Хитойда бўлиб ўтаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида бугун гуруҳ босқичининг 2-турига старт берилди. Биринчи ўйинда Қатарга ютқазиб қўйган Ўзбекистон терма жамоаси мезбон олимпияяиларига қарши майдонга чиқди.
Учрашувнинг 14-дақиқасида Равшан Ҳайдаров шогирдлари ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Жавоҳир Сиддиқов ўнг қанотдан тўпни рақиб жарима майдончасига етказди ва уни Ўринбоев эгаллаб, жамоадошига етказди. Ҳимоячи тўпни қайтарди, тўпга биринчи бўлиб етган келган Алижонов 16 метрлардан унчалик кучли бўлмаган, аммо аниқ зарба билан дарвозанинг олис бурчагини ишғол қилди.
Танаффусга қадар футболчиларимиз ишончли ҳимояланиб, битта тўп устунлигини сақлаб қолишди. Иккинчи бўлимда мезбонлар тўла устунликка эга бўлишди. Вакилларимиз асосан ҳимояланишди. Мезбон ҳужумлари 1-2та вазиятда дарвозамиз томон аниқ зарба бера олишмади. Баъзи паллаларда эса рақиб жамоа ўзбекистонликларга қарши ҳужум ташкил қилиш имкониятини берди, аммо вакилларимиз улар орқали рақиб дарвозаси томон хавф ярата олишмади.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган 4 дақиқанинг энг сўнгги сонияси якунланаётган пайтда Веи Шиҳао майдон марказидан катта тезликда олдинга борди ва 20 метрлардан зарба берди. Тўп, бахтимизга, дарвозаси тўсинига тегиб, майдонни тарк этди.
Қийин кечган мана шундай учрашувда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси муҳим ғалабани қўлга киритди ва ўз очкосини 3тага етказиб қўйди. Жамоамиз навбатдаги ўйинни 15 январь куни Уммонга қарши ўтказади.
ОФК U23 ОЧ, "А" гуруҳи. 2-тур
ЎЗБЕКИСТОН - ХИТОЙ - 1:0 (1:0)
Гол: Ҳожиакбар Алижонов (14)
Огоҳлантиришлар: Рустам Ашурматов (57), Аббос Отахонов (68) — Хуан Женг Юанг (86)
Ўзбекистон: Ботирали Эргашев, Аббосхон Отахонов, Рустам Ашурматов, Ҳожиакбар Алижонов, Азизжон Ғаниев, Одилбек Ҳамробеков, Достонбек Турсунов, Дониёр Нарзуллаев (Бобур Абдухолиқов 90+2), Достон Ҳамдамов (Ойбек Рустамов 73), Жавоҳир Сиддиқов (Жасур Яхшибоев 66), Забиҳилло Ўринбоев .
Хитой: Жоу Ючен, Ли Циаоминг, Гао Жунйи, Яо Юншенг (Танг Ши 46), Веи Шиҳао, Ҳе Чао, Ли Ҳаилонг, Ли Шуаи, Янг Ли-Ю, Лиу Йиминг, Ба Дун (Жанг Юнин 77).