Кириш Регистрация

Терма жамоамизни бугунги чемпионларга топшириш керакми?

Баҳо:
+ | -

Бугун ўзбек футболи учун янги саҳифа очилгани ҳақиқат. Ўзбекистон U23 терма жамоаси Осиё чемпионатида бош совринни қўлга киритди. Биз Осиё чемпиони бўлганимиздан ҳам кўра ўйин ўзгарганидан, аниқроғи, бор имкониятимизни кўрсата олганимиздан мамнунмиз. Мана, бўларкан-ку, дегимиз келди беихтиёр. Хўш, бугунги чемпионларга терма жамоани топширсак бўлаверадими? Қуйида шу саволни муҳокама қиламиз.

КЕКСАЛИК СИНДРОМИ

Терма жамоамизни кексалик синдроми емиргани бор гап. Ишонмасангиз, бир таркибни кўздан кечиринг: Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Игнатий Нестеров, Александр Гейнрих... Ҳалиям Темур Кападзе фаолиятини якунлади. Аслида, юқоридаги футболчилар рўйхатига Одил Аҳмедовниям қўшсак бўларди, фақат унинг ҳали ҳам сифатли ўйин кўрсатаётгани бунга халал беряпти. Шу боис терма жамоамизни ёшартириш масаласи кўндаланг турибди. Бугунги чемпионлар эса айнан шу муаммони бартараф эта олади. Бугунги йигитлар ёш жиҳатдан устун, чаққонлиги, эпчиллиги бор ва ҳоказо.

ЯНГИ НАФАС

Тан олиш керак, бугунги чемпионларимиз ўзбек футболига янги нафас олиб киришди. Айниқса, Япония ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларда биз ўзимиз истаган футболни кўрдик. Энди сизга савол, қисқа паслар билан, Хайрулла Ҳамидов таъбири билан айтганда “Барселона”ча услубдаги чиройли футболни терма жамоамиз ижросида охирги марта қачон кўргансиз? Шахсан менинг эслашим бироз қийин бўлди. Бунинг сабаби нима? Сабаби, термамиз таркибида ана шунда тезкор ва қисқа тўп узатмалари асосида ўйнаб, марказдан ҳам ёриб кира оладиган футболчилар кам, жуда кам. Битта Одил Аҳмедов билан иш битмайди. Бугунги чемпионлар эса айнан шундай ўзбек футболи учун янги бўлган тактика асосида (аниқроғи, унутилиб кетган) ўйнашмоқда. Жавоҳир Сиддиқовнинг Мессича ҳаракатлари, Забиҳулло Ўринбоевнинг Роналдуга ўхшашга интилиши, умуман, ҳар бир футболчининг ўзгача ҳаракатлари уларнинг терма жамоада бемалол ўйнаш олишига бизни ишонтирмоқда.

ИШТИЁҚ ОМИЛИ

Бугунги чемпионлар футболга, ғалабаларга қайноқ. Терма жамоанинг айрим тепса тебранмас вакилларига ўхшаб майдонни бекорга кезишмаяпти. Бизнингча, мазкур чемпионатдаги таркиб, тактика соф (яъни аралашувлар, келишишлар, турли ўйинлардан холи) ҳолда танланган. Агар ана шундай шаффофлик сақлаб қолинса ва, албатта, футболчиларимиз ортиқча ҳаволаниб кетишмаса, 2022 йилги жаҳон чемпионатига ўзбек футболининг янги авлоди билан бирга чиқамиз.

Шахсан мени мазкур чемпионатда Япония ва Жанубий Кореяни йирик ҳисобда мағлуб этганимиз жуда қувонтирди. Айнан шу ўйинлардан кейин мен “Боримиз шу”, деган жумлага ишонмай қўйдим. Бизнинг боримиз шу эмасди, шунчаки турли ўйинлару кирдикорлар ўзбек футболини бўғиб қўйган экан. Бу фикрни ЎФА президенти Ачилбай Раматов ҳам тасдиқлади. Айтганча, Ачилбай Раматов айнан Ўзбекистон U23 терма жамоасининг финалга чиқишини “Дастлабки ишимизнинг самараси” қабилида изоҳлаганди. Қолаверса, юртимизда иқтидорли футболчилар кўп эканлигини, бизда футбол етарлича ривожланаётганлигини ҳам биламиз. Шу пайтгача фақат раҳбариятгина ана шу ривожланишдан “бехабар” қолиб кетаётганди. Умид қиламизки, энди бундай бўлмайди.

МИҚДОР ОМИЛИ

Терма жамоанинг катта қисмини бугунги ёшлар ташкил этиши керак, назаримизда. Ана шунда улар йўқ бўлиб кетишмайди, ҳафсалалари пир бўлмайди. Денисов, Нестеров, Аҳмедов, Рашидов ва ҳали ўйини йўқолмаган айрим футболчиларнигина сақлаб қолиб, қолганини иштиёқли ёшлар билан тўлдириш керак. Ўшандаям захира ўриндиғи ёши катта, тажрибали футболчилар билан кўпроқ “дийдорлашсин”. Ёш ва иштиёқи баланд футболчилар, бугунги чемпионларга эса кўпроқ имконият бериш лозим. Бу ёғи энди терма жамоани бошқарадиган мураббийга боғлиқ.

Фикримиз сўнггида барча юртдошларимизни Осиё чемпионлиги билан табриклаймиз. Ўалабаларимиз бардавом бўлсин.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 16:57, 27.01.2018.
Ўқилди: 10465 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.