Хабарингиз бор, шу йилнинг 17–20 январь кунлари Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг Мухлислар билан ишлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш бўлими ходимлари “Навбаҳор”, “Нефтчи”, “Цементчи” ва “Қўқон-1912” клублари ишқибозлари билан учрашиш учун Фарғона ва Наманган вилоятларига йўл олган эди.
Янги лойиҳалар юзасидан биринчи учрашув “Қўқон-1912” клубининг мухлислари билан бўлиб ўтган эди. Шундан сўнг, Мухлислар билан ишлаш бўлими ходимлари Фарғона шаҳрига йўл олиб, “Нефтчи” футбол клубининг ишқибозлари билан учрашишди.
Ташриф чоғида клуб томонидан мухлисларга яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги лойиҳалар устида биргаликда иш олиб бориш тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, мухлислик маданиятини ошириш, ўйинларга клуб атрибутикаларидан (клуб формаси, шарфи, байроқчалари) фойдаланган ҳолда ташриф буюриш каби масалалар юзасидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилишига доир янги лойиҳалар билан таништирилди.
Ташриф якунида, “Нефтчи” клубининг мухлислари талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда бўлим ходимлари “Цементчи” клуби томон йўл олишди.
Бу каби амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистондаги футбол клубларининг мухлислар билан ишлаш фаолиятини такомиллаштириш, стадионларда мухлисларга яратиладиган шароитларни янада яхшилаш, мухлислар билан ишлашнинг янгича услубларини жорий этиш орқали мухлисларни стадионга қайтариш ҳамда футбол клублари мухлислари сафини янада кенгайтириш ишларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.