устун бўлиши лозим.

Нафақат ўйин пайти, балки машғулотларда ҳам бошқалардан кўра кўпроқ тер тўкиши шарт. Хорижда тўп сурадиганларга осон эмаслигини ўз мисолимда тушуниб етдим.

- Баҳрайнда тўп сурган пайтингизда олий лигани кузатиб бордингизми?

- Ҳа, миллий чемпионатимиздаги янгиликлар ва ўйинлар натижалари билан интернет орқали танишиб турдим. Ўйлашимча, ортда қолган мавсум анча қизиқарли тарзда кечди. Кўплаб учрашувларда кутилмаган натижалар қайд этилгани ҳайрон қолдирди.

- Эндиликда нималар билан бандсиз? Янги мавсумни миллий чемпионатимиз жамоаларидан бирида ўтказасизми?

- Ҳозир оилам даврасидаман. Ўзим якка тартибда шуғулланиб турибман. Катта эҳтимол билан келаси мавсумни ҳам хориж чемпионатларидан бирида ўтказаман.

Айни пайт бир нечта жамоалардан чорловлар бор, музокаралар олиб бориляпти. Ўзимга қолса, фаолиятимни араб мамлакатларидан бирида давом эттираман.

 InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда. 
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:09, 05.01.2018.
Ўқилди: 3506 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.