Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Равшан Хайдаров: «Ички муҳит аъло даражада эди»

Баҳо:
+ | -

Дунёнинг энг кўп аҳолиси истиқомат қиладиган Хитойда Осиё чемпионига айланган Ўзбекистон олимпия (U-23) терма жамоаси якшанбадан душанбага ўтар кечаси юртимизга қайтиб келди.

Урумчи шаҳридан учган ҳаво лайнери бизнинг вақт билан соат 23:50да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Ярим тун, ҳаво ҳарорати тахминан 12-15 даража совуқ бўлишига қарамай, ўз қаҳрамонларини кутиб олиш учун минглаб ҳамюртларимиз аэропортда ҳозир бўлишди.

Ҳукуматимиз томонидан тантанали кутиб олиш маросимини юқори савияда ўтказиш учун кенг кўламдаги ишлар амалга оширилгани шундоққина кўриниб турарди. Терма жамоамиз аъзолари икки қаватли махсус автобусларда асосий тадбир ўтказилувчи «Ўзбекистон» меҳмонхонаси томон йўлга тушишди.

Биз ана шу автобусларнинг бирида терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаровдан эксклюзив интервью олишга муваффақ бўлдик. Равшан Акмалович аэропортдан то «Ўзбекистон» меҳмонхонасигача бўлган йўлнинг четида турган минглаб ҳамюрт­ларимизни кўриб, ўз ҳайратини яшира олмади.

- Очиғи, хайратимни яшира олмаяпман,-дея сўз бошлади олимпиячиларимиз устози. - Шу даражада кутиб олишади деб сира ўйламагандим. Кўчаларга чиққан минглаб ҳамюртларимизни кўриб хайратим янада ошиб кетяпти.

Демак, футбол мухлислари катта ғалабаларни соғиниб қолишган экан. Бу эса бизга янада қўшимча масъулият ва куч бағишлайди.

- Бундай нуфузли мусобақаларда осон ғалабалар бўлмайди. Лекин ана шу қитъа чемпионатида ўтказган ўйинларимиз орасида энг мураккаби қайси бўлди?

- Энди финал ҳар доим ўз номига яраша қийин кечган. Осиё чемпионатининг финали ҳам бундан мустасно эмас. Қийинчилиги - биринчи галда об-ҳаво билан боғлиқ. Бундай шароитда чиройли футбол намойиш этишнинг сира ҳам иложи йўқ.

Фақат натижа учун ўйналади. Финалдаги рақибимиз Вьетнам шу ергача етиб келиб, аллақачон миллат қаҳрамонига айланиб улгурганди. Улар ўз олдиларига қўйилган вазифани ортиғи билан бажариб бўлишганди.

Шу жиҳатдан ҳам уларда ортиқча босим йўқ эди. Биз эса аксинча, учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Шуларни инобатга олган ҳолда футболчиларни руҳий томондан тайёрлашга ҳам эътибор қаратдик. Якунда қийинчилик билан бўлсада ўз ниятимизга эришдик.

- Япония ва Жанубий Кореяга 4тадан гол урган футболчиларда Вьетнамга қарши ўйин олдидан хотиржамликка берилиш ҳолати бўлиши мумкин эди. Бундай мураккаб вазиятда қандай йўл тутдингиз?

- Тўғри айтасиз. Бу каби ҳолатлар аввал ҳам бўлганди. Шуларни ўйлаб ҳам футболчилар билан жиддий тарз­да гаплашиб олдик, уларга тушунтирдик. Ўзлари ҳам буни яхши англаб етишган эди. Бир нарсани айтишим керак, Япония ва Жанубий Корея бизнинг футболчилар ўзларининг энг пик, яъни юқори спорт формасига кириб олган бир пайтда дуч келиб қолди.

Ишончим комил, бу пайт­да бошқа кучлироқ жамоани ҳам футболчиларимиз мағлуб эта олишарди. Лекин гуруҳ босқичини қийинчилик билан бошладик. Аввалига мағлубиятга учрадик. Кейин иккита ўйинда ғалаба қозониб, чорак финалга чиқиб олдик. Бундай катта турнирларда бир маромда ўйин намойиш этишнинг ўзи мушкул.

Ана шу синовларда футболчиларнинг характери тобланади. Мени қувонтирган ҳолат, жамоамиз ўйиндан-ўйинга кучайиб борди. Боз устига, ички муҳит ҳам аъло даражада эди. Мана шу сифатлар жам бўлиб, биз ўзимизнинг олий мақсадимизга эриша олдик.

- Характер ҳақида сўз очдингиз. Ҳақиқатан ҳам, илк ўйинда Қатарга имконият бой берилганидан кейин кўпчиликда жамоамизга нисбатан ишончсизлик руҳи уйғонганди. Бу қийин вазиятда қандай йўл тутдингиз?

- Биласизми, биз гуруҳдан чиқа олмаслигимиз ҳам мумкин эди. Лекин Осиё чемпионатига фақат гуруҳ босқичида иштирок этиш учун келмагандик.

Айнан шу жамоамиз бундай ҳолатларга аввал ҳам тушган ва ўз ўрнида қандай чиқиб кетишни ҳам биларди. Битта ўйинда ютқазибоқ қўлни тушириш нотўғри бўларди. Ёдингизда бўлса, Бурирамдаги турнирнинг илк ўйинида Мьянма билан аранг дуранг натижа қайд этгандик. Аммо, шунга қарамай, якунда чемпион бўла олган эдик.

Ўз тажрибамда ҳам бунга кўп бор дуч келганман, яъни ҳамиша биринчи ўйин қийин кечган. Қатар билан бўлиб ўтган баҳсда устунликка эга бўлдик. Лекин буни натижада исботлай олмадик. Рақибларимиз қарши ҳужум тактикасида ўйнаб, бизни жазолашди.

- Вьетнам терма жамоаси сизни қай жиҳатлари билан ҳайрон қолдирди?

- Жуда яхши шаклланган жамоа. Тасодиф туфайли финалгача етиб келди, деган фикрларга қўшилмайман. Таиланддаги турнирда ҳам бу термади тўқнаш келгандик. Ўшанда ҳам уларни қийинчилик билан ютгандик.

Вьетнамнинг Австралияга қарши кечган учрашувини кўрган бўлсангиз, бу фикримга сиз ҳам қўшиласиз. Вьетнам ўз гуруҳида кучли ҳисобланган Сурия ва Жанубий Кореяга муносиб тарзда қаршилик кўрсатди.

- Финалнинг қўшимча бўлимлари сўнгги дақиқалари ўтиб бораётган бир пайтда Сидоровни майдонга туширдингиз ва унинг биринчи тўпга тегиниши гол билан якунланди. Бу ўзгариш аслида пенальтилар сериясига тайёргарлик кўриш эдими?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда. 
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:07, 07.02.2018.
Ўқилди: 3609 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.