Хабарингиз бор, 2017 йилнинг 29 ноябрь куни Тайланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиёнинг энг яхшиларини аниқлашга бағишланган AFC ANNUAL AWARDS 2017 маросимида ҳамюртимиз, Пляж футболи ҳаками Бахтиёр Намозов ОФКнинг махсус совринига лойиқ деб топилганди.
Малайзияда бўлиб ўтаётган футзал бўйича семинарда ОФК ана шу совринни ҳамюртимиз Бахтиёр Намозовга топширди.
Бахтиёр Намозов 2017 йилнинг 27 апрел – 7 май кунлари Багама оролларида бўлиб ўтган Пляж футболи бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашган бўлиб, Бразилия ва Таити терма жамоалари иштирокида бўлиб ўтган финал учрашувини Бош ҳакам сифатида бошқариб борган.
Таъкидлаш жоизки, шу пайтга қадар пляж футболи тарихида Жаҳон чемпионати финалларида осиёлик ҳакамлар ишламаган бўлиб, Бахтиёр Намозов бу борада биринчи бўлганди. Бу натижани ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-халифа ҳам эътироф этди.
"Асосий мақсадимиз қитъамиз футболчилари ва футбол мутасаддиларини жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирокини таъминлаш. Бахтиёр Намозовнинг Пляж футболи бўйича мусобақа финалида бош ҳакам сифатида ишлагани Осиё ҳакамларининг бутун дунёдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. Намозовнинг бу муваффақияти нафақат расмий шахсларни, балки қитъамиз жамоалари ва футболчиларини ҳам Жаҳон ареналарида катта натижаларга эришиш учун интилишга ундайди ва уларга илҳом бахш этади", - дейди Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа ОФК расмий сайтига берган интервьюсида.
Бахтиёр намозов 2009 йилдан бери ФИФА рефериси сифатида фаолият юритмоқда. У 2015 йил бўлиб ўтган Пляж футболи бўйича Осиё чемпионатида ҳам ишлаган бўлиб, Уммон-Япония терма жамоалари ўртасидаги финални бошқариб борган.