Чинакам инсонга хос бўлган олижаноблик фазилати, доимо эъзозда бўлган виждон амри билан амалга ошириладиган ҳаракатлар мафтункор футболга ўзгача кўрк беришига асло шубҳа йўқ.
2017 йили қайд этилган энг сара ибратли ишлар билан танишинг.
1. Тотти 28 йиллик жамоасини тарк этди
Ортда қолган йилда Кака, Лам, Лэмпард, Хави, Хаби Алонсо ва Пирло каби афсоналар ўз фаолиятларини якунлашди. Улар шарафига ҳайкал ўрнатилса озлик қилади. Аммо Тоттининг футболдан кетиши ана шу даҳоларнинг хайрлашув маросимларидан яққол ажралиб турди.
Бутун куч-маҳоратини фақат битта жамоа - «Рома»га бахшида этган «император» билан хайрлашишга келганлар учун улкан стадион торлик қилиб қолди. Яшил майдон, трибуналар кўз ёшлар билан ювилди...
2. Роналдунинг Россиядаги хайрли иши
2017 йил Конфедерациялар кубоги турнири фақат янги ареналарни синовдан ўтказиш билан чекланиб қолмади. Криштиану Роналду майдонга ногирон мухлиса - Полинани етаклаган ҳолда тушди. Табиийки, ўша лаҳзада Полинадан кўра бахтлироқ инсон йўқ эди, гўё.
3. «Атлетик» футболчиларининг ҳамдардлиги
Поёнига етган йил шифокорлар «Атлетик» (Бильбао) ҳимоячиси Йерай Альвареснинг саратон хасталигига чалинганини аниқлашди. 22 ёшли футболчи кимётерапия муолажасини қабул қилиши керак бўлди. Кўплаб футболчилар Альваресга ҳамдардлик билдириб, тезда соғайиб кетишини тиладилар.
«Атлетик» футболчилари эса ўз жамоадошлари билан доимо ҳамнафас эканликларини намойиш этиш, унга руҳан мадад бериш учун ажойиб тадбирни амалга оширишди. Яъни, биринчи навбатда, футболчилар соч-соқолларини тақир қилиб олдириб, кейинчалик Йерай ҳузурига ташриф буюрдилар.
4. Тома-тома кўл бўлур
Россия терма жамоасининг шифокори Эдуард Безугловнинг хабарига кўра, «Локомотив» клубининг ташаббуси билан «РЖД Арена»да қон қуйиш шохобчаси очилди. Қисқа вақт ичида у ерга 50 киши ташриф буюриб, 20 литр қон топширди.
РПФЛнинг ҳар бир жамоаси шу каби хайрия тадбирини ўтказиши мумкин. Бунинг натижасида йилига 800 литр бебаҳо қон тўплаш имконияти юзага келади.
Натижада футболчилар тиббиёт ходимларининг кишилар ҳаётини сақлаб қолишдек олижаноб ишларига муносиб ҳисса қўшган бўлишарди.
5. Жониворлар эътибордан четда эмас
Чилининг «Коло-Коло» клуби футболчилари яқинда майдонга қаровсиз қолган кучукларни етаклаган ҳолда тушдилар. Улар мухлислар эътиборини аянчли аҳволга тушиб қолган эгасиз жониворларга жалб этишни мақсад қилишганди. Шу тариқа футбол беллашуви баҳонасида бир нечта жонивор ўз соҳибига эга бўлди.
6. Футболчилар жасорати
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.