Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан умрбод футболдан четлатилганидан кейин арман интернет нашрларидан бирида мақола эълон қилинди. Унда мураббий фақатгина арман миллатига мансуб бўлгани учунгина футболдан четлатилди, деган ғоя илгари сурилган. Самвел Бабаян мазкур мақолага бефарқ қарай олмади ва муаллифга раддия беришга қарор қилди.
“Иғвога тўла мақолангизни ўқиб, гангиб қолдим. Мамлакатимиздаги ҳақиқий аҳволни билмасдан туриб, миллатчилик ҳақида ёзишга қандай маънавий ҳақингиз бор эди?
Мен, Бабаян Самвел шундай буюк юрт фуқароси эканимдан фахрланаман. Мен ўзбек маҳалласида туғилдим ва шу ерда улғайдим. Тилим ўзбек тили билан чиққан. Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳи менга она сути орқали ўтган. Шунингдек, мен ўз фарзандларим ва шогирдларимни шундай руҳда тарбиялаяпман. Ўзбекистон жуда бағри кенг мамлакат. У миллати ва эътиқодидан қатъи назар барчага ўзини кўрсатиш имкониятини беради. Арман миллатига мансуб бўла туриб, мен Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаганим фикримни қувватлайди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришим мумкин.
Сизнинг Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақидаги сўзларингиз — бу жиноят. Мен бу мамлакат ҳақида тўхтовсиз сўзлашим мумкин. Аммо бунга эҳтиёж йўқ. Боиси, Ўзбекистон ҳақида бутун дунёда яхши билишади. Ўзбекистонга ҳеч бўлмаса бир марта келган одам уни албатта яхши кўриб қолади. Сиздан илтимос, Ўзбекистон ҳақида асоссиз ва туҳмат гапларни ёзманг. Боиси, мен Ўзбекистон фуқаросиман ва бундан фахрланаман. Сиз ким бўлибсизки, бизнинг президентимизга баҳо беришга журъат қилсангиз. Асрлар давомида ушбу жаннатмакон ўлкада истиқомат қилаётган барча арман миллатига мансуб кишилар менинг фикримга қўшилишади.
Менинг жонажон ўлкам ҳақида иғвога тўла мақола ёзишдан олдин Ўзбекистонга келиб, турли миллат вакиллари бу ерда қанчалар аҳил яшаётганини ўз кўзингиз билан кўрсангиз яхши бўларди. Мамлакатимиз ривожланаётганига ва халқаро майдонда обрў-эътибор қозонаётганига ишонч ҳосил қилган бўлардингиз.
Менинг дисквалификация учраганим — бу иш жараёнида юз берадиган ҳолат. Бу масалани мен ҳеч ким билан муҳокама қилмоқчи эмасман. Мен ҳар бир хатти-ҳаракатим учун жавоб беришга тайёрман. Мазкур мақолани ёзиш орқали қандай мақсадни кўзлаганингизни билмайман, аммо журналистика этикасига риоя қилган ҳолда мендан ёки Ўзбекистонда яшайдиган бошқа арман кишисидан миллатлараро муносабатлар ҳақида сўрашингиз керак эди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ёзган мақолангиз учун сиздан узр сўрашни талаб қиламан. Шунингдек, бу мавзуни кўтаришдан аввал ишга масъулият билан ёндошингизни сўрайман”.