Кеча, 29 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Суперлига бош ҳакамлари ва лайнсменлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси бошлиғи Маъмур Саидқосимов, бош ҳакамлар ва лайнсменлар иштирок этишди.
Шунингдек, тадбирда ФИФА рефереси, дунёнинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов сўз олиб, ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Аввало, бизни ҳар томонлама қўллаб қувватлаб, бизга барча шароитлар яратиб берилаётгани учун ЎФА раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман.
Ҳозир футболимизда янги давр бошланмоқда. Энди биз ҳакамлар ҳам мана шу даврга ҳамоҳанг тарзда бошқача иштиёқ билан учрашувларни бошқаришимиз,тинмай ўз устимизда ишлаб, малакамизни ошириб боришимиз керак.
Ҳакамлар қанча кам хатога йўл қўйишса, учрашувлар шунчалик қизиқарли ва шиддатли ўтади. Биз Европа футболига интилиб ишлашимиз керак. Европада ҳакамлар майдонда кураш кечишига имкон беришади. Ҳадеб ҳуштак чалавериб, ўйиннинг шиддатини ўлдириб қўйишмайди.
Биз футболчиларимизни халқаро майдонда ўйинларга чиниқтириб боришимиз керак. Шундагина терма жамоа таркибида катта мусобақаларда иштирок этганда, футболчиларимиз курашга, шиддатга тайёр бўлишади.
Ўйинлар шиддатини ошириш учун учта ҳолатда футболчиларга сўзсиз сариқ карточка кўрсатилиши керак: Симуляция, ўйин вақтини чўзишга бўлган ҳаракат ва ҳакам билан тортишиш.
Шунда футболчилар ҳам бу каби ҳолатлардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилишади”, - деди Равшан Эрматов.