Бугунги кунда «Тоттенхэм» сафида тўпурарлик салоҳияти намойиш этиб, кўплаб гранд клублар оромини ўғирлаётган Гарри Кейн ўтмиши ва футболчилик фаолиятидаги энг ёрқин лаҳзаларни ёдга олди.
Демак, маҳоратли ҳужумчининг тақдири қандай кечганини унинг ҳикояси орқали билиб оламиз.
***
Болаликдаги арзимаган омадсизликлар кишига турлича таъсир қилади. Кечагидай ёдимда, ушбу воқеа Чингфорддаги уйимиз ёнидаги боғда юз берганди. Биз - дадам ва укаларим доим шу ерга футбол ўйнагани келардик
Арзигулик майдон бўлмаса-да, иккитагина дарахтни дарвоза деб фараз қилганча тўп ортидан югуришни қўймасдик. Муҳими, биз шунга ҳам хурсанд эдик. Ўшанда «Арсенал» ёшлари сафида ўйнардим ва бу мен учун берилган катта имкон эди.
8 яшарлигимда дадам билан яна ўша боққа бордик. Кутилмаганда отам тўхтади-да, менга шундай деди: «Сенга бир муҳим бир гапни айтишим лозим». «Нима бўлди?», деб сўрадим хавотирланганча.
Ўшанда дадам айтган гаплар ҳанузгача қулоғим остида жаранглайди: «Биласанми, Гарри, «Арсенал» сени рад қилди». Ростини айтсам, ўша лаҳзаларда нималарни ҳис қилганимни эслай олмайман.
Ҳатто бу сўзлар замирида нима ётганини англай олмайдиган даражада кичкина эдим. Аммо отамнинг муносабати ҳамон ёдимда. У на мени ва на «Арсенал»ни сўкди.
Ташқи кўриниши ҳам бу воқеага бефарқлигини кўрсатарди. Шунчаки, «Хафа бўлма, Гарри. Биз янада кўпроқ ишлаб, сенга бошқа клуб топамиз, хўпми?», - деди холос.
«Арсенал»дан кейин биринчи жамоамга қайтдим ва «Уотфорд» скаутларининг назарига тушдим. Улар менга кўрикдан ўтишни таклиф қилишди. Ҳаёт барибир қизиқ - «Уотфорд»нинг «Тоттенхэм»га қарши ўйинидан сўнг «шпорлар» менга ўз академиясида ўқишни таклиф қилди.
Оқ ранг менга кўпроқ мос келади, фикрим шундай. «Арсенал»га қарши илк ўйиним ҳам эсимда... Ўшанда уларга нисбатан хафагарчилигим бор эди.
Ҳозир қанчалик қизиқ туюлмасин, аммо 8 ёшдалигимни эътиборга олсак, доим уларга қарши майдонга тушганимда: «Кўрамиз, қай биримиз ҳақ эканмиз», деган фикр хаёлимдан ўтарди. Ҳозирга келиб айтишим мумкинки, бу мен билан содир бўлган воқеалар ичида энг яхшиси бўлган.
Зеро, ўша воқеа ўз устимда янада кўпроқ ишлашга туртки бўлиб хизмат қилди ва бунга қадар айнан шу нарса менга етишмасди.
***
Бугунга келиб Премьер-лигадаги 100-голимни урганимдан бахтиёрман. «Тоттенхэм» мени бошқа клубга икки йилга ижарага юборганида эса тез-тез ўзимга-ўзим «Премьер-лигада ҳеч бўлмаса биттагина гол уриш бахтига муяссар бўлармиканман?» - деган саволни берардим.
Бундан ташқари, ижарада юрган пайтларим ҳам менга кўп нарсадан сабоқ берди. 2012 йили «Миллуол»да ўйнаганимда, биз қуйи лигага «қулаш» остонасига келиб қолдик. Маҳаллий фанатларнинг ҳис-туйғулари юқорилиги барчага маълум.
Илк бор мазкур жамоа таркибида майдонга тушганимда, ҳакам менга нисбатан нотўғри қарор қабул қилганида буни кўрдим. Кейин нималар бўлганини тасаввурга сиғдириш қийин!
Трибуналардан учмаган нарсанинг ўзи қолмади ва оқибатда, баҳсни тўхтатиб, фанатларни тинчлантиришга тўғри келди. Ўшанда эндигина 18 ёшда эдим. Барчасига назар ташларканман: «Ахир бу ҳақиқий жиннилик-ку!», деган фикр келди хаёлимга.
Мавсум давом этар, биз тобора жадвалнинг қуйи қисмига тушишда давом этардик. Кийим алмаштириш хонасида жамоадошларимнинг ўзаро гап-сўзлари эса мени янада қайғуга соларди:
«Агар лигадан тушиб кетсак, маошимни икки бараварга камайтиришлари аниқ» ёки «Биз лигада қолмасак, ҳеч қандай шартномага эга бўлмайман» каби. Шерикларим орасида уйида фарзандлари кутаётганлар ҳам кўп эди ва уларни кўриб футболга бутунлай бошқача кўз билан қарай бошладим.
Энди спортнинг бу тури шунчаки ўйин бўлибгина қолмай, оилани боқиш учун имконият эканлигини ҳам англаб етдим. «Миллуол»даги фаолиятим менга кўп нарсани ўргатди, энди майдонда ўзимни боладай тутмайдиган бўлдим.
Билмадим-у, аммо жамоамизнинг лигада жон сақлаб қолишида озми-кўпми ҳисса қўшганимдан ҳозиргача ўзимни бахтиёр сезаман. Ахир ёмон ўйин кўрсатмагандим-да. Бу эса ўз ўрнида, «Миллуол»даги фанатлар билан яхши алоқа ўрнатишимда асқотди.
***
Ўзимча «шпорлар» мени жамоада сақлаб қолишлари учун етарлича жон куйдирдим, деб ўйлаб юрганимда... афсуски, мени бошқа бир клубга ижарага беришди. Айнан шу даврдан бошлаб, мен учун ўта оғир кунлар бошланди.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.