Янги мавсумга тайёргарлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси иккинчи ўқув-машғулот йиғинини Тошкент шаҳрида – “Бунёдкор” футбол академияси майдони ҳамда “Пахтакор” футбол клубига қарашли БЎСМ майдонида ўтказаяпти.
Бугун пойтахтимизда куннинг биринчи ярмида яхшигина қор ёғиб турган бўлса-да, металлургчилар машғулотларини канда қилишмади. Одатдагидек, куннинг биринчи ярмидаги машғулотлар “Бунёдкор” академияси сунъий қопламали майдонида ўтказилди. Даставвал футболчилар чигилёзди ҳамда жисмоний тикланиш машқларига эътибор қаратишган бўлишса, машғулотларнинг иккинчи қисми тўп билан ишлаш бўлди. Йиғинда қатнашаётган футболчилар иккига бўлиниб, назорат учрашувида куч синашишди.
Шу нарсани қайд этиш жоизки, иккинчи йиғин давомида клуб раҳбарияти жамоанинг аксарият ўйинчилар билан шартнома муддатини узайтиришга муваффақ бўлишди. Ўз навбатида клубга янги келган ўйинчилар билан ҳам келишувга эришилмоқда. Жумладан, Муборакнинг “Машъал” жамоасидаги қатнашуви орқали мухлисларга яхши таниш бўлган Шаҳзод Шайманов, “Локомотив”ни эркин агент сифатида тарк этган Шерзод Файзиев, Ўзбекистон терма жамоасида тўп сурган Жасур Ҳасановлар “Металлург” ўйинчиларига айланишди. Улардан ташқари йиғинда яна бир қатор ёш, иқтидорли футболчилар қатнашишаяпти. Ўзларининг энг ижобий хислатларини намойиш этган футболчилар жамоа ихтиёрида олиб қолинади.
Ўз навбатида “Металлург” жамоаси қароргоҳини тарк этган футболчилар ҳам бор. Илгари хабар берганимиздек, Ҳикмат Ҳошимов, Даврон Каримқулов, Жасур Аҳмедов, Дониёр Одиловлар янги йил байрамига қадар клуб билан хайрлашишганди. Иккинчи йиғин ичида ҳимоячи Мирғиёс Сулаймонов ҳамда Муроджон Тошматовлар ҳам бошқа клубда ўйнашни ихтиёр этишди. Аниқроғи бу иккала ўйинчи ҳам Осиё чемпионлар лигасида тўп суриш истагини амалга ошириш учун Қаршининг “Насаф” жамоасидан тушган таклифни қабул қилишди ва “аждарлар” сафида хориж йиғинига жўнаб кетишди. “Металлург” футбол клуби раҳбарияти, мухлислари номидан мазкур футболчиларнинг барчасига Бекобод футболи равнақи йўлидаги самарали фаолияти учун миннатдорлик билдирамиз ва уларнинг кейинги ишларига омад тилаймиз.