Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Ўзбекистон терма жамоасини Берт ван Марвейк бошқаради. Нима учун?

Баҳо:
+ | -

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида миллий терма жамоани бошқаришга асосий номзодлар рўйхати эълон қилинган эди.

Рўйхатда Дан Петреску, Славолюб Муслин, Миодраг Радулович, Анжелио Алессио, Бернд Шторк, Бранко Иванкович, Славен Билич, Валтер Маццари ва Берт ван Марвейк каби дунёнинг етакчи футбол мутахассислари номи тилга олинган эди.

Айни кунларда барча футбол мухлислари ким миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинланишига қизиқаётгани шубҳасиз. Ана шуни ҳисобга олиб, мураббийлар орасида кимлар Ўзбекистон термасини бошқаришга асосий номзод эканини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Шуни алоҳида айтиш керакки, ЎФФ президенти бу борадаги саволларга жавобан қуйидаги фикрда собит турибди — миллий терма жамоани европалик, Осиё футболини яхши биладиган, ўзининг собиқ терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқа олган мутахассис бошқаради.

Миллий терма жамоамиз учун хориждан келадиган мураббий деярли тайёр. У Осиё футболини яхши тушунадиган, ишлаган терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан тажрибали мутахассис. Олдиндан нимадир айтмай турганим маъқул. Аммо ўша мураббийни кўргач, бундан халқимиз албатта хурсанд бўлади. У ҳозирги кунда терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббий саналади.

Умид Аҳмаджонов, ЎФФ президенти

Келинг, ана шу уч жиҳат бўйича номзодларни таҳлил қилиб кўрсак. Рўйхатда келтирилган мураббийларнинг барчаси европалик ва кўпчилиги Осиё футболи билан таниш. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам терма жамоада ишламаган ва собиқ терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқмаган.

Масалан, Дан Петреску ва Валтер Маццари нафақат терма жамоаларни мундиалга олиб чиқмаган, ҳатто уларда фаолият ҳам кўрсатмаган. Олти йил давомида Хорватия терма жамоасини бошқарган Славен Билич жаҳон чемпионатига чиқа олмаган.

Алессио Италия термасида фақат ёрдамчи мураббий бўлган, Радулович эса айни пайтда Ливан термасини бошқармоқда. Ўз вақтида Эрон миллий ва олимпия терма жамоаларини бошқарган Бранко Иванкович ҳозир «Персеполис» клуби бош мураббийи эканини ҳисобга олсак, терма жамоа бошқарувига у келмайди.

Яна бир жиддий номзод Қозоғистон ва Венгрия терма жамоалари собиқ бош мураббийи Бернд Шторк эди. Аммо у Венгрияни Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатига олиб чиқолмагани боис истеъфога чиқарилди. Демак, Шторк ҳам Аҳмаджоновнинг талабига мос келмайди.

Мутахассислар орасида Сербия терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиққан ва федерация раҳбарияти билан келишмовчилик сабабли истеъфога чиққан Славолюб Муслин номзодлар орасида энг кўп тилга олинган мутахассислардан бўлди. Аммо унинг Ўзбекистон терма жамоасини бошқариши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни ЎФФ инкор қилди.

Шундай қилиб, бизда битта номзод — ҳолландиялик Берт ван Марвейк номзоди қолаяпти ва у Умид Аҳмаджонов айтган талабларнинг барчасига тўлиқ мос келади.

Берт ван Марвейкнинг Ҳолландия миллий терма жамоаси, «Боруссия» (Дортмунд), «Ҳамбург» клубларидаги фаолияти кўпчиликка таниш. Унинг сўнгги иш жойи Саудия Арабистони терма жамоаси бўлган эди. У жамоани Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлишига қарамай, истеъфога чиқди. Бу қарорини бу мамлакатда яшаш оиласига тўғри келмагани билан изоҳлаган эди.

макЮқоридаги фикрларнинг барчаси тахмин холос. Биз ушбу мақолада федерация тақдим этган рўйхат ва бошқа маълумотлардан фойдаландик. Албатта, айнан ким мураббий этиб тайинланишини ҳозирча ҳеч ким билмайди. Балки бу рўйхатга киритилмаган бошқа мутахассис тайинланиши ҳам мумкин. Энг асосийси — терма жамоага халқимиз кутганидек, уни жаҳон чемпионатига олиб чиқишга қодир мураббий келишидан умидвормиз.

Федерация яқин кунлар ичида миллий терма жамоани ким бошқаришини расман эълон қилади. Бизнингча, у айнан Берт ван Марвейк бўлади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Аҳмад Юсупов

Манба: xabar.uz
Киритилди: 18:24, 16.01.2018.
Ўқилди: 39585 марта.
Фикрлар: 117 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.