Салкам 7 йил давомида «Пахтакор»да тўп сурган тажрибали ҳимоячи Даврон Ҳошимовнинг янги мавсумни бошқа клубда бошлаши аниқ бўлиб улгурди.
У айни пайт «Қўқон-1912»нинг Тошкентдаги ўқув-машғулотлар йиғинида иштирок этяпти. Катта эҳтимолки, Даврон айнан водий клуби билан шартнома тузади. Ҳар ҳолда, «Қўқон-1912» бош мураббийи Нўъмон Ҳасановнинг айтишича, ҳимоячи билан оғзаки келишувга эришилган.
Табиийки, Ҳошимов учун қадрдон клубидан кетиш осон кечмаган. Лекин футболчининг ҳаёти шундай - ҳар қадамда кутилмаган ҳолатлар учраб туради.
Биласиз, Даврон «Пахтакор» сафида танилди, бир қатор совринлар соҳибига айланди. Муҳими, ишончли ўйинлари орқали миллий жамоага кирди.
Хўш, Янгиер футбол мактаби тарбияланувчиси фаолиятидаги ушбу катта ўзгаришни қандай қабул қилди?
- Даврон, «Пахтакор»да 7 йил ўйнадингиз, табиийки, бу кичик муддат эмас. Умуман, чемпионатимизда битта жамоада узлуксиз шунча узоқ тўп сурган футболчилар жуда кам.
Демакки, клуб иккинчи уйингизга айланиб қолгани ва у билан хайрлашиш осон бўлмагани тайин. Қизиқ, бундай кескин қарорингиз сабаби нима?
- Ҳа, охирги 2-3 ҳафта жуда оғир ўтди. Яъни якуний қарор қабул қилишда роса қийналдим. Албатта, барчасини обдон ўйладим. Тўғри айтдингиз, «Пахтакор» иккинчи уйимга айланиб қолганди. Мен учун катта футбол йўли шу жамоада бошланди. Шу кунгача нимага эришган бўлсам, барчаси айнан «Пахтакор» билан боғлиқ.
Асосийси, клуб футболчи сифатида ўсишимга имконият берди. Фурсатдан фойдаланиб, «Пахтакор» раҳбарияти, мураббийлар, футболчилар, ишчи-ходимлар ва албатта, мухлисларга 7 йиллик ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдираман. Насиб этса, бир кун яна «Пахтакор»га қайтаман.
Клуб сафига 2011 йили қўшилгандим. «Бухоро»га қарши кечган ўйинда илк марта «шерлар» либосини кийганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Умуман, ортда қолган вақтда ёрқин дамларни бошдан кечирдим. Лекин «Пахтакор»дан кетганим ҳаёт тўхтаганини англатмайди. Ўйлайманки, «Қўқон-1912»да ҳам ўзимни бегона ҳис қилмайман.
Зеро, жамоа бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов билан «Пахтакор»да бир неча йил бирга ишлаганмиз. Қолаверса, Мурод Холмуҳаммедов, Жавоҳир Сиддиқов, Баҳодир Пардаев, Суҳроб Бердиев ва Александр Мерзляков каби футболчиларни жуда яхши биламан. Шу боис, Нўъмон ака чорловини рад этолмадим.
Тўғри, бошқа таклифлар ҳам бор эди. Хусусан, совринли ўринлар учун курашадиган клубларга ҳам чақиришди. Ҳаммасини тарозига солиб кўриб, «Қўқон-1912»да ўйнаш вариантини маъқул топдим. Энди жамоа муваффақиятига муносиб ҳисса қўшиб, ишончни оқласам, бас.
- Бу борада кимлар билан маслаҳатлашдингиз, қандай тавсиялар эшитдингиз?
- Қандайдир ишга қўл уришдан аввал биринчи галда, масалани оила даврасида муҳокама қиламиз. Табиийки, отам бош маслаҳатчимиздир. Улар доимо энг тўғри йўлни кўрсатадилар. Ўзлари вақтида кураш билан профессионал даражада шуғулланганлар.
Демакки, оиламизда спортча муҳит ҳукмрон. Шу кунгача отамнинг айтганларига амал қилиб, кам бўлмадим. Хуллас, «Пахтакор»дан кетиш ҳақида ҳам аввало, отам билан маслаҳатлашдим. Чунончи, аввалги мавсумнинг охирги 6-7та учрашувида асосий таркибда майдонга тушмадим.
Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, аммо ҳозир барчасини ошкор қилишни истамайман. Хуллас, умумий ҳолатни назарда тутиб, жамоадан кетиш энг тўғри йўл эканлигини тушундим.
Отам ҳам захирада навбат кутиб ўтиргандан кўра, бошқа жамоада етарли ўйин амалиётига эга бўлишим мақсадга мувофиқлигини айтдилар. Ахир ҳозир айни ўйнайдиган ёшдаман.
- Мухлислар сизни ўта қизиққон футболчи сифатида билишади. Зеро, тез-тез сариқ карточка оласиз, баъзида майдонни эртароқ тарк этасиз. Дарҳақиқат, табиатан қўпол ўйинчимисиз ёки барчаси тактик услубга боғлиқ?
- Статистикага эътибор қаратсак, ҳимоячилар бошқа амплуалар вакилларига нисбатан кўпроқ сариқ ёки қизил карточка олишади. Чунончи, тўп билан олдинга интилган ҳужумчи мудофаа чизиғидан ўтиб кетса, унинг гол уриш эҳтимоли 80-90 фоизга ошади.
Хуллас, ҳимоячилар кўпинча хавфни бартараф этиш йўлида сўнгги чорани қўллашга мажбур бўлишади. Ҳа, бу тоза футбол эмаслигини тушунаман. Лекин баъзан шундай йўл тутишга тўғри келади.
Очиғи, менда қизиққонлик қачон бошланганини билмайман. Бир томондан, характерим шундай - яккакурашларда енгилишни сира ҳазм қилолмайман. Лекин ҳаётда тажовузкор ёки қўпол эмасман. Кўриб турганингиздек, суҳбатга тезда киришиб кетадиган, хушчақчақ йигитман (кулади).
- Лекин сариқ ва қизил карточкалар жамоага панд беради. Дейлик, майдондан четлаштирилсангиз, шерикларингиз қийин вазиятда қолишади...
- Ҳа, шундай. Охирги вақтларда ортиқча қўполлик ишлатиш одатини йўқотишга ҳаракат қиляпман. Мисол учун, ўтган йили 8 марта сариқ карточка олдим.
Муҳими, «қизил»га дуч келганим йўқ. Демак, яхши томонга ўзгаряпман. Нўъмон Ҳасанов ҳам мен билан айнан шу масалада яккама-якка суҳбатлашди ва танбеҳ берди: «Рақибларинг ҳам сен каби футбол орқали рўзғор тебратишади.
Яккакурашларда қўполлик ишлатишдан тийил...». Албатта, барчасини тўғри қабул қилдим. Мухлислар янги мавсумда умуман бошқа Даврон Ҳошимовни кўрсалар, ажабмас.
- Спортчилар оиласида улғайганингизни айтдингиз. Болаликда отангиз изидан бориб, курашчи бўлишни ўйламаганмисиз?
- Аниқ эсимда, доим отамга эргашиб, кураш залига борардим. Оз-моз шуғулланганман ҳам. Кейинроқ бокс тўгарагига қатнаш баробарида футбол гуруҳига борганман.
Натижада отам олдимга қатъий шарт қўйгандилар: «Ҳамма спорт турлари билан шуғуланолмайсан. Юрагингга қулоқ тутиб, биттасини танла».
Якунда футболга меҳр кучлилик қилди. Шу тариқа Янгиер футбол мактаб-интернатига бордим. Бу даргоҳда 5 йил таҳсил олганимдан сўнг «Пахтакор»га чақиришди.
- Ўша пайт кўпчилик «Пахтакор»да ўйнашни орзу қиларди. Жамоага таклиф этишгач, қандай ҳолатга тушгандингиз?
- Ҳа, кўпчилик қатори менда ҳам «Пахтакор»да тўп суриш орзуси йўқ эмасди. Аммо жамоа либосини кийиб, машҳур футболчиларни кўрган афсонавий стадионда ўйнаш шунчалик тез насиб этишини сира ўйламагандим.
Хуллас, 2008 йили «Пахтакор» ва «Янгиер» тарбияланувчилари ўртасида назорат учрашуви ташкил этилгани тақдиримни ўзгартириб юборди. Қарангки, ўйин куни раҳматли бувам уйимга меҳмон бўлиб келганлар ва отам стадионга боролмаганлар.
Шунда бобом мени узоқ дуо қилган эканлар. Эътиборлиси, айни ўша учрашувдаги ҳаракатларим маъқул келганми, мени «Пахтакор»га чақиришди. Шу тариқа Роберт Гай раҳбарлигидаги ўринбосарлар жамоасида ўйнай бошладим. Дуо кучини ўшанда билганман.
- Бугунги кунда яқинларингиз ўйинларингизни бевосита стадионда кузатиб боришадими?
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.