ЦСКА ҳимоячиси Василий Березуцкий ўзи ва акаси Алексей Россия терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини айтди.
«Бир йил олдин Россия терма жамоасидаги фаолиятимни тўхтатганимни айтган эдим. Ёшим ва энг асосийси соғлиғимни инобатга олиб, клубдаги фаолиятимга эътибор қаратишни маъқул кўрган эдим. Энди эса, чуқур муҳокама ва мулоҳазалардан сўнг, терма жамоадаги фаолиятни якунлашга қарор қилдик.
Биламан, жаҳон чемпионатига уч ой қолди. Бироқ, соғлиғимиз терма жамоа учун бор кучимизни сарфлаш имкониятини бермайди» - деди Василий Березуцкий.
Эслатиб ўтамиз, эгизаклар Василий ва Алексей Россия терма жамоасидаги фаолиятини 2003 йилда бошлаган. Василий ҳисобида 101та, Алексей ҳисобида 58та ўйин бор.