Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

“Насаф”нинг “кўринмас” таянчлари ҳақида чиройли мақола ёзилди

Баҳо:
+ | -

Ҳар бир футбол жамоасини тўлақонли фаолият юритиши учун кўп мутахасислар меҳнат қилишади. Футболда аҳамиятсиз ва майда нарсалар бўлмайди. Жамоанинг ўйинга тайёрланиши, учрашувга тайёрланиши учун ҳар доим катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилади.

Ҳамма футбол жамоаларида бўлгани каби, “Насаф”да ҳам меҳнат қилаётган ана шундай инсонлар бор. Аммо улар ҳақида матбуотда камроқ ёзилади ёки умуман тилга олинмайди. Юқорида таъкидлаганимиздек бундай мутахасисларсиз футбол жамоаси ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ходимларимизнинг жамоамиз эришган ютуқларида ҳам улкан ҳиссалари бор. Уларни жамоамизнинг ҳақиқий таянчлари десак, муболаға бўлмайди.

Биз ана шундай жонкуяр ва меҳнаткаш мутахасисларимиз ҳақида ёзишга қарор қилдик.

Шулардан бири,  массажчи Ҳамза Мавлановдир.

Ҳамза Мавлонов Чироқчи туманидаги Шамол қудуқ қишлоғида таваллуд топган. Бошланғич таълимни аввал Чироқчи туманида, кейин Қарши шаҳридаги 21-ўрта таълим мактабида давом эттирган. Мактабни тамомлагач, Қарши тиббиёт билим юртида таълим олган. Иш фаолиятини Вилоят марказий шифохонасида бошлаган, кейин Қарши шаҳридаги соғломлаштириш марказида ишлаган. 2003 йили Ҳамза Мавлоновни “Насаф” футбол клубига таклиф қилишади. Ана шу йилдан бошлаб у жамоамизда меҳнат қилиб келаяпти. Оилалик, тўрт нафар фарзанди бор.

Ҳамза Мавлонов табиатан камгап ва ўз ишига катта маъсулият билан ёндошадиган ходим ҳисобланади. Унга футболчиларимиз ўз акасидек мурожаат қилишади. Футболчиларимизнинг ҳолатини  ҳамиша назорат қилиб туради. Ҳоҳ учрашув пайти, ҳоҳ бошқа жойда бўлсин, у ҳамиша футболчиларимизга ёрдам кўрсатишга тайёр.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ҳамза Мавлановга бошқа клублардан чақирувлар кўп бўлган. Аммо у қадрдон жамоасини бошқасига алмаштирмади. “Насаф”га содиқ қолди. 

Ўз иши ҳақида.

-Жамоада массажчи бўлишим билан бирга, шифокоримизга ҳам яқиндан ёрдам бераман. Айниқса ўйин пайти биздан футболчига тез ва сифатли ёрдам кўрсатиш талаб этилади. Ўйингача эса ҳар бир футболчининг соғлиги назоратимизда бўлади. Уларнинг кунлик ҳаётидан ҳам доим хабардормиз. Футболчиларимизнинг соғлиги, кайфияти тўғрисида мураббийларимизни хабардор қилиб турамиз. Иш юзасидан доим жамоа билан биргаман. Четдан оддий иш бўлиб кўринсада, биздан катта маъсулият талаб этилади. Баъзан иш ҳажмимиз кўпайиб ҳам кетади. Ҳаммасига ўз вақтида улгуришимиз керак. Ишга энди келганимда кўникишим оғир бўлган. Кейинчалик кўникиб кетдим. Фаолиятим давомида кўплаб футболчилар билан, мураббийлар билан бирга ишладим. Уларнинг характери бир-бирига ўхшамайди. Аммо тил топишишга ҳаракат қиламан. Кўрган мураббийларим орасида энг талабчани бу – Бердиевдир. Бердиев учун футболда майда нарсанинг ўзи йўқ. Баъзан футболчи маълум сабабларга кўра, соғлиги юзасидан ўйинга тайёр бўлмай қолса, ўзингни айбдор сеза бошлайсан. Имкон қадар бу футболчини майдонга тушириш бўйича, зарур муолажаларни қилишга тўғри келади. Бу ишинг футболчига ёрдам берса, яхши. Аммо ёрдам бермаса, ўзингни қўярга жой тополмай қоласан.

Футбол жамоасида ишлганингдан кейин, футболчини ўз фарзандинг каби кўришга тўғри келаркан. Уларнинг вақтида дам олишини, овқатланишини, керакли витаминларни истеъмол қилишини ҳам назорат қилишга тўғри келади.  

Футбол соҳасида янгиликлар яшин тезлигида кўпайиб бормоқда. Ишимга тегишли янгиликлардан бохабар бўлишга ҳаракат қиламан.

“Насаф”да ишлаётганимдан мамнунман.

Энди массажчимиз Андрей Безбородов ҳақида.

Андрей Қарши шаҳрида туғилган. 9-сонли ва 1-сонли ўрта таълим мактабларида ўқиган. Массажчилик бўйича махсус билим юртида таълим олган. 2008-2012 йилларда Ғузорнинг “Шўртан” клубида ишлайди. 2013 йилдан “Насаф” клубида ишламоқда. Оилалик, бир нафар ўғил фарзанди бор.

Табиатан юмшоқ кўнгилли, хушмуомалали, ўз ишига маъсулият билан ёндошадиган Андрейни жамоадагиларнинг ҳаммаси ҳурмат қилади. У ҳамиша жамоа билан бирга. Футболчилар унга тез-тез мурожаат қилиб туришади ва ундан доимо мамнун.

Андрейни “Насаф”га келиши қандай бўлган? Биз бу савол билан Безбородовга мурожаат қиламиз.

-2012 йили эди, менга жамоамиз массажчиси Ҳамза Мавланов телефон қилди ва “Насаф”да ишлашимни ҳоҳлайманми ёки йўқлигини сўраб қолди. Тўғриси, ким ҳам “Насаф”да ишлашни ҳоҳламайди дейсиз. Мен унга розилигимни айтдим ва мени суҳбатга таклиф қилишди. Клуб раҳбари ва бош мураббий билан суҳбат бўлгач, мени ишга қабул қилишди. Шу пайтдан бошлаб, “Насаф”да ишлаб келаяпман.

Массажчининг иши нимадан иборат?

-Жамоа массажчиси, том маънодаги ишидан ташқари ҳам талай ишларни амалга ошириши керак бўлади. Биз массажчилар асосан футболчиларни ўйинга тайёрлаш ва ўйиндан кейинги тикланишида ёрдам кўрсатамиз. Керак бўлганда футболчиларни даволашда шифокоримизга ёрдам берамиз. Бундан ташқари машғулот ва ўйин пайти футболчилар истеъмол қиладиган ичимликларни (махсус чой ёки сув) тайёрлаймиз. Керакли пайтда уларни массаж қиламиз. Бундан ташқари, мураббийларимизга  футболчилар билан боғлиқ ташкилий ишларда ёрдам берамиз. Масалан, уларнинг вақтида машғулотларда қатнашиши, овқатланиши, дам олиши ва шунга ўхшаш ишларда.

Бундай иш Безбородовга ёқадими? 

-Албатта ёқади, ўз ишингни севмасанг, сендан бировга наф бўлмайди. Мураббийлар қатори, биз массажчилар, ҳар бир машғулотга ёки учрашувга катта маъсулият билан ёндошишимизга тўғри келади. “Насаф”да катта ёки кичик учрашув йўқ. Мураббийларимиз жуда талабчан. Ҳамма учрашувларга бирдек тайёргарлик кўрилади. Назардан қолган ҳар бир кичик нарса, жамоанинг ўйинига салбий таъсир қилиши мумкин. Албатта, ўз ишим билан шуғулланиш билан бирга, жамоамга мухлисман ҳам. Агар жамоам ғалаба қозонса, чексиз хурсанд бўламан. Жамоамга фойдам текканидан қувонаман. Аммо ютқазсак...

Футбол жамоасида ишласанг, таншилар ҳам кўпаяркан. Мен ишим орқали жуда кўп танишлар ортирдим. Танишимлар орасида маҳаллий мутахасислардан ташқари хорижликлар ҳам бор. Улар билан суҳбат қилиш имкони бўлганда тажриба ҳам алмашамиз. Футболда сафарлар ҳам жуда кўп бўлади. Уйда кам бўламан. Аммо турмуш ўртоғим фарзандимга йўқлигимни билдирмасликка ҳаракат қилади. Уни кўпинча ҳам она, ҳам ота бўлиши талаб этилади. Умуман мен оиламдан, ота-онамдан ва бувимдан миннатдорман. Чунки улар мени тўғри тарбиялашгани, ҳаётда тўғри йўл танлашимдаги ҳаракатлари мен учун жуда қадрлидир.

Андрей бўш пайтларини қандай ўтказади?

-Футболда ишлайдиганларга мавсум давомида бўш пайтлари камдан-кам бўлади. Аммо шундай вақт бўлганда, унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Аввало оиламга ва фарзандимга вақт ажратаман. Севимли машғулотларимдан бири, бу балиқ ови ҳисобланади. Бу отамдан ўткан. Балиқ овлашни, сувда сўзишни жуда ёқтираман. Қисқаси, бўш вақтда яхши дам олишга ҳаракат қиламан. Бу ўз вазифамни яхши бажаришимга асқотади.

Биз бу ходимларимизнинг ишидан мамнунмиз. Уларнинг шахсий ҳаётида ва иш фаолиятида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Манба: www.fcnasaf.uz
Киритилди: 19:40, 16.02.2018.
Ўқилди: 4859 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.