Мамлакат миллий чемпионати Суперлигасида бугун ёшлар таркиблари ўртасидаги баҳсни “Металлург” – “Қўқон 1912” жамоалари Бекобод шаҳридаги А.Анохин номидаги стадионда бошлаб беришди. Дастлабки икки турдаги ғалабадан руҳланган йигитларимиз бу сафар ҳам мухлисларни хурсанд этишга жиддий бел боғлашганди, бунинг уддасидан чиқишди. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ меҳмонлар дарвозасига иккита тўп киритиб олган металлургчилар якунда ўз дарвозалари даҳлсизлигини сақлаб қолишди ва учинчи ғалабаларини расмийлаштиришди.
Бевосита ўйин тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, кун бўйи ёққан ёмғир ўйиннинг сифатига таъсир этмасдан қолмади. Аксарият вазиятларда ёш футболчилар сирпанқич тўпни ўзларига бўйсундиришга қийналишди. Бу айниқса биринчи таймда яққол сезилди. Бундай об-ҳаво шароитидаги майдонга биринчи бўлиб мезбонлар мослашишди. Қолаверса, мавсум арафасида асосий таркиб аъзолари орасида шуғулланган 4-5 ёшларимиз майдонда бошқалардан яққол ажралиб туришди. Айниқса, ҳимоя чизиғи вакиллари – Худойшукур Сатторов, Андрей Шипилов, Аброр Тошқўзиев сингари ёшларимиз ўз вазифалари қолиб, ҳужумчилар ишини ҳам бекаму кўст бажаришди. 32-дақиқада Аброр Тошқўзиев муваффақият қозонган бўлса, ҳакам томонидан биринчи бўлимга қўшиб берилган компенсация вақтида Худойшукур Сатторов стандарт вазиятдан унумли фойдаланди.
Шундай қилиб, учта учрашувдан сўнг юз фоизлик натижа қайд этиб турган Артём Петросян шогирдлари Ёшлар лигасида якка пешқадам бўлиб турибди.
Ёшлар лигаси
3-тур
«Металлург» - “Қўқон-1912” – 2:0 (2:0)
Бош ҳакам: Б. Юльчараев
Голлар: А.Тошқўзиев, 32, Х.Сатторов, 45.
“Металлург”: 25. Темур Тўйчиев, 4. Адрей Шипилов, 5. Абдувоҳид Ғуломов, 7. Жамшид Юсупов, 8. Абдулборий Олимов, 10. Дониёр Ҳошимов, 11. Муҳаммад Султонов, 13. Абдуллох Икромов, 14. Аҳрор Тошқўзиев, 17. Сарвар Сатторов, 20. Худойшукур Сатторов.
Захира: 50. Акобир Қаюмов, 2. Фаррух Содиқов, 6. Жасур Рустамов, 9. Ҳусниддин Салойдинов, 16. Аслиддин Абдураҳмонов, 18. Маҳмуджон Норқўзиев, 19. Иброҳим Турғунбоев.
“Қўқон-1912”: 30 Ислом Абдуллаев, 4. Ислом Тошпўлатов, 5. Иброҳим Ғофуров, 10. Иброҳим Мухторов, 11. Муслим Қурбонов, 14. Аваз Маматхўжаев, 17. Дилшод Баратов, 18. Достон Мелиқўзиев, 25. Исмоил Охунжонов, 97. Ойбек Рустамов, 98. Савелий Абрамов.
Захира: 12. Муҳаммадали Собиров, 8. Бахтиёр Абдубаннонов, 9. Рамзбек Исақов, 23. Мўмин Содиқжонов, 26. Исмоил Толипов, 70. Аваз Юсуфжонов, 85. Иброҳим Усмонов.